Россия армиясини “обрўсизлантирганлик” моддаси бўйича камида 2100 нафар россиялик жаримага тортилди
Жорий йилнинг май ойи охиригача Россияда мамлакат армиясини “обрўсизлантирганлик”да 2100 нафардан зиёд россиялик айбланган, уларга 25 миллион рублдан кўпроқ жарима ёзилган. Бундай умумлашган маълумот “ОВД-Инфо”, “Сова” маркази ҳамда ОАВ ҳуқуқларини муҳофаза қилиш маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси учун ҳозирланган ҳисоботда акс этган.
Ҳисоботда қайд этилишича, Россия армияси фаолияти ҳақида сохта хабар (“фейк”) тарқатганлик учун маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 52 та жиноят иши қўзғатилган. Бундан ташқари, 3 мингдан зиёд сайт блокировка қилинган, 213 та оммавий ахборот воситаси расмийлар босимига учраган.
Путин Поклонскаяни ишдан олди
Россия президенти Владимир Путин аннексия қилинган Қримнинг собиқ прокурори ва Давлат думаси собиқ депутати Наталья Поклонскаяни “Россотрудничество” раҳбари ўринбосари лавозимидан озод қилди, тегишли фармон ҳуқуқий маълумотлар порталида эълон қилинган.
Поклонскаянинг ўзи бўшатилиши “бошқа ишга ўтгани билан боғлиқ”лигини ёзган, бироқ янги лавозими ҳақида бирон маълумот келтирмаган.
Россиянинг Украинага ҳарбий босқини бошлангач, Поклонская «Z ҳарфи ҳам Россия, ҳам Украина халқи учун фалокат рамзига айланди» деб чиқиш қилганди.
Поклонская “Россотрудничество” бошлиғи муовини лавозимига 2022 йилнинг февраль ойи бошида тайинланган эди. Путин ўшанда бошқа фармон билан уни Россиянинг Кабо-Вердедаги элчиси лавозимидан озод қилган.
Ўшанда Украина ТИВ вакили Олег Николенко Поклонская давлатга хиёнат қилгани учун қидирилаётганини, қолаверса унга қарши Украина, ЕИ, АҚШ, Канада ва Япония томонидан санкциялар қўлланганини билдирган. ТИВ мулозими Поклонская “ҳатто Африкада ҳам яширина олмайди”, деб айтган.
Декабрда Киев суди Поклонскаяни қўлга олишга рухсат берди. Украинада у давлатга хиёнатда ҳамда россияда Қримтатар халқи мажлиси фаолияти тақиқланишига алоқадорликда айбланиб, устидан жиноят ишлари очилган.
2022 йил январда Наталья Поклонская элчи лавозимидан воз кечгани маълум қилинган. Айни чоғда собиқ прокурор “давлатга фойда келтирадиган ҳар қандай лавозимда ишлашга тайёр”лигини билдирган.
Ядровий уруш хавфи ортмоқда (SIPRI)
Украинадаги урушни кузатиб бораётган қатор тадқиқот марказлари, Россия қўшинлари жанговар қобилияти пасайиб бораётгани, аммо дунёда ядровий уруш эҳтимоли ортиб бораётганини қайд этмоқда.
Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, Россия армияси қўшимча батальон-тактик гуруҳларни тузишга уринмоқда.
Бироқ муаммоларга дуч келишяпти – катта эҳтимол билан улар шахсий таркибни тўлдира олмай, янги хизматга олинган аскарларга таянишга мажбур бўлишади ва бу қўшинлар жанговар қобилиятини пасайтиради.
Amnesty International ташклоти эса, Россия кассетали снарядлар ва пиёдаларга қарши миналар каби тақиқланган ўқ-дориларни қўлламоқда, деб баёнот тарқатди.
Ташкилот ҳисоботидақайд этилишича, Харьков ва бошқа тинч шаҳарларни кассетали снарядлар билан ўққа тутиш ва пиёдаларга қарши миналардан фойдаланиш билан Москва ҳарбий жиноятлар содир этмоқда.
“Харьковнинг турар-жой даҳаларини ўққа тутиш давом этмоқда. Юзлаб тинч фуқароларнинг ўлимига ва ярадор бўлишига олиб келган бу пала-партиш зарбалар ҳарбий жиноятлар ҳисобланади”, дейилади халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти ҳисоботида.
Amnesty International Россия халқаро конвенциялар билан тақиқланган қуролларни кўп марталаб қўллаганига доир рад этиб бўлмас далиллар мавжудлигини таъкидлаган.
Стокҳолм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти (SIPRI) тадқиқотида “Дунёда ядро қуроли қўлланиши хавфи энг юқори нуқтага етди” деган хулоса қайд этилди.
Экспертлар фикрича, “ядровий клуб” мамлакатлари (Россия, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва КХДР) ўртасида муносабатлар кескинлашгани туфайли ҳозирда ядро қуроли қўлланиши хавфи Совуқ уруш давридан кейинги эг юқори даражага етган.
“Ядро қуролининг ишга солиниши хавфи Совуқ урушнинг авж палласидан бери энг юқори нуқтага етган кўринади”, дейди институт директори Дэн Смит.
Украинадаги уруш важидан РФ билан АҚШ ўртасида стратегик барқарорлик бўйича музокаралар тўхтатилиши вазиятни ёмонлаштирди.
Шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлмиш Хитой, Россия, Франция, АҚШ ҳамда Буюк Британия Ядро қуролини тақиқлаш ҳақидаги шартномага қўшилмади, Эрон билан ядровий битим тузиш масаласида ҳам томонлар ҳануз бир қарорга кела олишгани йўқ.
Тахмин қилинишича, яқин йилларда “ядро клуби” давлатлари ядро қуролини тўплаш ва такомиллаштиришда давом этади. 2021 йилда улар ядро каллаклари сонини камайтиришган эди.
Байден: Зеленский эшитишни хоҳламади
АҚШ президенти Жо Байден, украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский Россиянинг Украинага бостириб кириши АҚШ томони огоҳлантирувига ўз вақтида “қулоқ солишни истамаган”, деб баёнот берди.
“Кўпчилик ўша пайтда мени, вазиятни бўрттириб юборди, деб ўйлаганини биламан”, деди Байден 10 июнь куни Лос-Анжелесда бўлиб ўтган хайрия маросимида.
АҚШ Россиянинг Украинага ҳужум қилиш эҳтимоли ҳақида биринчи бўлиб огоҳлантирган эди. Буни эслатган президент Байден, ўша кезда унда бу тахминни асословчи маълумотлар етарли бўлганини урғулади.
Байденнинг ҳамкасби Зеленский ҳукуматига қаратилган бу эслатмасини, тўртинчи ойки давом этаётган урушда, Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳақидаги нутқи пайтида айтди.
“Иккинчи жаҳон урушидан бери бундай ҳолат бўлмаган. Биламан, кўп одамлар мени бўрттириб юборди деб ўйлашган. Аммо биздаги маълумотларга таяниб, ўша кездаёқ Россия президенти Владимир Путин чегарадан кесиб ўтишини билардим. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Аммо Зеленский буни эшитишни хоҳламади", дея қўшимча қилди Байден.