Журналист Роман Сухан Киевдаги отишмалар ҳақида:
"Снарядлар асфалтга урилиб қотиб қолган. Снарядлар шаҳарнинг турли ҳудудларига келиб тушди, шунинг учун ҳар хил уйлар зарар кўрган - кўпқаватли уйлар, хусусий секторга тегишли бинолар, янги қурилган тураржойлар. Киевда портлашлардан биринчи марта шу қадар катта ҳудуд зарар кўрди".
Bloomberg: Чубайс истеъфога чиқди ва Россияни тарк этди
Bloomberg нашрининг вазиятдан хабардор икки манбасига таяниб хабар қилишича, Россия президентининг вакили лавозимида ишлаётган Анатолий Чубайс ишдан бўшаган.
Нашрнинг ёзишича, бунга унинг Украинага ҳужумга қарши экани сабаб бўлган ва ҳатто, у Россияни ҳам тарк этган.
Чубайс, 1990 йиллар бошида катта ислоҳотлар таклифи билан ўртага чиққан ва Егор Гайдарнинг яқин сафдошларидан бири бўлган.
У бир неча кун муқаддам ўзининг Фэйсбук саҳифасида шундай ёзганди:
"Гайдар ҳаёт бўлганида 66 ёшга кирган бўларди. Атиги 66 ёш. Лекин, унинг 2009 йилдаги вафотидан сўнг, бутун бошли давр у билан бирга кетди. Бизнинг Россия келажаги ҳақидаги баҳсларимизда мен доим ҳам уни қувватламасдим. Аммо афтидан, Гайдар стратегик рискларни мендан кўра яхшироқ тушунган, мен эса хато қилган эканман".

Невзоров Тергов қўмитаси раисига: Сизга ушбу тутуруқсиз ишни ёпишни таклиф этаман
Россиялик таниқли публицист Александр Невзоров Тергов қўмитаси раиси Бастрикинга жавобан очиқ хат эълон қилди.
Тергов қўмитаси 22 март куни Невзоровга нисбатан “Россия армияси тўғрисидаги фейк” тарқатганлик айби билан жиноят иши очилганини билдирганди.
"Мариуполдаги туғруқхонанинг бомбаланишига тўхталамиз. Мен билган Бастрикин ёш ҳамкасбларига “жиноятни шахсан кузатиш имкониятига эга бўлган, сўров ва экспертизалар ўтказиш ҳамда жиноий ҳодисанинг барча жиҳатларини қайд этиш имконига эга тарафнинг ифодаларигина эътиборга лойиқдир”, деб насиҳат қиларди. Мариуполь туғруқхонаси ишида бунақа ифода ва қайдлар сон-саноқсиз. Жаҳон матбуоти мазкур фожиани якдиллик ила баҳолади.
Экспертизалар, фото ва видеоқайдлар, кузатув ёзувлари – ҳаммаси бор. Ушбу драматик воқеа моҳияти ва тафсилотларини ўрганиш имконига эга бўлмаган ягона идора бу Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигидир. Вазирлигимиз фожиа жойига киришга, уни кўришга, текшириш ёки ўрганишга жисмонан қодир эмасди. Шунга қарамай, каминани ўз хулосаларимда Мудофаа вазирлигининг қуруқ гапига эмас, жаҳоннинг мўътабар ОАВлари тақдим этган ишончли фактларга суянишда айбламоқдалар. Сизга ушбу тутуруқсиз ишни ёпишни таклиф этаман. Шу тариқа сизга бўлган эски ҳурматим қолдиқларини сақлаб қолишимга ёрдам берган бўлур эдингиз", деб ёзди Невзоров.
Белорус Украина бош консуллигини ёпди
Белорус ҳукумати Украинанинг Брестдаги бош конусуллигини ёпишини эълон қилди.
Минскдаги консулликда ишлаётган украин дипломатларининг бир қисмидан мамлакатни тарк этишни сўради.
Бунга қадар, 19 март куни, Белорус элчихонасининг Киевдаги барча ходимлари Украинадан олиб чиқиб кетилган эди.