Heineken ва Carlsberg Россиядаги бизнесини тўхтатади
Пиво ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Heineken (Ҳолландия) ва Carlsberg (Дания) ширкатлари Россияда бизнес юритишни тўхтатмоқда.
"Ҳар қанақа ҳолатда ҳам биз 1800 нафар ходимимизнинг иш ҳақлари 2022 йил охиригача тўланишини кафолатлаймиз ва улар келажакда иш билан таъминланиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз”, дейилган Heineken сайтида.
Хабарномада ширкат Россиядаги мулкларини сотишдан фойда кўрмаслиги, аксинча 400 миллион евро зарар кўриши урғуланган.
Carlsberg хабарномасида эса Россиядаги бизнесини сотиш даврида ширкат учун ишлаган 8 мингдан зиёд ходимнинг ҳаммаси маош олиши маълум қилинган. Бу вақт оралиғида кўрилган фойданинг ҳаммасини Carlsberg гуманитар ташкилотларга йўлламоқчи.
G7 давлатлари Россия гази учун рублда ҳақ тўламоқчи эмас
“Катта еттилик”ка кирадиган мамлакатлар Россия гази учун рублда ҳақ тўлашдан бош тортишди.
“G7 нинг барча вазирлари бу шартнома шартларининг бир томонлама очиқдан-очиқ бузилиши бўлгани ҳақида ягона фикрдалар. Рублда ҳақ тўлаш талабини қабул қилиб бўлмайди, биз манфаатдор ширкатларни Путиннинг талабини бажармасликка чақирамиз”, деган Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабек.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга, Марказий банкка ва “Газпром”га 31 мартгача газга ҳақ унидиришнинг янги тартибини белгилаш ва Кремль томонидан “дўст бўлмаган давлатлар” сифатида эълон қилинганлардан газ учун ҳақни рублда талаб қилиш хусусида топшириқ берган эди.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков 28 март куни Ғарб мамлакатлари газ ҳақини рублда тўлашдан бош тортган тақдирда, Россия газни “бепул” етказиб беришдан бош тортишини қайд этган.
FT манбалари: Россия Украинанинг НАТОга кирмаслигидан ташқари аксарият талабларидан воз кечишга тайёр
Британиянинг Financial Times нашри “Россия-Украина музокараларига яқин бўлган” тўрт манба сўзларига таянган ҳолда Кремль гўё Украинанинг Европа Иттифоқига киришига ҳамда дунёдаги аксар мамлакатлар, биринчи галда АҚШ ва Буюк Британия томонидан Украинанинг хавфсизлик кафолати таъминланишига рози экани ҳақида ёзиб чиқди.
Нашр иддаосига кўра, келишув лойиҳасида эндиликда “демилитаризация”га оид ҳам, “денацификация”га оид ҳам, рус тили мақоми юзасидан кафолатларга оид ҳам гап-сўз йўқ.
Агар бу рост бўлса, бу Россиянинг Украинага бостириб киришига сабаб бўлган аксарият талабларидан воз кечиш ниятида эканини англатади.
Айни пайтда Москва Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш фикридан воз кечиши ҳамда Киевнинг ядровий қурол яратишга уринмаслигига кафолат берилишига оид талабини кучайтирмоқда.
Россия-Украина музокараларининг галдаги раунди 29 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилиши кутиляпти.
Роскомнадзор Германиянинг Bild нашри ҳамда журналист Александр Невзоров сайтларини блоклади
Роскомнадзор Россия ҳудудида Германиянинг Bild таблоиди сайтини ҳамда журналист Александр Невзоровнинг шахсий сайтини блоклаб қўйди. Тақиқланган сайтлар реестридаги янгиланишлар ҳақида “Роскомсвобода” лойиҳаси маълумот тарқатган.
Иккала сайт ҳам Бош прокуратуранинг 26 мартдаги қарорига кўра тўсилгани айтилмоқда.
Bild Германия ва Европадаги энг кўп нусхада чиқадиган газета саналади. У урушнинг илк кунларидан Россиянинг Украинага тажовузини кескин қоралаган.
22 март куни Россия Тергов қўмитаси ўққа тутилган Мариуполь туғруқхонасидаги қурбонлар суратларини эълон қилгани учун журналист Александр Невзоровга қарши жиноят иши очган. Мазкур иш Россия армияси ҳақида “фейк” тарқатишга доир модда бўйича қўзғатилган бўлиб, Невзоров 15 йилгача муддатга қамалиши мумкин.