Днепропетровск нефт базасидаги ёнғинда бир ўт ўчирувчи ҳалок бўлди
Днепропетровск вилоятидаги нефт базасидаги ёнғинни ўчириш чоғида бир қутқарувчи ҳалок бўлди, яна икки нафари куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда хабар берган вилоят маъмурияти раҳбари Валентин Резниченкога кўра, ракета ҳужуми оқибатида жами 13 киши жароҳатланган.
Ёқилғи сақланган резервуар портлаш оқибатида 18 июн куни ёниб кетган, қутқарувчилар 14 соатдан ортиқ вақт давомида ёнғинни ўчиришмоқда. 18 июн куни шунингдек, Кременчуг нефтни қайта ишлаш заводи ва шаҳар иссиқлик электр станцияси ўққа тутилди - Полтава вилояти маъмурияти раҳбари шаҳарга саккизта ракета тушгани ҳақида хабар берди. Завод маъмурияти хабарича, заводнинг инфратузилмаси вайрон бўлган ва йил охиригача тикланиши мумкин эмас.
В. Зеленский Одесса ва Николаевга бориб қайтди
Украина жанубидаги Николаев, Одесса вилоятларидан хизмат сафаридан қайтаётган Украина президенти жанубдаги вазиятга тўхталиб, жануб ҳимоясига барча кучларни сафарбар қилишини айтди.
- Николаевда ҳам, Одессада ҳам ҳарбийларимиз билан, бу икки ҳудудни ҳимоя қилиш ва таъминлаш учун масъул бўлган барча мутасаддилар билан учрашувлар ўтказдим. Талафотлар катта.... Иқтисодий аҳвол, қишлоқ хўжалиги соҳаси ишини атрофлича ўрганиб чиқдик. Биз портларимиз хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятларини муҳокама қилдик. Бизнинг позициямиз аниқ ва ўзгармасдир: халқаро воситачилик ёрдамида хавфсизлик таъминланиши биланоқ Украина Россия босқини туфайли дунёда - Осиё, Африка ва қатор Европа давлатларида юзага келган озиқ-овқат инқирозига қарши туриш учун барча имкониятларини ишга солади.
Зеленский Николаевга борди
Украина президенти Влодимир Зеленский шанба куни мамлакат жанубидаги Николаев шаҳрига борди.
Зеленский, президент веб-сайтига кўра, ракета ҳужумлари оқибатида вайрон бўлган Николаев маъмурияти биносини кўздан кечирди, шунингдек, маҳаллий касалхонага ташриф буюрди.
"Бизнинг Николаев вилояти. Вилоятдаги муҳим масалалар бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Иқтисодиёт, сув таъминотини тиклаш, қишлоқ хўжалигидаги вазиятни муҳокама қилдик. Биз қуруқлик ва денгиздан келаётган таҳдидларга алоҳида эътибор қаратдик. Биз ишимизни тўхтатмаяпмиз. Украина ғалаба қилажак”, — дейилади Зеленскийнинг Телеграм-каналида.
Жума куни ракета ҳужуми оқибатида 37 киши ҳалок бўлди, тўртта кўп қаватли турар-жой ва фуқаролик инфратузилмаси объектига зарар етди.
Северодонецк учун жанглар, Россия кучлари Лисичанскни бомбаламоқда
Украина мудофаачилари Северодонецкда ҳамон қаршилик кўрсатмоқда, дейди украин расмийлари. Украина шарқидаги муҳим шаҳар учун жанглар бир неча ҳафтадан бери давом этмоқда.
Россия кучлари Северодонецк қаршисидаги Северский Донец дарёси бўйида тўпланган, Лисичанскни кучли бомбардимон қилмоқда.
Луганск вилояти ҳарбий губернатори Сергей Гайдай 17 июнь куни Украина жамоат телевидениеси орқали қилган чиқишида Россия ҳужумлари оқибатида кўплаб одам ҳалок бўлганини айтди.
Кейинроқ Гайдай онлайн постида шаҳардан чиқадиган асосий магистрал тўсиб қўйилганини билдирди.
Британия Мудофаа вазирлиги 18 июнь куни ўзининг кундалик разведка хабарномасида маълум қилишича, сўнгги 48 соат ичида Россия кучлари Северодонецкдан 115 километр шимоли-ғарбда жойлашган Изюм шаҳридан жанубга юриш қилиб, шаҳарни шимолдан ўраб олишни мақсад қилган. Гайдай Северодонецкдаги Азот кимё заводи ичида қолиб кетган 500 дан ортиқ тинч аҳолини эвакуация қилишнинг иложи йўқлигини айтган.
Унинг сўзларига кўра, урушдан олдинги 100 минг аҳолидан 10 мингга яқин тинч аҳоли Северодонецкда қамалиб қолмоқда, зарурий анжомлар тугаб бормоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шаҳарда ҳамон қамалда қолган тинч аҳоли сонини 12 минг нафар деб ҳисоблаган.
Россия шу ҳафта бошида тинч аҳолини Москва назорати остидаги ҳудудга эвакуация қилиш учун гуманитар коридорни таклиф қилди ва Азот заводида яширинган украиналик жангчиларни таслим бўлишини талаб қилди. Украина Россия таклифини эътиборсиз қолдирди. Британия разведка хабарномасида таъкидлаганидек, Россия аввалроқ Украина кампаниясида ҳам, Сурияда ҳам бир томонлама эълон қилинган гуманитар коридорлардан жанговар маконни манипуляция қилиш ва аҳолини мажбурий кўчиришни мажбурлаш механизми сифатида фойдаланган. Британия разведкаси Россия таклиф қилаётган маршрут тинч аҳолини Россия томонидан босиб олинган ҳудуднинг чуқурроқ қисмига Сватова шаҳрига олиб боради.
Агар қамалган тинч аҳоли Москванинг коридор орқали чиқиб кетиш таклифини рад этса, Россия улар билан минтақадаги Украина ҳарбий нишонлари ўртасида камроқ фарқ қўйишни оқлаши мумкин, дея хулоса қилади Британия разведкаси ўз бюллетенида.
Марказий Полтава вилояти губернаторига кўра, Россия кучлари 18 июль куни Украинанинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига ҳам ракета зарбалари берган.