Украинада ҳарбий жиноятларга оид қарийб 5 мингта иш очилган
Украинада ҳарбий жиноятларни амалга оширганлик ҳолати бўйича тақрибан беш мингта жиноят иши тергов қилинмоқда. Бу ҳақда мамлакат Бош прокурори Ирина Венедиктова маълум қилган.
Мулозимага кўра, Украинада ҳарбий жиноятларга алоқадорлик ҳолати бўйича яна икки минг жиноят иши очилган.
Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгашига: Ё Россияни тўхтатинг, ё тарқалиб кетинг
Украина президенти Владимир Зеленский 5 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида қилган чиқишида жаҳондаги хавфсизлик тизими ислоҳ қилиниши зарурлиги хусусида гапирди. Унга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимини “зудлик билан” қайта ташкил этиш лозим.
“Агар аҳвол шундай давом этса, мамлакатлар ўз хавфсизлигини таъминлаш учун фақат қурол кучигагина таянадиган бўлиб қолишади. БМТни эса ёпиб қўйса ҳам бўлаверади. Хонимлар ва жаноблар, сиз БМТни ёпишга ҳозирмисиз?” деган Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгашида “вето ҳуқуқи одам ўлдириш ҳуқуқига айланмаслиги учун ислоҳот ўтказиш зарур”лигини урғулаган.
Украина президенти БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларига мурожаат қилар экан, “Агар қандай қарор қабул қилишни билмаётган бўлсангиз, олдингизда иккита йўл бор: Россия ўз тажовузи билан боғлиқ қарорларни фалажлаб қўймаслиги учун ё уни уруш манбаси сифатида сафингиздан чиқаринг – шунда биз тинчлик ўрнатилиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Иккинчи йўл эса – тарқалиб кетинг. Агар гапдан бошқа ҳеч нарсага ярамасангиз, бундан бошқа чора йўқ. Украинага тинчлик керак, Европага тинчлик керак, бутун дунёга тинчлик керак”, дея урғулаган.
Украина омбудсмени Россияни асирларга муомала бўйича халқаро меъёрларни бузганликда айблади
Украина омбудсмени Людмила Денисова Россия томонини ҳарбий асирларга муомала бўйича Женева конвенциясини бузганликда айблади.
Омбудсменга кўра, асирликдан озод этилган украиналик ҳарбийлар ичида аёллар бўлган, уларга нисбатан аёвсиз муомала қилиниб, қийноқ қўлланилган. Улар эркаклар олдида ечинтирилган, ўтириб-туришга мажбур қилинган, сочлари олинган, “маънан синдиришга ҳаракат қилиниб”, муттасил сўроққа тутилган.
Денисованинг аниқлик киритишича, асир аёллар аввал Беларусга олиб кетилган, кейин эса улар Брянск тергов ҳибсхонасига йўлланган.
Озодлик уруш шароитида тўқнашувда иштирок этаётган томонлар вакиллари улашаётган маълумотларни тезкорлик билан текшириш имкони йўқлигини эслатади.
Италия, Дания ва Швеция ҳам Россия дипломатларини бадарға қилмоқда
Reuters агентлигининг билдиришича, Дания Россиянинг 15 нафар дипломатини мамлакатдан чиқармоқда.
Дания ташқи ишлар вазири Йепп Кофоднинг айтишича, бундай қарор Украинанинг Буча шаҳрида тинч аҳоли қатлиом қилингани ва камида 410 киши ўлдирилгани аниқлангани ортидан қабул қилинди.
Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Москва Данияга жавоб тариқасида ушбу давлат дипломатларини ҳам бадарға қилишини айтди.
Италия ҳукумати ҳам мамлакатдан 30 нафар рус дипломати чиқарилишини билдирди. Италия ташқи ишлар вазири Луижи Ди Майо бу иш миллий хавфсизлик манфаатларидан келиб чиқиб амалга оширилаётганини айтди.
Швеция эса уч нафар рус дипломатини бадарға қилмоқда.
Бундан бир кун аввал Германия Берлиндаги Россия элчихонасининг 40 хоимини мамлакатда исталмаган шахс сифатида эълон қилди.
Франция ҳукумати ҳам Россия элчихонасининг 30 ходимини мамлакатдан ҳайдади. Франция ҳукуматига кўра, мазкур дипломатлар фаолияти мамлакат миллий хавфсизлиги манфаатларига зид келган.
Бунга қадар Литва ва Латвия ўз ҳудудидан Россия элчиларини бадарға қилган ҳамда Москвадаги ўз элчиларини чақиртириб олганди.