Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2022, Тошкент вақти: 14:37

Болапарвар куч тизимлари. Етим болалар Миллий Гвардия ва ИИВ ходимлари уйида тарбияланади


Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги 21-сонли Меҳрибонлик уйида, август, 2021

16 январь куни ижтимоий тармоқларда тошкентлик таниқли тадбиркор Мурод Назаровнинг меҳрибонлик уйидан биратўла 9 нафар қизни асраб олгани ҳақида хабар тарқалди.

Кейинроқ Murad Building асосчисининг ўзи ушбу хабарни маҳаллий нашрларга тасдиқлади. Аммо Мурод Назаров бу меҳрибонлик акциясининг ягона иштирокчиси эмас.

Президент Мирзиёевнинг ўтган йил августидаги қарори билан Меҳрибонлик уйлари тугатилмоқда. Айни пайтда тарбияланувчилар кимларнинг қарамоғига берилаётгани ҳамда кейинги ёрдамга муҳтож болалар тақдирига оид саволларни пайдо қилмоқда.

5 вилоятда “Меҳрибонлик” уйлари тугатилди

Миллий гвардия Ахборот хизматининг маълум қилишича, шу кунга қадар Навоий, Фарғона, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонда “Меҳрибонлик” уйлари тўлиқ тугатилган.

Бу уйлардаги болалар оилаларга бўлиб берилган ва сўнгги 4 ой ичида Ўзбекистонда 100 га яқин Оилавий болалар уйлари очилган.

Расмий ОАВ хабарларига кўра, етим болаларни бўлиб олганларнинг аксари ёпилаётган “Меҳрибонлик” уйларининг ходимлари ва раҳбарлари, ҳокимият, Миллий гвардия, ИИВ ходимлари ҳамда маҳаллий тадбиркорлардир.

Миллий гвардия Ахборот хизмати Озодликнинг, бу болалар қисқа муддат ичида оилаларга қандай тақсимлангани, уларнинг кейинги ҳаёти қандай назорат қилиниши ва бошқа саволларига жавоб бермади.

“Ходимларимизнинг ўз ташаббуси”

Фарғона вилояти ҳокимлик органларидан бирида ишлайдиган мулозимга кўра, давлат ва куч ишлатар идоралари, шунингдек тадбиркорлар “Меҳрибонлик” уйларидаги болаларни ўз ташаббуси билан фарзандликка олмоқда.

Расмий, вилоятдаги 2 та “Меҳрибонлик” уйи ва 1 та Болалар уйи тамоман ёпилганини айтди.

“Баъзи болалар ўзининг оиласига ёки қариндошларига, баъзилари оилавий болалар уйларига берилди. Миллий гвардия ходимларимиз, ҳокимиятдаги ходимларимиз ҳам ўзлари ўз ташаббуси билан болаларни олди, Миллий гвардия бошқарма бошлиғимизнинг ўзлари қўллаб-қувватлаб турдилар. Тадбиркор оилаларга ҳам берилди. Асосийси, етарли уй-жойи бўлиши керак. Қолган харажатлари тўлиқ давлат ҳисобидан”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим.

“Мажбурлашяпти”

Самарқанд вилоятидаги Васийлик ва ҳомийлик органида ишлайдиган мутахассис, сўнгги 4 ой ичида бирин-кетин очилган Оилавий болалар уйлари ҳақидаги хабарларни кузатиб бораётгани, умумиятла бу жараённи қўллаши, айни пайтда хавотирлари ҳам борлигини айтди:

“Бу болаларнинг оилада бўлгани, албатта яхши. Лекин, 10 йил васий-ҳомий бўлиб ишладим, етим болани оламан, деган ҳокимият амалдори ёки ИИВни начальнигини кўрмадим, ҳозир улар 5 талаб бола оляпти. Яна асосан 8 - 16 ёшдаги болалар, тарбиялаш қийин. Мен бу хабарларни кўриб, уларни мажбурлашяпти, деган фикрга келяпман. Энг муҳими, бу болаларнинг кейинги тақдирини ким қандай назорат қилади? “Ўртоқ начальник, асраб олган қизларингиз билан бир гаплашиб олайлик”, деб боришга кимнинг духи етади? ИИВ, ҳокимиятдаги раҳбарларнинг феъли ҳаммага маълумку!”

Самарқандлик мутахассисга кўра, ҳозир фарзандлик, васий ёки ҳомийлик, патронатга берилаётган болаларга давлат ҳисобидан ойига 1 миллион 300 минг сўм атрофида (базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари - таҳр.), ногирон болалар учун эса 2 миллион 700 минг сўм атрофида (базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари- таҳр.) пул тўланади.

“Бундан ташқари, кийими учун ҳам давлат пул беради, йилда бир марта. Куртка, этик, спорт оёқ кийими, мактаб кийими биттадан. Лекин барибир 1 миллион 300 минг сўм бир ойда битта ўсмирга кетадиган ҳаражатни қопламаслиги аниқда. Шундан келиб чиқиб айтяпман, “Меҳрибонлик” уйларини тезда ёпиш топшириғи тепадан берилган, булар ура-ура қилиб болаларни тарқатиб, “Меҳрибонлик” уйларини шоша-пиша ёпишяпти”.

Мурод Назаров: “Менга телефон қилишди”

Тошкентлик таниқли тадбиркор, Murad Buildings, Nest One ва NRG каби ширкатлар эгаси Муродхон Назаров бирданига 9 болани асраб олиб, тармоқларда турли мунозараларга сабаб бўлди.

QALAMPIR.UZ нашрига айтишича, Назаровга ҳам Тошкентдаги “Меҳрибонлик” уйидан ўзлари қўнғироқ қилишган.

“Меҳрибонлик уйларида бола кам бўлгани сабабли 23-сонли меҳрибонлик уйини бўшатиб, болаларни турли жойга тарқатишмоқчи бўлишганда, улар менга ёрдам беринг, деб илтимос қилишди. Биз оиламиз билан маслаҳатлашиб, уларни ўз оиламизга олишга қарор қилдик”, деб айтган Назаров.

Психиатр кўригидан ўтказилдими?

“Меҳрибонлик” уйларининг ёпилишию болаларнинг тезлик билан турли оилаларга тарқатилиши жамоатчиликда турлича муносабат уйғотди.

Бир тарафдан, бундай оилалар болаларни ўз ихтиёри билан оляптими ва бунинг ортида болалар ҳуқуқларига зид келувчи манфаат йўқми, деган савол ўртага ташланмоқда.

Иккинчи тарафдан, қарийб тенг ёшдаги ўсмир қиз ёки йигитларни қисқа муддат ичида асраб олаётган ўзига тўқ оилаларнинг руҳий, тиббий ва маънавий аҳволи ўрганилдими, қонунчиликда белгиланганидек, психиатр кўригидан ўтказилдими, деган саволлар бот-бот такрорланмоқда.

Озодлик бу саволларга ҳозирча Миллий гвардия ва Халқ таълими вазирлигидан жавоб ололмади.

Мавжуд қонунчиликда болаларни фарзандлик, васий ёки ҳомийлик, патронатга олувчи оилаларга қўйиладиган талаблар қаттиқ ҳамда бунга кетадиган муддат ҳам қисқа эмас.

Жумладан, Оилавий болалар уйлари тўғрисида Низомда белгиланишича, бола асраб олиш ёки Оилавий болалар уйини очишни истовчи эр-хотинлар, обдон текширувдан ўтиши лозим:

  • васийлик ва ҳомийлик органига ёзиладиган ариза,
  • эр-хотинда санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлган мулк ҳуқуқи,
  • ижара ёки бошқа турдаги турар жойи борлигини тасдиқлайдиган ҳужжат (тегишли турар жой мавжуд бўлмаган тақдирда аризада хизмат турар жойи билан таъминлаш зарурлиги кўрсатилади),
  • Тиббий маслаҳат комиссиясининг эр-хотиннинг соғлиғи тўғрисидаги хулосаси,
  • психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансери маълумотномаларни тақдим қилиши лозим.

Ҳужжатлар 30 кунда кўриб чиқилади. Қабул қилингач, яна 1 ой муддат ичида оиланинг аҳволи ва ундаги барча аъзолар ҳамда “Меҳрибонлик” уйидан олинаётган болалар фикри алоиҳда ўрганилади, сўнгра Оилавий болалар уйини очишга рухсат берилади.

Қонунчиликка биноан, фақат 35 ёшдан 50 ёшгача бўлган эр-хотинлар тарбияловчи ота-она бўлиши мумкин.

“Ижтимоий етимлар”

Расмий маълумотларга кўра, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар сақланадиган “Меҳрибонлик” уйларида сўнгги йилларда ота-онаси ҳаёт бўлган, аммо турли сабабларга кўра боқолмай қолган болалар кўпайган эди.

Бундай болаларнинг аксари:

  • отаси хорижга кетиб онаси боқолмай қолган,
  • ҳам отаси, ҳам онаси хорижга ишлашга кетгач, қаровсиз қолиб кетган,
  • ота-онаси шахсан “Меҳрибонлик” уйига топшириб кетган,
  • ота-онаси ажрашиб, қаровсиз қолиб кетган,
  • ота ёки она, ё иккиси ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва ҳоказо болалардир.

Жумладан, Халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев берган маълумотга кўра, 2021 йил ноябрь ҳолатига кўра, мамлакатдаги жами 16 та “Меҳрибонлик” уйида 2 минг 47 нафар тарбияланувчи бўлган.

Булардан 316 нафари чин етим (отаси-онаси вафот этган), қолганлари чала етим (ё отаси, ё онаси вафот этган) ёки ижтимоий етим (ота-онаси тирик) болалар.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ўринбосари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусовага кўра, “Меҳрибонлик” уйларидаги бир болани бир ой парвариш қилиш, 2020 йил ҳолатига кўра, 2 ярим миллион сўмга тушган:

“Мониторинглар давомида ўрганилган “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари 2020 йилнинг 6 ойи давомида чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилмаган ва соғломлаштириш ишлари олиб борилмаганлиги аниқланди… Иш ҳақи жамғармаси, коммунал хизматлар ва болалар уйининг биноларини сақлаш харажатлари. Молиявий харажатлар бир тараф, лекин маънавий зарарни таққослаш қийин. Болалар уйлари жамиятга жуда қимматга тушади, чунки биз ёпиқ муассасаларда болалар уйлари тарбияланувчиларининг руҳиятини ва ривожланишини бузмоқдамиз”.

Аслида “Меҳрибонлик” уйларини қисқартириш, болаларни ўз оилаларига қайтариш ёки қариндошлари, истовчи оилаларга патронаж учун бериш жараёни 2019 йилда бошланган.

Мирзиёев 2019 йилнинг 11 февралида “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаганди.

Қарорда, “Меҳрибонлик” уйларидаги болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва "ижтимоий етимлик"ка барҳам бериш белгиланган.

Бундан кейин назорат кимда бўлади?

Самарқандлик васий-ҳомийлик органи мутахассиси етим ва қаровсиз болалар ижтимоий ҳимоясига оид янги тизим борасида иккита очиқ қолаётгани жиддий саволи борлигини айтади:

“Биринчидан, пулдор оилаларга берилган болаларнинг кейинги жисмоний, руҳий аҳволи қандай назорат қилинади? Ҳозир Миллий гвардияга бириктирилган, қарор бўйича. Бу ўзи умуман бошқа вазифа билан шуғулланадиган ташкилотда. Унинг ходимларини ўқитишяпти-бошқа, лекин улар бу вазифани бажара оладими?

Иккинчи жиддий савол - бугун катта-катта вадалар билан болаларни оилаларга бераётган давлат сўзида турадими? Чунки, шу пайтгача ҳам қоғозда зўр-зўр имтиёзлар бўлган, лекин “Меҳрибонлик” уйларининг аҳволи ҳаммага маълум эди. Болалар етарли овқатланмаган, қаровсиз, қизлар зўрланган ҳолатлар ҳам бўлди, эсингизда бўлса Марғилонда. Бу муаммолар оилада бўлмайдими?! Бўлиши мумкин - хўп, оилаларда бунақа ҳолатлар қандай назорат қилинади ва қандай олди олинади - шахсан мен учун номаълум”.

2020 йилда Марғилондаги 1-сонли “Меҳрибонлик” уйида тарбияланувчиларни жинсий зўрлаш, ҳомиладор бўлиб қолган қизларни боласини туширишга мажбурлаш ва хайрия маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари юз бергани фош бўлганди.

117 нафар тарбияланувчиси бўлган муассасада вояга етмаган қизлар фоҳишаликка мажбурлангани ва улардан жинсий хизмат кўрсатишда фойдаланилгани билан боғлиқ жиноят аниқлангач, етимхона раҳбари доҳил ўндан зиёд ходим ўта оғир жиноятларда айбланиб, жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистода шу пайтгача жами:

  • 13 та “Болалар уйи”да 560 нафар болалар (3−4 ёшгача);
  • 16 та “Меҳрибонлик уйи” ва 4 та “Болалар шаҳарчаси”да 1,8 минг нафар болалар (3 ёшдан 18 ёшгача);
  • 86 та махсус интернатда 21 минг нафар болалар (7 ёшдан 18 ёшгача);
  • ҳомийлик, васийлик, оила патронати асосида 79 минг нафар болалар тарбияланиб келган.

Айни пайтда “Меҳрибонлик” уйлари кескин қисқариб кетса, келгусидаги эҳтимолий етим ва қаровсиз қолган болалар қандай ҳимоя топишига оид саволлар ҳам очиқ қолмоқда.

ЮНИСЕФ ташкилоти, Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ совет тизимидан қолган етимхоналар институтини тугатиш ислоҳотларини олқишлашини билдирган. Аммо бу жараённи пишиқ режа билан, босқичма-босқич амалга ошириш ҳамда болаларни олган оилаларни узлуксиз ёрдам билан таъминлашга чақирган.

XS
SM
MD
LG