Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:04

Обама сайловолди кампаниясини бошлади


Иқтидордаги президент 2012 йилга белгиланган президентлик сайловида ўз номзодини қўйишини эълон қилди.

Қарийб 13 миллион тарафдорига электрон почта орқали йўллаган мактубида президент Обама кенг кўламли ижтимоий ва молиявий ислоҳотлар дастурини охирига етказиш учун иккинчи муддатга президент этиб сайланиши кераклигини айтган.

Президент Барак Обама 2008 йилги сайловолди кампаниясида эришган тарихий ютуғини қайтариш ниятида экани айтилмоқда.

Обама ўз интернет сайтига қўйган биринчи видеолавҳасида бутун мамлакат бўйлаб турли ёшдаги гуруҳлар ва миллатлардан тарафдорлари борлиги акс этган.

Видеолавҳада Невада штатида яшовчи Гладис исмли қиз Обама яна президент этиб сайланиши тарафдори эканини айтади.

- Ҳал қилиниши керак бўлган жуда кўп нарсалар бор. Биз президент Обама шу муаммаларга эътибор қаратишини хоҳлаймиз, - дейди невадалик Гладис.

Видеолавҳада ўзини ню йорклик Майк деб таништирган йигит 2012 йилда ўтказиладиган президентлик сайловида ким учун овоз бериш ҳақида аллақачон қарор қабул қилганини айтади.

- Мен Обама бу мамлакатга шижоат ва умид берганини кўрдим. Мен ўша пайтда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган бўлсам-да, бир кун келиб мен қайта унинг сайланишига ёрдам бериш учун овоз бера олишимни билардим. Энди мен шундай қилмоқчиман, - дейди ню йорклик Майк.

Шимолий Каролинга штатида яшовчи Эд эса ҳамма масалада Обаманинг фикрига қўшилмаслигини, аммо уни “ҳурмат қилиши” ва “ишониши”ни айтади.

Барак Обама сайловолди кампаниясини расман бошлаши учун шу ҳафтада Федерал сайлов комиссиясига керакли ҳужжатларни топшириши кутилмоқда.

2008 йилги сайловолди кампаниясида Обама 750 миллион доллар маблағ йиғиб, рекорд ўрнатган эди.

Обаманинг сайловолди кампаниясини уюштирадиган ходимлар 2012 йилги президентлик сайловолди кампанияси учун бир миллиард доллар маблағ йиғишни мақсад қилган.

Айни пайтда Республикачилар партияси ҳам бўлажак президентлик сайловига тайёргарлик кўрмоқда. Мамлакатда қарзлар миқдори мисли кўрилмаган даражага етгани, Ироқ ва Афғонистонда иккита уруш давом этаётгани, ишсизлар сони юқори бўлгани яққол сезилаётган бир пайтда Обаманинг рақиблари америкалик сайловчилар ҳокимиятга янги раҳбарият келишини хоҳлашига умид қилмоқда.

Ҳозирча фақат Миннесота штатининг собиқ губернатори Тим Поленти республикачилар партиясидан президентликка даъвогар бўлиш истагини билдирди.

Ўнга яқин республикачи, жумладан, Массачусет штати собиқ губернатори Мит Румней, Намояндалар палатаси собиқ раиси Нют Жингрихнинг ҳам Республикачилар партияси номидан президентликка даъвогарлик қилиши кутилмоқда.

Алясканинг собиқ губернатори ва аввалги сайловда вице-президентликка собиқ номзод Сара Пейлиннинг ҳам 2012 йилги президентлик сайловида Республикачилар партияси номзоди бўлиши ҳақида миш-мишлар бор.

Таҳлилчиларга кўра, Демократларнинг бўлажак сиёсий кураши суст бўлади, дейишига асло ўрин йўқ. Боиси Конгресс аъзолиги учун 2010 йилда ўтказилган сайловда Демократик партия мағлубиятга учраган.
XS
SM
MD
LG