Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:39

Уч йилда уч вазир. Мирзиёев Транспорт вазирини "охирги марта" огоҳлантирди


Тошкент аэропорти.
Тошкент аэропорти.

Президент Шавкат Мирзиёев Транспорт вазирининг ишини кескин танқид қилиб, унга сўнгги бор огоҳлантириш берди.

Мирзиёевга кўра, бу вазирга берилган вазифаларни бажариш - Ўзбекистон темир, ҳаво ва автомобил йўллари тизимига хусусий сармоя жалб қилишда сусткашликка йўл қўйилган.

Эндиликда президент Транспорт вазирлиги ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятидан 22 кун ичида бу вазифани бажариш - тезликда хусусий инвестор топишни талаб қилмоқда.

Ўзбекистон транспорт соҳаси вакиллари, бугунги тизим ва раҳбарият билан бу талабни бажариш имконсизлиги ва тез орада янги Транспорт вазири тайинланишини тахмин қилишмоқда.


Сўнгги огоҳлантириш

7 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар сарҳисобига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди.

Йиғилишда жорий йил январь-май ойларига белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўйгани учун Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов кескин огоҳлантириш олди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовга кўра, президент аэропортларга хусусий шериклик асосида инвесторларни жалб қилиш ҳамда Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон йўналишидаги тезюрар автомобиль йўлларини қуриш бўйича хусусий шериклик лойиҳалари бўйича қилинаётган ишлар қониқарсиз, деб топган.

“Ҳудудлар ўртасида авиа, темир йўл ва автотранспорт қатновларини кўпайтириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани кўрсатиб ўтилди ва охирги марта огоҳлантириш берилди”, деб билдирди Ш. Асадов.

Айни йиғилишда Транспорт вазирлиги ва “Uzbekistan Airports” ширкатига:

- 1 июлга қадар аэропортларга хусусий шериклик асосида инвестор ҳамда ички авиақатновлар учун лоукостерларни жалб қилиш бўйича амалий ишларни бошлаш;

- 1 августга қадар ички авиақатновларни ҳафтасига 90 тага кўпайтириш топширилган.


Бундан ташқари, бу соҳада қилинаётган ишлар сифати ва ажратилаётган пулларни назорат қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Ппезидент матбуот хизмати тарқатган хабарда қайд этилишича, вазирдан Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини трансформация қилиш ҳам сўралмоқда.

Пуллик автомобил йўллари

2021 йилда қабул қилинган “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан 2021-23 йилларда транспорт соҳаси ривожи учун жами 53 триллион 772 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган.

Бунинг 30 триллион сўми автомобил транспортини ривожлантириш учун ажратилиши белгиланган.

Қарор доирасида амалга ошириладиган лойиҳалардан иккиси айнан Тошкент-Cамарқанд ва Тошкент-Андижон йўналишидаги пуллик автомобил йўлларининг қурилишидир.

Аслида Ўзбекистонда пуллик автомобил йўлларини қуриш лойиҳаси 2018 йилда бошқа бир қарор - Вазирлар Маҳкамаси қарори билан бегиланган ва 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб, Ўзбекистонда пуллик йўллар очилиши белгиланган эди.

Аммо, 2020 йилда бу соҳани 7 ойгина бошқарган собиқ транспорт вазири Элъёр Ганиев Тошкент-Самарқанд пуллик трассасини қуриб бериши келишилган Туркиянинг Cengiz-Kolin-Kalyon консорциумибилан музокаралар, нархдаги келишмовчилик сабаб, самарасиз тугаганини билдирганди.

"Улар бу йўлдан қатнов учун жуда юқори нарх қўйишмоқчи. Бу бизга умуман тўғри келмайди… ", деганди собиқ Трансапорт вазири Элёр Ғаниев.

Cengiz-Kolin-Kalyon - Туркияда давлат молиялаштирган лойиҳаларнинг аксар қисмини қўлга киритган, Европа ва Осиё мамлакатларида йирик қурилишлар қилиб келаётган консорциумдир.

Турк матбуотида бу консорциум Эрдўғон ҳукуматидан энг кўп буюртма олган ва буюртмалар қиймати 150 миллиард доллардан ошгани ҳақида танқидий мақолалар ҳам чоп этилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг Cengiz-Kolin-Kalyon билан шартномаси Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдуғоннинг 2018 йил баҳорда Ўзбекистонга қилган сафари пайтида имзоланган.

На Ғаниев, на бошқа ҳукумат вакиллари давлат ғазнаси ва ташқи қарз ҳисобидан жуда катта миқдорда маблағ ажратилиши айтилган бу келишувнинг бузилгани ва оқибатда, трасса қурилиши бошланмагани сабабларини ҳануз очиқ баён қилмаётир.

Жараёндан хабардор Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбанинг Озодликка айтишича, келишув бузилишига сабаб собиқ вазир Ғаниев даъво қилгани каби инвесторнинг йўл пулини қиммат белгилагани эмас.

“Нега бу йўллар қурилмади? Сабаби бу лойиҳа учун Туркиядан ишбилармонларни чақиришди. Уларни роса ишлатишди. Йўл қурилиши учун зарур таҳлиллар, схемалар ва молиявий моделларни улардан ўрганишди. Кейин, турклар билан ҳамкорликни тўхтатиб, ўша проектни ўзлаштиришди. Табиийки, турклар ташқи инвесторларга арз қилишди. Натижада, бу лойиҳага ўзбеклар ташқаридан пул ололмади. Шу билан йўл қурилиши қолиб кетди. Бор гап шу, буни тепада ўтирганларнинг ҳаммаси билади, лекин ҳамма жим”, деб иддао қилди исми ошкор этилмаслигини сўраган манба.

Худди шундай, Тошкент-Aндижон пуллик автомобиль йўли қурилиши ҳам оқсамоқда.

2021 йил мартида, расмийлар Тошкент-Aндижон пуллик автомобиль йўлини қуриш бўйича дастлабки техник-молиявий ҳисоблар тайёр бўлганини маълум қилишган.

Расмийларга кўра, бу ҳисоблар Жаҳон банки консултантлари томонидан ишлаб чиқилган, қатновчилар учун йўлдан ўтиш нархи 5−6 доллар (эквивалентда) атрофида бўлиши ҳам айтилган.

Тизгинланган ҳаво йўллари

Ўзбекистон ҳукуматига яқин яқин манбанинг Озодликка айтишича, Шавкат Мирзиёев Транспорт вазирлиги зиммасига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тизимига хориждан сармоя жалб қилиш вазифасини ҳам, нафақат жорий ой охирига қадар, балки умуман бажариш имконсиздир.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” тизимига хусусий секторни жалб қилиш масаласи ҳам муаммо. Мирзиёев аэропорт тизимини хусусий секторга бериш, хизмат кўрсатишни ривожлантириш, деяпти. Лекин бу ердаги асосий муаммо - самолётлар учун кетадиган ёқилғини фақат ўзларига тегишли битта жойдан - Jizzakh Petroleumдан оладиган қилиб қўйган. Бу ширкатдан олинадиган ёқилғи эса икки баробарга қиммат, чет элдан борадиган хусусий бизнес бу соҳага кирмайди. Натижада ёқилғи қиммат, шунинг учун “Ҳаво йўллари”нинг рейслари учун билет ҳам қиммат. Бу ширкат кимга тегишли эканини, бунинг орқасида қанақа коррупция турганини ҳамма билади, лекин яна ҳеч ким индамайди”, деб иддао қилади ҳукуматга яқин манба.

Озодлик бу иддаони тўлиқ тасдиқлайдиган маълумотларга эга эмас. Аммо қисман тасдиқловчи маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд.

Jizzakh Petroleum қўшма корхонасига Тошкент аэропортида самолётларга ёқилғи қуйиш қуриш ҳуқуқини бериш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори 2019 йилда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Айни қарор лойиҳасида Мудофаа вазирлигига қарашли - Сергели туманида 72- ҳарбий шаҳарча ҳудуда жойлашган “Марказий ёқилғи базаси” худудининг 10 гектарлик ери ҳам ширкатга бепул фойдаланиш учун ажратиб берилиши ҳам кўзда тутилган.

“Фуқаро авиацияси ҳаво кемаларини авиация ёқилғиси билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида” ID-3105 рақамли қарор муҳокамадан сўнг қабул қилинганми-йўқми - Озодликка маълум эмас. Айни номдаги ҳужжат lex.uz - Ўpбекистон қонунчилик миллий базасида ҳам топилмади.

Лекин, ширкат расмий сайтида 2021 йилнинг 13 мартида Тошкент аэропорти яқинида самолётларга ёнилғи қўйиш комплекси ишга туширилгани ҳақида маълумот берилган.

2017 йилда ташкил қилинган Jizzakh Petroleum қўшма корхонаси - ҳозирдаги номи Sanoat Energetika Guruhi - Ўзбекистондаги энг йирик нефтгаз ширкатидир. Расмий сайтида берилган маълумотга кўра, мамлакатда қазиб олинаётган нефтнинг 80 фоизи шу ширкат ҳиссасига тўғри келади. Бунча нефтни ширкат, Ўзбекистоннинг захираси борлиги ва захира хажми аниқланган 105 та конидан қазиб олмоқда.

Бу корхона 2017 йил июнида «Ўзбекнефтгаз» ва Gas Project Development Central Asia (Gazprom International шўъба тузилмаси) билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри ҳужжатларига қаралса, ҳозирда “Жиззах Петролеум”​ ширкатининг 68 фоизлик акцияси Қибрисда рўйхатдан ўтган офшор BELVOR HOLDINGS LIMITEDга, 30 фоизи “Ўзбекнефтгаз” АЖга, 2 фоизи эса Gas Project Development Central Asia ширкатига тегишли эканини кўриш мумкин.

Баъзи манбаларда BELVOR HOLDINGS LIMITED ортида Марказий Осиё ва Россияда фаолият юритадиган бир қатор компаниялар, Eriell ва Enter Engineering компанияларининг таъсисчиси ва асосий ҳиссадори Бахтиëр Фозилов туриши айтилади.

Уч йилда уч вазир

Ўзбекистонда Транспорт вазирлиги 2019 йилда ташкил этилган. Шундан бери бу идора Очилбой Раматов - 2019-2020 йилларда, Элёр Ғаниев 2020 (январь)-2020 (август), Илҳом Маҳкамов 2020 (август)-ҳозиргача бошқарувига берилди.

Соҳа мутахассисларига кўра, раҳбарлари тез-тез алмаштирилаётган Ўзбекистон транспорт соҳаси давлат бюджети ва ташқи қарзлар ҳисобига энг кўп маблағ ажратилаётган ва айни пайтда энг коррупциялашган соҳалардан бири бўлиб қолмоқда.

Транспорт соҳасидаги Озодлик манбаларининг билдиришича, аслида бу соҳа назорати билвосита ҳануз Очилбой Раматов қўлида. Аммо Раматов ўзи ва яқинларига нисбатан илгари сурилган коррупцион иддаоларга муносабат билдиргани Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG