Ертўлада 40 кун яшаган болалар
Урушдан омон чиққан украиналик аҳоли қўшни ва бошқа Европа давлатларида кун кечирмоқда. Уларга, ҳукуматлар, гуманитар ташкилотлар ва маҳаллий фаоллар ёрдам кўрсатмоқда.
Жумладан, ижтимоий хизмат ходимаси Анжелика Столярова етим болаларни тарбиялаётган тўрт оиланинг Лисичанскдан эвакуация қилинишини ташкиллаштирган.
Унинг ёрдами билан уруш ўчоғидан омон чиққан болалар, эндиликда ертўлада ўтган 40 кунлик ҳаётини ҳикоя қилиб бермоқда.
“Болалар қўрқувдан жуда ёмон аҳволга тушишди. Ҳатто иштонга сийиб қўядиган бўлиб қолишган. Ертўла бўлгани билан ҳар бир оила ўзи учун алоҳида ҳожатхона қилиб олганди. Лекин болалар у хожатхонага боришга ҳам қўрқишарди”, дейди Анжелика.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг янги ҳисоботида айтилишича, Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирганидан буён бу мамлакатда камида 4 минг 302 нафар тинч аҳоли вакили нобуд бўлди, камида 5 минг 217 киши тан жароҳати олган. Қурбонларнинг 272 нафари ёш болалардир.
Фронт чизиғида украин аскарлари ғалабага ишонч билдирмоқда
Шарқий Донецк вилоятининг Но́вгородське шаҳарчасидаги позицияларни ҳимоя қилаётган украин аскарлари, эртами-кечми ўз давлати ғалаба қозонишига ишонч билдирди.
“Саботаж гуруҳларнинг ҳудудга бостириб киришга уринишлари кучайган. Лекин биз уларни ҳудудга киришига тўсқинлик қиляпмиз. Мен нима тилашим мумкин? Ҳамма учун сабр-тоқат далда. Ғалаба албатта, бизники бўлади", дейди Украина Қуролли кучлари аскари Олексий.
Шу йилнинг 24 февралида, Россия ўз қўшниси Украинага босқин бошлаган ва буни мамлакатни миллатчилардан тозалаш ва уларни қуролсизлантиришга қаратилган "махсус ҳарбий операция" деб даъво қилиб келмоқда.
Украина ва Ғарб давлатлари буни асоссиз босқинчилик, деб қоралаб келмоқда.
Зеленский: “Запорожьеда босқинчилар режалари барбод бўляпти”
Украина президенти Владимир Зеленский, Запорожье вилоятида украин қўшинлари рус қўшинлари ҳужумини қайтариб, талафот етказиб илгарилаётганини айтди.
Зеленский пайшанба оқшомидаги видеомурожаатида, Украина қўшинлари Киев шарқидаги Харков вилоятида ҳам секин-аста олдинга силжияпти, деди:
“Бир кун ичида жанг майдонидаги вазият сезиларли даражада ўзгаргани йўқ. Северодонетск, Лисичанск ва Донбаснинг бошқа шаҳарлари ҳозирда босқинчиларнинг асосий нишонилигича қолмоқда. Запорожье вилоятида босқинчиларнинг режалари барбод бўлаётгани ҳақида яхши янгиликлар олдик. Харков вилоятида аста-секин олға силжиб, ўз еримизни озод қиляпмиз. Ҳозир Николаев ҳудудида мудофаани ушлаб турибмиз”.
Украина Мудофаа вазирлиги, пайшанба куни украин кучлари Херсон ҳудудида ҳам қарши ҳужумни кучайтириб, айрим ҳудудларни қўлга киритганини маълум қилди.
Россия қўшинлари, Херсон ва Запорожье вилоятларида босиб олинган ҳудудларда назоратни ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда.
Бу икки вилоятда, Кремль қўллаб турган маҳаллий расмийлар Россияга қўшилиш учун референдумга ҳозирлик кўра бошлаганини маълум қилишган.
Донбасс минтақасида жанглар тобора кескинлашиб бормоқда
Украина Қуролли кучлари Бош штаби, Россия қўшинлари Бахмут шаҳри томон илгарилаётгани, шаҳарнинг жануби-шарқидаги 2 қишлоққа ҳужум қилаётганини маълум қилди.
Бундан ташқари, Северодонецкда ҳам қаттиқ жанглар бўлаётгани, Россия қўшинлари Бахмут-Лисичанск йўлига чиқишга уринаётгани хабар қилинмоқда.
10 июнга ўтар кечаси украин телеграм-каналлари, Харьковда камида учта портлаш содир бўлиб, ортидан ёнғин чиққани ҳақида хабар қилди. Шаҳарда ҳаво тревогаси эълон қилинган. Шунингдек, Днепрда ҳам портлашлар юз бергани айтилмоқда.
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, Россия қўшинлари Славянск шаҳридан шимол томондаги ҳудудларда кичик ютуқларга эришган.
Бироқ ҳарбий экспертлар фикрича, эндиликда улар Северский Донец дарёсидан ўтиш билан боғлиқ тактик муаммоларга дуч келиши мумкин.
Институт тарқатган маълумотномага кўра, Россия армияси Северодонецкнинг барча турар-жой даҳаларини назорат қилиб турибди. Ҳозирда оғир артиллерия зарбалари панасида украин қўшинлари жойлашган “Азот” саноат зонасига ҳужум уюштирмоқда.
Украина томони ўз авиацияси эса, Россия қўшинларининг Херсон вилоятидаги беш аҳоли масканларида жойлашган таянч пунктлари, техника ва шахсий таркиб жамлоқлари ҳамда дала омборларига муваффақиятли зарба берганини айтмоқда.