Черниговни боқиб турган кўприк вайрон бўлди
"Суспiльне" нашри мухбири, черниговлик Александр Котенкога кўра, шаҳарга гуманитар ёрдам кираётган кўприк рус ҳарбийлари авиаҳужумида портлатилган:
"Бугун тунда рус босқинчилари кўприкни ҳаводан урди. Бу кўприк орқали аҳоли шаҳардан чиқаётганди ва шаҳарга гуманитар ёрдам кираётганди. Энди қандай қилиб шаҳарга ёрдам олиб кирилади - номаълум. Шаҳарда "яшил коридорлар" йўқ эди: одамлар тақдирга таваккал қилиб шу кўприкдан чиқаётганди. Шаҳардан чиқаётганларни ўққа тутишгани тасдиқланган ҳолатлар бор".
Киевда яна бир савдо маркази вайрон бўлди
Киевнинг Святошенский ва Шевченковский туманларида савдо маркази ҳамда хусусий секторга тегишли бинолар ўққа тутилди.
Шаҳар маъмурияти вакили Николай Поворозникка кўра, камида 4 киши жабрланган. Бир неча хусусий уй ва кўпқаватли бинода ёнғин содир бўлган.
Польшадан ўнлаб россиялик дипломат чиқариб юборилиши мумкин
Польша разведкаси шпионликда гумон қилинган 45 россиялик дипломат рўйхатини тузганини маълум қилди.
Польша хавфсизлик хизмати матбуот котиби Станислав Жарынга кўра, бу дипломатларни мамлакатдан чиқариб юбориш тавсия қилинади.
Бу давлатдаги рус элчиси Польша ИИВга чақирилган. Агар содир бўлса, бу икки давлат тарихида илк бор йирик гуруҳдаги дипломатнинг қувилиши бўлади.
Британия Мудофаа вазирлиги Украинадаги жанг ҳаракатларига оид навбатдаги ҳисоботни эълон қилди
Вазирликка кўра, мамлакат шимолида вазият статик, Россия ҳарбий кучлари эҳтимолий йирик ҳужумлар олдидан қайта гуруҳланмоқда.
Рус ҳарбийлари украин қўшинларини мамлакат шарқида қуршовга олишни режалаётган бўлиши мумкин, бунинг учун шимолда Харьков ва жанубда Муриуполдан ҳаракатланмоқда.
Рус кучлари, шунингдек, Николаевни қуршаб олишга уринмоқдалар, улар ғарбда Одесса томон ҳаракаталанишни мақсад қилган бўлиши мумкин.