Польша Россиядан кўмир ва нефть сотиб олишни тўхтатмоқчи
Польша 2022 йилнинг апрель-май ойларидаёқ Россиядан кўмир сотиб олиш, жорий йил охиригача эса нефть импорт қилишни бутунлай тўхтатишни режаламоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Матеуш Моравецкий маълум қилди.
“Еврокомиссия томонидан бунга розилик берилмаганига қарамай, биз тегишли қонун лойиҳасини қабул қилдик ва уни парламентга йўлламоқдамиз. Умид қиламанки, апрель ойида, кечи билан май ойида мамлакат Россия кўмиридан тўлалигича воз кечади”, деган Польша бош вазири.
Моравецкий ҳукумат “Россия нефтидан шу йил охиригача воз кечиш учун қўлдан келган барча ишни қилади”, дея қўшимча қилган.
Бош вазир Польша бу каби қисқа вақт ичида бундай натижага қандай эришишни режалаётганини очиқлаган эмас. ВВС маълумотига кўра, Польшадаги нефтни қайта ишлаш заводларида қайта ишланаётган нефть хомашёсининг учдан икки қисми Россиядан келади.
Москва санкцияларни айланиб ўтиш бўйича Теҳрон билан ҳамкорлик қилмоқчи
Россия халқаро санкцияларни айланиб ўтиш бўйича Эрон билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.
“Эрон билан муносабатларда, бошқа яқин ҳамкорлар билан алоқаларда биз бу номақбул кўриниш [халқаро санкциялар жорий этилишини назарда тутмоқда – таҳр.] қораланишига эришмоқчимиз. Шунингдек, биз бу ноқонуний хатти-ҳаракатларни айланиб ўтишга имкон берувчи амалий қадамларни шакллантирамиз”, деган Лавров эронлик ҳамкасби Ҳусайн Абдуллоҳиан билан Хитойда бўлиб ўтган учрашув чоғида.
Учрашувда Россия ва Эрон ТИВ раҳбарлари ўз мамлакатларининг барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишини тасдиқлаганлар.
Москвалик шахс “Озодлик, ҳақиқат, тинчлик” баннери учун 50 минг рубллик жаримага тортилди
Россия пойтахти Москвада суд маҳаллий фуқарони “Озодлик, ҳақиқат, тинчлик” (“Свобода, правда, мир”) ёзуви учун 50 минг рубллик жаримага тортди. У мазкур баннер билан Россия армиясини “обрўсизлантирганлик”да айбланган. Бу ҳақда “ОВД-Инфо” лойиҳаси адвокат Василий Кушнир сўзларига таянган ҳолда маълумот тарқатди.
Суд қарорига мувофиқ, 24 март куни москвалик эркак Қрим кўприги панжарасига “Свобода, правда, мир” ёзуви ёзилган Украина байроғи рангидаги баннерни осиб қўйган.
“Кўргазмали ташвиқотнинг мазкур воситаси мазмунида Россия Федерацияси Қуролли кучларига ҳамда Россия Федерацияси Қуролли кучлари Олий бош қўмондонига салбий муносабат ёрқин акс этган”, дейилган суд ҳужжатида.
Москвалик шахсга нисбатан полицияга бўйсунмаганлик учун 15 суткалик ҳибс жазоси ҳам тайинланган.
UNICEF: Уруш бошланганидан бери украиналик 2 миллион бола қочқинга айланган
Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан бери мамлакатни икки миллион қочқин бола тарк этган, 2,5 миллиони ўз уйларини ташлаб, Украинанинг бошқа жойига кўчишга мажбур бўлган, 100 дан зиёд бола ҳалок бўлган, 134 нафари тан жароҳати олган. Бу маълумот БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) томонидан урушнинг ўттиз бешинчи куни ёйинланди.
Халқаро ташкилот қайдича, Польшага 1,1 миллион нафар бола қочишга мажбур бўлган, яна юз минглаб бола Руминия, Молдова, Венгрия, Словакия ва Чехияга ўтган.