Украина расмийлари урушда иштирок этаётган чеченистонликлар рўйхатини эълон қилди
Украина Мудофаа вазирлигининг Разведка бош бошқармаси Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этган ёки этаётган чеченистонликлар номма-ном саналган рўйхатни эълон қилди.
Рўйхатда қарийб 2,5 минг киши бўлиб, айрим исмларнинг ёнида жароҳат олганлик, қурбон бўлганлик ёки хасталик ҳақидаги қўшимча ёзувлар бор. Чоп этилган маълумотлардан бу ерда гап Россия армияси ҳарбийлари ҳақида эмас, балки кўнгиллилар ҳақида кетяпти, дея хулоса қилиш мумкин.
Украина разведкаси маълумотига кўра, рўйхатдаги 100 киши қурбон бўлган, 300 га яқини яраланган, 600 дан зиёди эса қурол-аслаҳаларини топшириб, Украинадаги жанговар ҳаракатлар иштирок этишдан бош тортиб, мамлакат ҳудудини тарк этган.
Россия Мудофаа вазирлиги бу маълумот юзасидан ҳали изоҳ берган эмас, мазкур маълумот нақадар тўғрилигини текшириш имкони йўқ.
Киевдаги “Халқлар дўстлиги аркаси” номи “Украин халқи озодлиги аркаси”га ўзгаради
Киев шаҳар кенгаши “Халқлар дўстлиги аркаси” номини “Украин халқи озодлиги аркаси”га алмаштириш ҳақида қарор қабул қилган. Бу ҳақда Киев мэри Виталий Кличко маълум қилди.
Шаҳар депутатлари Киев кўчалари ва биноларидан кўчирилиб, тоталитаризм музейига топширилиши лозим бўлган яна 40 дан зиёд ҳайкал ва хотира белгилари рўйхатини ҳам тасдиқлаганлар.
Шу йилнинг 26 апрель куни Киевда “Халқлар дўстлиги аркаси”нинг бир қисми бўлган икки ишчи (рус ва украин) ҳайкали демонтаж қилинган эди. Мазкур композиция “Украинанинг Россияга қўшилиши”ни тамсил этган.
Украиналик мулозим: Северодонецкда тинч аҳоли вакилларидан икки нафари нобуд бўлди
Украинанинг Луганск вилоятидаги Северодонецк шаҳрида тинч аҳоли вакилларидан икки киши қурбон бўлган. Луганск вилоят маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайга кўра, уларнинг жасади 15 май куни Россия армияси снаряди вайрон қилган уйдан топилган.
Аввалроқ Гайдай Северодонецкда тинч аҳоли вакилларидан 9 нафари яралангани ҳақида маълум қилган эди.
Уруш шароитида у ёки бу томон вакиллари иддаоларини оператив тарзда текширишга доим ҳам имконият мавжуд эмас.
Россия: Рязань вилоятида ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юборишга уринилди
Россиянинг Рязань вилоятидаги Пронск қишлоғида номаълум шахслар ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юборишга ҳаракат қилишган. Baza нашри ёйинлаган суратларда бинонинг эшик ва деразалари куйганини кўриш мумкин.
Военкомат ходимлари “7х7” блогосфераси вакили саволига жавобан айни пайтда ҳарбий комиссариат ишлаётганини айтишган, бироқ ёнғинга оид саволни жавобсиз қолдиришган.
Россиялик ҳарбийлар Украина ҳудудига бостириб кирган февраль ойидан бери Россияда военкомат биноларини ёқиб юборишга уриниш билан боғлиқ камида 11 та ҳолат кузатилган. Ўт қўювчиларнинг мақсади оммавий сафарбарликка халақит бериш экани тахмин қилинмоқда.