Линклар

Шошилинч хабар
23 июн 2021, Тошкент вақти: 07:18

АОКА раҳбари Фарғона водийсидаги журналист ва блогерларни ҳам огоҳлантирди


Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директори Асаджон Ходжаев

27-28 ноябрь кунлари Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директори Асаджон Ходжаев Наманган ва Фарғона вилоятларидаги журналист ҳамда блогерлар билан учрашди.

Расмий баёнотларда АОКА раҳбари маҳаллий матбуот, айниқса Интернет нашрлари журналистлари ва фаол блогерлардан, ўз таъбирича, “асосланмаган, охиригача ўрганилмаган, шахсиятга тегадиган материаллар”ни бермасликни сўраган.

Аммо учрашувда қатнашган журналистларга кўра, республика миқёсидаги хусусий нашрларни расман огоҳлантирган А. Ходжаев энди вилоят ОАВдан ҳам газ-свет муаммосидан норози аҳоли чиқишларини “ўта эҳтиёткорлик билан ёритиш ҳақида огоҳлантирган”.

26 ва 27 ноябрь кунлари Kun.uz, Gazeta.uz, Podrobno.uz ва Daryo.uz нашрлари баъзи танқидий чиқишлари учун “ҳуқуқий оқибатлардан” АОКА расман огоҳлантирганини билдирган ва буни ўзларига нисбатан босим, деб баҳолаган эди.

АҚШ, Буюк Британия ва Германия дипломатлари ҳамда чет эл инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу ҳолатни, Шавкат Мирзиёев ваъда қилган ислоҳотларга зид, демоқда ва президентдан зудлик билан вазиятга аралашишни сўрамоқда.

"Ходжаевнинг вилоятларга юриши"


АОКА раҳбарининг Наманган вилоятидаги журналист ва блогерлар, ахборот хизмати раҳбарлари билан учрашуви ҳақида вилоят ҳокимлиги хабар қилди.

Расмий хабарда айтилишича, 28 ноябрь куни Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтган учрашувда АОКА раҳбари матбуотдаги танқидий чиқишларга асосий эътиборни қаратган.

“Назаримда, нафақат тезкорлик, балки холислик тамойилларига ҳам риоя этиш, факт-далиллар асосли эканлигига ҳам эътибор қаратишимиз зарур", дея иқтибос келтирди вилоят ҳокимилиги матбуот хизмати Асаджон Ходжаевдан.


Ходжаев билан Фарғона шаҳрида учрашган маҳаллий журналистлардан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, аслида АОКА раҳбари учрашувларда асосий эътиборни энергия тақчиллигидан норози аҳолининг кайфияти ва бунинг матбуот ёки ижтимоий тармоқларда ёритилишига қаратган:

“Гапнинг лўндасини айтсам, аҳоли кўтарилиши мумкин, деган хавотир бор, шекилли. Шунга оммавий ахборот воситаси сифатида эҳтиёткорлик билан бу мавзуларни кўтаринг, масалани ҳар томонини ўйланг, дегандек бўлди, назаримда. Лекин блогерлар ва журналистларнинг оғзини ҳам ёпиб қўёлмаймиз, қўлимиздан фақат огоҳлантириш келади, деган маънода гапирди. Ижтимоий муаммоларни кўтараётган айрим блогерларга раҳмат ҳам айтди”.

Яна бир фарғоналик журналист эса, агентлик раҳбарининг икки қўшни вилоят журналистлари билан кетма-кет учрашувини “Ходжаевнинг вилоятларга юриши” деб баҳолади.

“Ходжаевнинг Фарғонадаги йиғилиши соат 21:30 да тугади, оқшом. Тошкентдаги нашрларни бирма-бир огоҳлантирганидан кейин вилоятларга юриш бошлади. Асосан, шу свет-газни гапирма деяпти", деди исми сир қолиши шарти билан вазиятни қисқагина шарҳлаган фарғоналик журналист.

Оммавий норозилик лавҳасидан кейинги эътироз


Бунга қадар Zo’rTV ахборот дастури журналистлари Қаршида газ-свет тақчиллигидан норози аҳоли йиғини акс этган лавҳа ортидан телеканал АОКА томонидан огоҳлантирилгани ва бу мавзудаги чиқишларни чеклаганидан шикоят қилган.

Телеканал муҳаррири Озодлик билан мулоқотда бу шикоятни рад этди.

Аммо мухбирларга ТВ раҳбариятидан йўлланган кўрсатма Озодликка тақдим қилинган ва унда аҳоли норозилиги, оммавий йиғинларга дуч келганда, “суҳбатдошни омма йиғилган ҳудуддан четга тортиб, алоҳида интервью олиш” ҳақида топшириқ борлиги айтилган.

Муҳаррирдан йўлланган кўрсатмада айтилишича, “АОКА ва яна бир қатор ташкилотларда” айнан Zo’rTV да Қаршидан узатилган лавҳада митинг намойиши кўрсатилган ва бу “давлат имижига минус таъсир қиладиган ҳолат” деган эътироз билдирилган.

Вазифасини "эплай олмаётган" АОКА огоҳлантириши

Аввалроқ Ўзбекистондаги тўрт етакчи интернет нашри – Kun.uz, Podrobno.uz, Daryo.uz ва Gazeta.uz АОКАдан огоҳлантириш хати олганини эълон қилган эди.

Gazeta.uz, Daryo.uz, Podrobno.uz, Repost сайтларида жойлаштирилган материалларда "коронавирус инфекцияси билан касалланганлар статистикаси шубҳа остига олинган".

Бу нашрларнинг иккита расмий манба - президент матбуот хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирус беморлари сони ҳақида берган рақамлари ўртасида тафовут борлигини ёзгани АОКАнинг эътирозларига сабаб бўлган.

Daryo.uz нашри бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев, буни "олдига қўйилган кўплаб вазифалардан бирини (масалан, матбуот хизматлари фаолиятини лозим даражада мувофиқлаштиришни) эплай олмаётган давлат ташкилотининг ёқимсиз бир огоҳлантириш хати", деб баҳолади:

"АОКА эса жамоатчиликда нотўғри фикрлар шакллантириши мумкин бўлган тўла текширилмаган маълумотларни тарқат(аёт)ган, шунингдек, ОАВнинг долзарб масалалар бўйича сўровларига жавоб бермаётган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматларини тартибга чақириши мақсадга мувофиқдир".

Мустақил Интернет нашрларига босим

Қолган Интернет нашрлари ҳам президент девони ҳузуридаги агентликдан борган бу огоҳлантиришни сўз эркинлиги жиддий босим сифатида баҳоламоқда.

Podrobno.uz таҳририяти эса “баъзи оқибатлар”га ишорат қилинган ёзма огоҳлантиришлар ОАВга босим сифатида қабул қилиниши мумкин”, деб ёзди.

Gazeta.uz нашри ҳам “огоҳлантириш хатига таҳририятни «ноқулай» саволлар беришдан тўхташга мажбур қилишга уринишни эслатадиган кескин жавоб деб қараймиз”, деб муносабат билдирди.

25 ноябрь куни мамлакатда энг катта виртуал аудиторияга эга бўлган Kun.uz нашри эса тўғридан-тўғри газ-свет муаммосини ёзгани учун АОКА томонидан огоҳлантирилди.

Ушбу сайтда, мамлакатда кузатилаётган энергетик инқироз ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган “қизиқарли ва танқидий постлар” жамланган.

Бу постлар “Kun.uz сайтида эълон қилиниши ортидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Ходжаев таҳририятни нохолисликда айблади ва «жиддий ҳуқуқий оқибатлар»дан огоҳлантирди. Таҳририят буни ўзига "босим ўтказиш" деб атади.

АОКА раҳбарияти мамлакатдаги ОАВга юборилган огоҳлантиришлар юзасидан Озодлик саволларига ҳануз жавоб бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG