Дмитрий Муратов Нобель медалини 103,5 млн долларга сотди. Россиялик журналист бу пулни украиналик қочқин болаларга бермоқчи
2021 йили Нобель тинчлик мукофотига сазовор бўлган “Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратов АҚШдаги Heritage кимошди савдоси уйида ўзининг Нобель медалини 103,5 миллион долларга сотди. Кимошдидан тушган барча пулларни журналист UNICEFнинг (БМТ Болалар ташкилоти) Россия босқинидан жабр кўрган украиналик қочқин болалар ва уларнинг оилаларига ёрдам фондига тақдим этмоқчи.
Медаль телефон орқали амалга оширилган савдода иштирок этган аноним харидорга сотилган. Даставвал медалга 700 минг доллар нарх бичилган эди, бироқ кимошди савдосида нарх бир неча дақиқадан кейин 16,6 миллион долларгача ошган. Кейин баҳо 103,5 миллион долларгача оширилган ва савдо иштирокчиларидан ҳеч бири бундан кўп пул таклиф қилолмаган.
Муратов ўз медалини 1 июнь – Болаларни ҳимоя қилиш куни кимошди савдосига қўйган эди.
Донбассга сафар қилган россиялик амалдорларга икки баравар кўп ойлик тўланади
Россия ҳукумати Донбассга сафар қилган амалдорларга икки баравар кўп ойлик тўлаш ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, рубль ҳисобидаги икки баравар маош ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган Донецк ва Луганск халқ республикалари ҳудудларида, шунингдек, “аҳоли турмуш шароитини таъминлаш ва инфратузилма объектларини тиклаш зарурати бўлган бошқа ҳудудлар”да хизмат командировкасида бўлган ходимларга тўланади.
“Бошқа ҳудудлар” дейилганда айнан қайси ҳудудлар назарда тутилганига ҳукумат қарорида аниқлик киритилган эмас.
Decathlon бренди Россия бозорини тарк этишга қарор қилди
Франциянинг Decathlon бренди Россиядаги дўконларини ёпмоқда. Бренд молларини сотган дўконлар, ТАСС агентлиги хабарига кўра, 27 июндан эътиборан бутунлай ёпилади.
Франциянинг Association Familiale Mulliez холдингига қарашли Decathlon март ойи охирида санкциялар туфайли Россияга аввалда бўлгани каби мол етказиб бера олмаслигини айтиб, мамлакатдаги фаолиятини вақтинча тўхтатилишини билдирган. Айни пайтда бренд Россиядаги ўз ходимларини қўллашда давом этишини қайд этган.
Association Familiale Mulliez холдингига Auchan (Ашан) ва Leroy Merlin (Леруа Мерлен) брендлари ҳам қарайди, бироқ ҳали мазкур брендлар Россиядаги фаолиятини бутунлай тўхтатиш ҳақида эълон қилганларича йўқ.
Европанинг айрим мамлакатлари кўмир воситасида ишлайдиган электр станцияларига қўйилган чекловни олиб ташламоқда
Россия Европага етказиб берилаётган газ ҳажмини қисқартиргани ортидан Ҳолландия кўмир билан ишлайдиган электр станциялари фаолиятига қўйилган чекловларни олиб ташлашга қарорига келди. Бу ҳақда энергетика вазири Роб Жеттен маълум қилди.
Германия, Италия ва Австрия ҳам шу каби чоралар кўришга мойиллик билдирмоқда. “Яшиллар” партияси вакили бўлган ва кўмирдан воз кечишга чақириб келган Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабек вазиятни “оғриқли” деб атаган, бироқ Россия газига қарамликдан қутулиш учун бу чора зарурлигини урғулаган.
Ўтган ҳафтада Газпром “Шимолий оқим” қувури орқали газ ҳайдаб бераётган иккита насос трубинасини тўхтатиб қўйганди. Бунинг ортидан Европага қувур орқали етказиб берилаётган газ ҳажми 60 фоизга қисқарган, газ нархи эса 30 фоиздан кўпроққа ошган.