The Times: Италияда Алишер Усмоновнинг қиймати 600 минг евро бўлган зирҳли автомобили мусодара қилинди
Италияда солиқ полицияси Ўзбекистонда туғилган россиялик олигарх Алишер Усмоновга тегишли бўлган зирҳли Mercedes Maybach автомобилини конфискация қилди. Бу ҳақда The Times хабар берди.
АҚШ, Британия ва Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига тушган А. Усмонов оғирлиги беш тоннага тенг бўлган зирҳли Maybach Mercedes S650 Guard VR10 автомобилини, қайд этилишича, 2018 йили Сардинияда 600 минг евродан кўпроқ пулга сотиб олган.
Бир пайтлар Британиянинг энг бой одами ўлароқ кўрилган Алишер Усмонов шу пайтгача Сардиниядаги қиймати 17 миллион еврога тенг бўлган вилласи ҳамда 66 миллион евро активга эга бўлган олтита ширкатидан айрилган.
Халқаро санкциялар киритилиши ортидан Усмоновнинг бойлиги 21,6 миллиард доллардан 18,9 миллиард долларга камайгани айтилмоқда.
АҚШ давлат котиби ўринбосари: ”Украинада 10 мингдан ортиқ рус аскари ҳалок бўлди”
АҚШ давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд, Вашингтон ҳисоб-китобича, Украинадаги урушда 10 мингдан кўпроқ рус аскари ўлдирилганини айтди.
"Настояшчее время" телеканалига берган интервьсида Нуланд Россия йўқотишларини “мисли кўрилмаган” деб баҳолади.
“Россия ҳозиргача Украина армияси нақадар қудратли эканини охиригача тушуниб етмади”, - деди Нуланд.
Нуланд Россия талафотлари тўғрисидаги маълумотлар қайси манбадан олинганини очиқламади. Аввалроқ АҚШ разведкаси ҳам шунга яқин маълумотларни эълон қилганди.
Россия Мудофаа вазирлиги эса 25 март куни берган сўнгги маълумотида Украинада 1351 аскари ҳалок бўлгани тўғрисида баёнот берган. Украина томони эса 17 минг рус ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилмоқда. Уруш шароитида Озодлик бу рақамларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконига эга эмас.
AFP ва CNN: Россия қўшини Чернобил АЭСини тарк эта бошлади
Россия қўшини 24 февраль - урушнинг биринчи кунида босиб олинган Чернобил АЭСини тарк эта бошлади, деб хабар берди AFP исми айтилмаётган АҚШ ҳарбий амалдорларидан бирига таянган ҳолда.
“Чернобил Россия ўз қўшинининг бир қисмини кўчираётган ҳудудлардан бири бўлиб қолмоқда. Улар Чернобилни тарк этиб, Беларусга ўтмоқда. Биз улар бу ердан кетаяпти, деб ўйлаймиз. Аммо улар аниқ чиқиб кетишди деб айта олмаймиз”,-деди AFP манбаси.
CNN бу маълумотни Пентагондаги манбаси тасдиқлагани тўғрисида хабар берди. Пентагон манбаси ҳам Чернобилдан рус аскарларининг бир қисми чиқарилганини айтган.
Чернобилдан Россия аскарлари олиб чиқилаётгани тўғрисидаги хабарлар Москва Киев ва Чернигов йўналишларидаги “ҳарбий фаолликни кардинал тарзда қисқартириш” тўғрисида баёнот берганидан бир кун ўтиб амалга оширилмоқда.
Туркия ТИВ: Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлари икки ҳафта ичида учрашиши мумкин
Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли 31 март куни Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлири Сергей Лавров ҳамда Дмитрий Кулеба билан телефон орқали мулоқот қилди.
“Олий даражадаги, камида вазирлар даражасидаги учрашув бир ёки икки ҳафта ичида ўтказилиши эҳтимол”,-деди Чавушўғли мулоқот якунлари юзасидан турк телеканалларига берган интервьюсида.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва мазкур учрашувдан бош тортмаслигини, бироқ музокаралар мазмунли бўлиши талаб этилишини расман билдирди.
29 март куни Истанбулда Украина ва Россия ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтганди. Бу март ойи ўрталаридан бошлаб юзма-юз ўтказилган илк музокара бўлди. Аввалги бир неча учрашув видеоформатда ўтказилганди.