Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:17

Ҳукуматдаги партиялар давлат тилида мурожаат қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини рад этди


Парламентда овоз бериш натижаси акс этган экран, 27 апрель, 2021
("Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодиров Телеграм-канали)
Парламентда овоз бериш натижаси акс этган экран, 27 апрель, 2021 ("Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодиров Телеграм-канали)

"Миллий тикланиш" партиясининг давлат идораларига давлат тилида мурожаат қилиш таклиф қилинган лойиҳаси парламентда қабул қилинмади.

Ўтган сайловларда Мирзиёев номзодини илгари сурган Бош вазир Ариповнинг иқтидордаги Ўзбекистон либерал демократик партияси ҳамда Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаси спикерлари мансуб Халқ демократик партияси лойиҳага қарши овоз берди.

Ижтимоий тармоқларда қонун лойиҳасининг рад этилиши кескин танқидларга сабаб бўлди.

Қонунчилик палатаси депутатлари "Миллий тикланиш" партиясининг давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлсин, деган таклифини қабул қилмади.

Партия муҳокама учун киритган лойиҳада Ўзбекистондаги давлат идораларига мурожаатлар давлат тили - ўзбек тилида бўлсин, бошқа тилда бўлса давлат тилига таржимаси илова қилинсин, деган талаб белгиланган:

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.

Бошқа тилларда мурожаат қилинган тақдирда мурожаат матнининг давлат тилига таржимаси илова қилиниши шарт.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар давлат тилида баён қилинади".

Бу ўзгартиришларни "Давлат тили тўғрисида"ги қонуннинг 13- моддасига киритилиши сўралган.

Аммо, 27 апрель кунги муҳокамада бу лойиҳа 58 депутат маъқуллади, 48 нафари қарши бўлди, 12 депутат овоз бермади, 5 нафари эса бетараф қолди. Натижада, бу лойиҳа 65/58 нисбатда қабул қилинмади.

Бу ҳақда илк хабар қилган "Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров, ўз саҳифасида, Қонунчилик палатаси депутатлари танловига шундай муносабат билдирди:

“Бир ҳамкасбимизнинг “бизга ва фарзандларимизга ўзбек тилини ўрганиш қийин, биз ўз тилимизда мурожаат қилишни ҳоҳлаймиз” деган гапи ҳам ғурурига тегмаган 65 та депутат... Ўзбек тили ожиз... Бу масалага, ўлмасак, 10 йилдан кейин қайтарканмиз. Ҳозирча узр, овозимиз камлик қилаяпди."

Миллий тикланиш партияси раиси Алишер Қодиров
Миллий тикланиш партияси раиси Алишер Қодиров

Ушбу қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида "Миллий тикланиш" фракцияси раҳбари, депутат Алишер Қодиров ҳамда ЎзЛиДеП аъзоси, депутат Расул Кушербаевлар ўртасида тортишув ҳам юзага келди.

Алишер Қодиров: "Ҳаммани ўйлаш албатта яхши, ўйлаяпмиз ҳам, бу қонун лойиҳасида биронта бошқа миллатли ватандошларимиз ҳуқуқини камситадиган норма йўқ... лекин бу меҳрибонлик ўзимизни камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак" дея таъкидлади.

Унинг бу чиқиши ортидан Расул Кушербаев: "Масала давлат тилида иш юритиш ҳақида кетмоқда. Марҳамат давлат ишлари билан боғлиқ масалаларда давлат тилига амал қилишни кучайтирайлик. Лекин бир тилни бу мамлакатдаги барча учун мажбурий "халқ тили"га айлантиришдан тийилайлик. Чунки гап давлат тили ҳақида кетмоқда. Давлат тили эса битта-ўзбек тили, халқ тили эса кўп".

Парламент депутатларининг бу баҳси ва 27 апрель кунги қарори айни пайтда, тармоқларда қиғзин мунозара уйғотди.

Мустақил журналист ва публицист Нозим Сафарий ҳам қонун лойиҳасига қарши овоз берган депутатларнинг сиёсий мансублигига эътибор қаратди:

"48та депутат бунга қарши овоз берибди. Қизиқ, ким экан бу депутатлар? Қайси сайлов округидан сайланган? Билайлик айнан кимлар эканлигини? Ўша қарши овоз берганлар ўзи сайлаган халқининг фикрини ифода этибдими?"

Таниқли блогер ва математика ўқитувчиси " target="_blank">Исроилжон Тиллабоев ҳам депутатлар қарорини танқид қиларкан, сайлов тизимига урғу берди:

"Alisher Qodirov яқин йилларда ўзига нисбатан қилинган танқидларини мана шу Қонун ташаббуси билан ювиб юборди, бутун партияси билан бирга, лекин минг афсус сайловда 13 тагина одам сайлаган эканмиз бу партиядан, ХДП-ю бошқа ўзбек тилига қарши партиядагилар ўрнигаям шу партиядан овоз берсак бўларкан ўшанда, минг афсус, сайловда партиясига қарамасдан биринчи қаторда турган номзодга чизиб чиқиб кетишимизни энг катта жабрини кеча тотдик".

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фозил Фарҳод депутатларни "давлат тилини ҳурмат қилмайдиганлар" дея танқид қилди:

"Шу юртнинг нон-тузини еб яшаётган бошқа тилли юртдошлар давлат идораларига давлат тилида мурожаат қилсин, жавобни давлат тилида олсин, дейиляпти. Шу, холос. Сиз шу одилона таклифни қўлламасангиз, юксак ўриндиқларда лайлак ҳайдаб юрибсизми? Юртимизнинг, миллатимизнинг ўзбек тилини – давлат тилини ҳурмат қилмайдиган сиздай депутатлари борлигидан орланаман!"

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Дониёр Ғаниев ҳам бу ҳақда фикр билдирди:

"Фуқароларнинг ўзаро шахсий мулоқот тилини эркин танлаш ҳуқуқини кафолатлаш билан бир қаторда уларнинг давлат органлари билан расмий мулоқоти давлат тилида бўлиши муҳим. Акс ҳолда давлат тилини тушуниш ва ўрганиш эҳтиёжи ҳеч қачон яратилмайди".

1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига қарамай¸ давлат идораларида тўлиқ ўзбек тилида иш юритишга ўтилмагани мутахассис ва кенг жамоатчиликнинг танқидларига учраб келади.

2019 йил 22 октябрь куни президент Шавкат Мирзиëев “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон чиқариб¸ унда хусусан¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида 9 мутахассисдан иборат Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этишни топширган эди.

XS
SM
MD
LG