Боррель: ЕИ икки йил ичида Россия гази импортидан воз кечиши мумкин
Европа Иттифоқи икки йил ичида Россия газидан воз кечиш имконига эга бўлади. Бу ҳақда ЕИ ташқи сиёсат муассасаси раҳбари Жозеп Боррель Sky News Arabia телеканалига берган интервьюсида билдирган.
Боррель қайдича, Европа Россия энергия захираларини тақиқлашга уринмаяпти, бироқ ўз ҳудудига кириб келаётган товарлар диверсификацияси билан шуғулланмоқда.
Россия Украина ҳудудига бостириб кириши манзарасида март ойи бошида Еврокомиссия Россия хом ашёсидан тез орада воз кечиш режасини тақдим этган эди. Ҳужжатга мувофиқ, ЕИ жорий йил охиригача Россия гази истеъмолини учдан икки қисмга қисқартиради.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга кўра, ЕИга аъзо мамлакатлар Европа газ бозоридаги рақобатни бартараф қилиш учун газни биргаликда ва мувофиқлаштирган ҳолда сотиб олишни бошлашади. Бу ёқилғи нархини пасайтиришга ёрдам бериши керак.
Россиялик ҳарбийлар Волинь вилоятидаги нефть базасини нишонга олишди
Украинанинг Волинь вилоятидаги нефть базасига ракета зарбалари берилган. Бу ҳақда 27 март оқшомида вилоят ҳарбий маъмурияти раиси Юрий Погуляйко маълум қилди.
“Гумбурлаган портлаш овозларига келсак, бу нефть базасига берилган ракета зарбалари эди. Ҳаво тревогаси давом этмоқда. Пана жойларга яширининг”, деган украиналик мулозим.
Вилоят маркази бўлган Луцк шаҳри мэри Игорь Полишчук маҳаллий аҳолидан яширинган жойларидан чиқмаслик ҳамда портлаш содир бўлган жойлардан фото ва видеокадрларни эълон қилмасликни сўраган.
Роскомнадзор Россия ОАВ олдига Зеленский билан интервьюни ёйинламаслик талабини қўйди
Роскомнадзор Россия оммавий ахборот воситаларидан Украина президенти Владимир Зеленский билан интервьюни ёйинламасликни талаб қилди. Зеленский билан суҳбатда иштирок этган журналистларга қарши текширув бошланган.
“Роскомнадзор Россия ОАВни мазкур интервьюни чоп қилишдан воз кечиш зарурати ҳақида огоҳлантиради. Интервью олган оммавий ахборот воситаларига нисбатан уларнинг жавобгарлик даражасини аниқлаш ва жавоб чораларини кўриш учун текширув бошланган”, дея қайд этилган Роскомнадзор хабарномасида.
27 март куни Украина президенти Владимир Зеленский россиялик қатор журналистларга интервью берган, улар орасида “Медуза”, “Медиазона”, “Коммерсантъ” нашрлари ҳамда “Дождь” телеканали вакиллари бор эди.
Киев ва Москва вакилларининг галдаги музокаралари Туркияда ўтказилиши кутилмоқда
Украина ва Россия вакиллари ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раунди 28 – 30 март кунлари Туркияда бўлиб ўтиши керак. Бу ҳақда Украина делегацияси аъзоси ва “Халқ хизматкори” фракцияси раҳбари Давид Арахамия маълум қилди.
У томонлар мазкур учрашув ҳақида 27 март куни видеоконференция шаклида ўтказилган музокаралар чоғида келишиб олганларини қайд этди.
Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский Украина делегацияси билан учрашув ўтказилишини тасдиқлаб, музокаралар 29–30 март кунларига белгиланганини айтган. Москва вакили учрашув қаерда ўтказилишига аниқлик киритган эмас.