Николаевда руҳий хасталар шифохонаси ўққа тутилди
Шифохонага ракета ташланди. Унда қолаётган 50 бемор, ҳужумдан 20 дақиқа аввал хавфсиз жойга олиб чиқилгани учун омон қолди.
Путин рус газини рублда сотишга кўрсатма берди
Россия президенти Владимир Путин ҳукумат йиғилишида табиий газни "дўст бўлмаган давлатлар"га Россия рублида сотишга кўрсатма берди.
Путин доллар ва евро пул бирликларини "ўзини ўзи обрўсизлантирган валюталар" деб атади.
"Газпром" ширкати тез орада аввал имзоланган шартномаларга тегишли ўзгартишларни киритиши лозим.
Россия тузган "дўст бўлмаган давлатлар" рўйхатида 48 та давлат, шу жумладан Европа иттифоқи давлатлари, АҚШ ва Япония бор.
Европа иттифоқи давлатлари ҳозир рус гази ва нефтидан воз кечиш йўлларини қидирмоқда. Иттифоқ ўз эҳтиёжига зарур табиий газнинг чорак қисмини Россиядан олади.
Молиявий таҳлилчилар газни рублда сотишдан мақсад, Россия Марказий банки активлари ҳибсга олинган бир пайтда, миллий валюта қийматини ушлаб туриш экани, аммо буни амалга ошириш осон бўлмаслигини прогноз қилмоқда.

Зеленский французларга: Россия ҳарбий машинасига ҳомийликни тўхтатинг!
Украина президенти Владимир Зеленский, Франция парламентига видеомурожаатида француз ширкатиларини Россиядан дарҳол кетишга чақирди.
У, шунингдек, Франциядан ҳарбий техника ва ракетага қарши мудофаа тизими билан ёрдам беришни сўрашди.
Бу мурожаатида Зеленский бир неча бор ракета ташлаб, вайрон қилинган Мариупол туғруқхонасини тилга олди. Бу ҳужумда аввал қорнидаги ҳомиласи ўлган ва боласи ўлганини билгач, ўзига ўлим тилаган аёлнинг ҳикоясини тилга олди.
"Ҳеч ким ўзига ўлим тилаш аҳволига тушмасин. Ҳамма ўз ҳаётини яшасин, тўлиқ яшасин. Одамлар бир-бири билан бомбалар остида эмас, урушда эмас, вақти-соати келганида видолашсин. Фақат тинчликда, шараф билан видолашишсин, чунки шундай яшаш керакки, сизни ҳурмат қилишсин, хотирлашсин, сиз билан худди Франция Бельмондо билан видолашгани каби видолашишсин", деди Зеленский.
Президент, бу урушни тугатишда Франция ёрдам бера олади.
Бунинг учун, биринчидан, украин армиясига қурол-яроғ, танк, танклардан мудофаа қуроллари, авиация ва ракетадан мудофаа тузилмалари билан ёрдам бериши мумкин.
Иккинчидан, Россияга нисбатан санциялар босимини янада кучайтиришни - "ҳар ҳафтада янги пакет" билан босим ўтказишни сўради.
Учинчидан, француз ширкатлари Россиядан кетиши мумкин.
"Renault, Auchan, Leroy Merlin ва бошқа ширкатлар - улар Россия ҳарбий машинасининг ҳомийси бўлишни тўхтатинг, болалар, аёллар ўлимига ҳомийлик қилиш, жинсий тажовузлар, талончилик, рус армияси талончилигига ҳомийлик қилишни тўхтатинг", деди Зеленский.

Европа суди 16 сентябргача Россияга қарши даъво аризаларини кўриб чиқишда давом этади
Инсон ҳақлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) яна қайтадан Россияга қарши даъво аризаларини кўриб чиқишни бошлади. Бу ҳақда суд томонидан ёйинланган резолюцияда айтилган.
Ҳужжатга мувофиқ, 22 мартдан эътиборан ИҲЕСга Россия томонидан инсон ҳақлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция бузилгани ҳақида шикоят аризаси (агар аризада қайд этилган ҳолат шу йил 16 сентябригача содир бўлган бўлса) топшириш мумкин. Айни пайтга аввал топширилган даъво аризаларининг музлатилиши ҳам бекор қилинади.
Ўтган ҳафтада Европа кенгаши Вазирлар қўмитаси Россияни ташкилотга аъзоликдан чиқариб ташлаган. 16 сентябрдан Россия Инсон ҳақлари тўғрисидаги Европа конвенциясига аъзо ҳисобланмайди. Қўмита қарори туфайли ИҲЕС Россияга қарши барча шикоят аризаларини кўриб чиқишни тўхтатишини эълон қилган эди.