Латвияда “Вконтакте”, “Одноклассники” ва “Мой мир”га тўсиқ қўйилади
Латвияда Россиянинг “Вконтакте”, “Одноклассники” ва “Мой мир” ижтимоий тармоқлари блокировка қилинади. Бу ҳақда Электрон ОАВ бўйича миллий кенгаш раҳбари Иварс Аболиниш Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Қарор Европа Иттифоқи томонидан киритилган санкциялар важидан қабул қилинган. Миллий кенгаш қайдича, мавжуд маълумотга кўра, мазкур ижтимоий тармоқлар ЕИ томонидан санкция рўйхатига киритилган Юрий Ковальчук ва Владимир Кириенколар мулки бўлиб, уларнинг назорати остида фаолият юритмоқда.
Бу уч платформани жисмоний жиҳатдан блокировка қилиш кейинги ҳафтада амалга оширилади.
Siemens Россия бозорини тарк этишини очиқлади
Россиялик ҳарбийларнинг Украинага бостириб кириши манзарасида Германиянинг Siemens концерни Россия бозорини тарк этишини эълон қилди. Концерн хабарномасида айтилишича, Siemens Россиядаги ўзининг ишлаб чиқариш ва операцион фаолиятини тўхтатиш жараёнини бошлаган.
“Биз Украинадаги урушни қоралаймиз ва Россиядаги ишлаб чиқаришимизни тўхтатиш учун тартибли жараён ўтказишга қарор қилдик”, деган Siemens раҳбари Роланд Буш, ширкатнинг ўз ходимлари ҳақида қайғуриши ва бозордаги мижозлар билан узоқ йиллик муносабатлар эътиборга олинса, бу қарорга келиш осон бўлмаганини қўшимча қилган.
Россияда Siemens юқори тезликда ҳаракатланувчи “Сапсан” поездлари ва “Ласточка” электричкаларини ишлаб чиқаришда ҳам иштирок этиб келаётганди. Украинада уруш бошланганидан кейин ширкат барча янги операциялар ҳамда Россия ва Беларусга жиҳоз етказиб беришни тўхтатган. Хусусан, концерн “Россия темир йўллари” ширкати билан тузилган шартнома шартларини бажаришни тўхтатиб қўйган.
Россия аскарлари икки эркакни орқасидан отгани акс этган видео CNNда берилди
CNN телеканали Украинадаги тинч аҳолининг рус ҳарбийлари томонидан ўлдирилишига оид иддаоларни қувватлайдиган видеони чоп этди.
Телеканал тарқатган видео Киев яқинидаги автосалонлардан бирига ўрнатилган хавфсизлик камерасидан олинган. 16 март куни рус ҳарбийлари шаҳарни олишга уринган пайтида, бу автосалонга ҳам ҳужум қилинган.
Видеодаги тасвирдан кўринишича, Россиянинг 5 аскари автосалонга киришга уринар экан, деразаларни синдириб, қулфни ўққа тутади.
Шу пайтда, уларга қўлларини кўтарган икки эркак яқинлашади. Булар салоннинг эгаси ва қоровули бўлган. Аскарлар уларни тинтув қилади, кейин қисқа мулоқотдан сўнг воқеа жойидан узоқлашади.
Аммо, икки аскар ортга қайтиб, уларга орқасидан ўқ узади. Эркаклардан бири воқеа жойида ўлади. Иккинчиси, оёғидан ўқ ейди ва қоровулхонагача амаллаб бориб ёрдам чақиради, ёрдам келгунича қон йўқотишдан ўлади.
Айни пайтда, бу видеотасвир халқаро жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотди. БМТ бу ва шу каби бошқа жиноятлар юзасидан суриштирув ўтказилишини билдирди.
"Излар уруш жиноятлари содир этилганига асос бўлади"
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Мишел Бачелет, шу кунга қадар Украина пойтахти Киев атрофида топилган мингдан ортиқ жасаддаги жароҳат ва ўқ излари уруш жиноятлари содир этилганига асос бўлади, деб баёнот берди.
“Шу кунгача биргина Киев вилоятининг ўзида 1000 дан ортиқ тинч аҳоли жасади топилди. Одамларнинг баъзилари жангларда ҳалок бўлган, бошқалари эса қатл этилган. Яна баъзилар жанговар ҳаракатлар оқибатида орттирилган жароҳат ва вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабабли вафот этган. Улар бир неча ҳафта ертўлаларда бўлишган. Рус аскарлари агар қочишга ҳаракат қилсалар, уларни зўрлаш ёки ўлдириш билан қўрқитган”, дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет.