Нур-Султон расмийлари Қозоғистон Украинадаги сепаратчи ҳудудларни тан олмаслигини билдирди
Нур-Султон Украинадаги сепаратчи ҳудудларни тан олмайди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Озодлик радиоси қозоқ хизматига билдирди.
5 апрелда ўтган ҳукумат йиғинидан сўнг президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Тимур Сулеймановнинг баёнотига муносабат билдирган Мухтар Тлеуберди “Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмаймиз”,-деб билдирди.
Президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Тимур Сулейманов 29 март куни EURACTIV news медиа тармоғига берган интервьюсида Нур-Султон “Украинанинг ҳудудий яҳлитлигини қўллаб-қувватлашини”, мамлакат Қрим аннекциясини, Украина шарқида ўзларини “ДХР” ва “ЛХР” деб номлаб олган сепарат ҳудудлар мустақиллигини “тан олмаганини ва бундан кейин ҳам тан олмаслиги”ни айтган эди.
Тлеуберди Қозоғистон Россияга ғарб санкцияларини четлаб ўтишга воситачи бўлмаслигини, бироқ Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида Россия билан иқтисодий ҳамкорликни давом эттиришини қўшимча қилди.
Оқ Уй: Россия Украина шарқи ва жанубида ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда
Қўшма Штатларда мавжуд маълумотларга қараганда, Россия ўн минглаб аскарларини Украина шарқи ва жанубига жамламоқда. Бундан асосий мақсад мазкур ҳудудлардаги украин қуролли кучларини қуршаб олиш ва мағлуб этишдир. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан душанба куни ўтган брифингда гапирди.
Салливанга кўра, урушнинг кейинги босқичи узоққа чўзилиши эҳтимол, чунки Украина шарқида рус ҳарбийлари сони украин қўшинидан кўпроқ ва Россия бундан фойдаланган ҳолда россияпараст сепаратчилар назоратидаги ҳудудларни кенгайтиришга ҳаракат қилади.
Жанубда эса Россия Херсон назоратини ўз қўлида сақлаб қолишга уринади ва Киев, Харьков, Львов, Одессага ракета ҳужумлари уюштиришда давом этади.
Салливанга кўра, яқин кунларда президент Байден маъмурияти Украинага яна янги ҳарбий кўмак ажратилгани тўғрисида баёнот беради. Оқ Уй, шунингдек, иттифоқчилари билан Россия энергия ресурсларини сотиб олишни чеклаш масаласида музокаралар олиб бормоқда.
Беларускі Гаюн: Россиялик ҳарбийлар урушда орттирган ўлжаларни тонналаб уйларига йўлламоқда
“Беларускі Гаюн” мониторинг гуруҳи Россия армияси ҳарбийлари Беларуснинг Мозирь шаҳридаги СДЭК курьерлик хизмати орқали кўплаб жўнатмалар йўллаганига оид маълумот ёйинлади. Суриштирув муаллифларига кўра, россиялик аскарлар бир кун ичида уйларига 2 тоннадан зиёд юк жўнатишган.
Иккинчи апрель куни Мозирдан Рубцовск ва Горняк (Россиянинг Олтой ўлкаси), Уссурийск (Приморск ўлкаси), Ульяновск (Ульяновск вилояти), Чита (Байкалорти ўлкаси), Омск, Москва ва Биробиджанга (Яҳудий мухтор вилояти) 1725 килограмм асбоб-анжом, 395 килограмм эҳтиёт қисм ва бошқа ашёлар, хусусан, акустик колонкалар, стол, электросамокат, чодирлар, телевизорлар, кондиционерлар, спиртли ичимликлар ва уст-бош йўлланган.
Муаллифларга кўра, аскарлар кийимида уларнинг 56-гвардия десант-штурм полкига оидлигини кўрсатувчи уқа (шеврон) бўлган, мазкур полк аннексия қилинган Қрим яриморолининг Феодосиясида қўним топган.
NYT: Бучадаги жасадлар кўчада уч ҳафтадан кўпроқ ётган
Украинанинг Буча шаҳрида топилган тинч аҳоли вакиллари жасадлари кўчаларда уч ҳафтадан кўпроқ ётган. Бундай хулосага The New York Times газетаси Maxar Technologies ширкатининг сунъий йўлдош воситасида олинган суратларини таҳлил қилиш ортидан келган.
Журналистлар иддаосига кўра, бу одамлар шаҳар Россия армияси назорати остида бўлганида ўлдирилган. Хусусан, 11 март куни олинган фотосуратларда Яблонская кўчасида ётган камида 11 кишининг жасадини кўриш мумкин, улар ўша пайтда ҳам Россия қўшинлари шаҳарни тарк этганидан кейин кўрилган ҳолатда ётганини кўриш мумкин.
Россия томони Бучада тинч аҳоли вакиллари қатлиом қилинганини рад этиб, фотосуратларни “провокация ва уюштирилган саҳна” деб атаб, одамлар украиналикларнинг ўзлари томонидан отиб ташланганини иддао қилмоқда.