CNN: ЕИ, АҚШ ва Британия урушни тугатиш режасини муҳокама қилмоқда
Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия сўнгги бир неча ҳафта давомида мунтазам йиғилиб, Украинадаги урушни музокаралар йўли билан тугатиш режасини муҳокама қилмоқда.
Бу ҳақда бир қанча манбаларга таяниб CNN хабар бермоқда.
Телеканал суҳбатдошларига кўра, учрашувлар чоғида, хусусан, Қрим ва Донбасснинг тўлиқ автономиясини кўзда тутувчи Италия режаси муҳокама қилинган.
CNN маълумотларига кўра, бу учрашувлардан мақсад Украинага кейинги муҳокама учун таклиф қилиниши мумкин бўлган тинчлик режасининг тахминий параметрларини аниқлашдан иборат.
Украина бу муҳокамаларда бевосита иштирок этмаяпти. CNN каналига кўра, бу Қўшма Штатларнинг "Украинасиз Украина ҳақида ҳеч нарса муҳокама қилинмайди" позициясига зид келади. Шу билан бирга, АҚШ Украинага босим ўтказмаслиги ва уни Россия билан музокара олиб боришга ундамаётгани қайд этилган.
Бу муҳокамалар Россия ва Украина ўртасидаги музокараларга олиб келадими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас. Телеканалга кўра, Вашингтон ҳали ҳам можарони дипломатия йўли билан ҳал қилишнинг реал истиқболларини кўрмаяпти.
Шу билан бирга, АҚШ ва Ғарб расмийлари CNN телеканалига агар Россия ва Украина музокара столига ўтириб, келишувга эришмаса, уруш йилларга чўзилиши мумкинлигидан хавотир ортиб бораётганини айтишади.
Одесса вилояти ракета зарбаларига тутилди
4 июнга ўтар кечаси Одесса вилоятидаги қишлоқ хўжалиги корхонасига X-95 қанотли ракетасидан берилган зарба оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда маҳаллий ҳокимият.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳам эрталабки брифингида Одесса вилоятига ракета зарбаси берилганлигини тасдиқлади, бироқ департамент хабарида айтилишича, рус ракеталари Дачное ҳудудидаги “хорижий ёлланма аскарларни жойлаштириш пункти”ни вайрон қилган.
Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги Одесса вилоятидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари қурол-яроғ ва ўқ-дориларни етказиб бераётган Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий-транспорт авиацияси самолётини уриб туширганини иддао қилган.
Уруш шароитида бу иддаони бошқа манбалар орқали текшириш имконсиз.
Харьков вилоятида кундузи отишма пайтида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Украинска правда” нашри хабар берди. Николаев ҳам ракета ва артиллерия ҳужумига тутилди.
"Росавиация" Россиянинг 11та аэропортига парвозлар тақиқини 12 июнгача узайтирди
"Росавиация" Россиянинг марказий ва жанубидаги 11 та аэропортга парвозларни тақиқлашни 12 июнгача узайтирди.
Бу ҳақда “Интерфакс” хабар бермоқда. Анапа, Белгород, Брянск, Воронеж, Геленджик, Краснодар, Курск, Липецк, Ростов-на-Дону, Симферополт ва Элистада аэропортлар ёпиқ.
Тақиқ Россиянинг Украинага бостириб киришининг биринчи куни, 24 февралдан жорий қилинган эди.
Россия қўшинлари Северодонецкда ҳужумни давом эттирмоқда
Луганск вилояти раҳбари Сергей Гайдай сўзларига кўра, россияликлар йўқотишлар кўрмоқда, бироқ улар шаҳарни назорат остига олишга уринишда давом этмоқда.
Кўча жанжаллари бор. Рус аскарлари Северодонецкда яна бир кўприкни ўққа тутиб, кесиб ўтмоқчи бўлди. 3 июнь куни Северодонецк ва Лисичанскда камида олтита кўп қаватли уй вайрон бўлган.
Бундан ташқари, Горское шаҳрида Россия кучлари ҳужуми оқибатида она ва бола ҳалок бўлди, деди Гайдай. Уч кун олдин Горскоеда яна бир фуқаро ҳалок бўлганди. Шунингдек, Золоте шаҳрида бир киши ўладиган даражада яраланган.