Линклар

Шошилинч хабар
23 июн 2025, Тошкент вақти: 21:11

Қозоғистон даштида сарсон бўлган Муҳаммад


Россияга пул топиш илинжида кетаётган тожикистонлик Муҳаммад ҳужжат текширувчилар инжиқлиги туфайли тўрт йил саргандон бўлди.

Ваҳдат туманида яшовчи Муҳаммад пул топиш илинжида 19 ёшида Россияга йўл олади. Бироқ Қозоғистоннинг Ўтрор станциясида Душанбе-Москва поездига атиги бир неча дақиқа кечикиш унинг кейинги ҳаётини остин-устин қилиб юборади.

Юзлаб тенгдошлари қаторида Россия сафарига чиққан Муҳаммадни ҳужжатларидаги чалкашлик туфайли қозоғистонлик чегарачилар поезддан туширади.

“Россияни кўзлаб, йўлга чиқиб, қозоқ даштига бориб қолдим”

Муаммо ҳал қилингунча эса поезд уни кутиб турмай, шиддат билан йўлида давом этади.

- Поезднинг орқасидан югурдим, бақирдим, қоқилиб йиқилдим. Лекин унга ета олмадим. Кейин станцияда йиғлиб ўтиргандим, икки қозоқ келиб қозоқ тилида нимадир деди - тушунмадим. Кейин улар рус тилида “ишлашни хохлайсанми, ойига 45-50 минг тенге ҳақ берилади”, деди. Бу таклифдан қувониб кетдим ва рози бўлдим. Сўнг улар билан 500 километр йўл босиб, ярим тунда чўлу биёбонга бориб қолдим, - дея эслайди Муҳаммад.

Тонгда чорва моллари овозидан уйғонган Муҳаммадга вақтинча уй юмушларига ёрдам бериб туриш топширилади. Аммо ноъмалум сабаблар билан хўжайин унинг паспортини олиб қўяди.

Икки ойлик пулсиз хизматдан сўнг Муҳаммаднинг зиммасига сон-саноқсиз чорвани боқиш юклатилади.

- У ерда мен билан бирга яна икки ўзбекистонлик йигит ҳам бор эди. Кейинчалик Хоразм ва Сурхондарёдан бўлган бу йигитларнинг ҳам мен каби текинга ишлаб юрганларини билдим, - дер экан Муҳаммад қуллик исканжасига тушиб қолганини ўшанда англаб етганини айтади.

Умрининг тўрт йилини Қозоғистон чўлларида асоратда ўтказган Муҳаммад бўрилар қўйларни ғажиб кетгани учун бир неча марта аёвсиз калтакланганини айтиб, баданида жароҳат изларни кўрсатади.

Муҳаммаднинг айтишича, у ўзбекистонлик шериклари билан хўжайиннинг оиласидан қолган қолдиқ овқатни еб кун кечирган.

- Бизга итига муносабат қилганчалик муносабат қилмасди. Тор ва қоронғу бир уйда, хас ва туя пўстаги устида ухлардик. Ўзидан қолган овқатни берарди. Баъзида шу ҳам йўқ эди, - дея эслайди ўша қора кунларни Муҳаммад.

Қочиш

Муҳаммадни ахтарадиган ва уни бу азоблардан қутқарадиган ҳеч ким йўқ эди. Чунки, Муҳаммаднинг айтишича, отаси жуда ёшлигида уларни ташлаб, бошқа аёлга уйланиб кетган. Онаси эса сурхондарёлик кишига турмушга чиқиб, ўз ташвишлари билан ўралашиб қолган.

Ниҳоят тўрт йиллик азобдан сўнг сабр косаси тўлган Муҳаммад қочиш йўлини излашга тушади. Лекин ўзбекистонлик шериклари тақдирга тан берганларини айтиб, унинг бу борадаги таклифини қабул қилмайди.

- Бир кеча хўжайин отасининг 70 йиллигини нишонлади. Меҳмонлар кўп эди. Улар ярим тунгача базм қилиб, кейин маст ҳолда ухлаб қолишди. Мен икки идишга сув тўлдириб олдим ва у ердан қочдим. Тунлар биёбонда ухладим. Кўпроқ бўриларга учраб қолишдан қўрқардим. Қаёққа боришни билмасдим. Ниҳоят, катта кўчага чиқдим ва доғистонлик бир ҳайдовчини учратдим. У мени ўзи билан олиб кета олмаслигини айтиб, сув ва егуликлар қолдириб кетди, - дейди 2009 йил ноябридаги воқеани эслар экан Муҳаммад.

Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади

Кўп машаққатлардан кейин Ўтрор марказига етиб олган Муҳаммад ниҳоят ватанига қайтишига ишониб қувонади. Лекин бу қувонч узоққа чўзилмайди. Унга қозоқ йигитлар ҳужум қилиб, баданининг бир неча ерига пичоқ санчишади.

- Пичоқ билан тилинган оёқларимни шифокорлар наркозсиз тикди. Кейин милиционерлар келиб, сўроқ қилишди. Ўн кунларча шифохонада ётдим, кейин жавоб беришди. Борар ерим йўқ эди. Шифохона ҳовлисидаги ўриндиқларда, арча дарахтлари тагида тунаб юрдим. Мелисалар: “Ўтрорга қайтариб юборамиз”, деди. Йиғлаб ёлвордим, кейин индашмади. Ҳамма мендан қочарди. Чунки соқолим кўксимга тушиб, сочим ҳам анча ўсиб қолганди. Лекин бир кун бир аёл келиб, кимлигимни, нега бу ҳолда эканимни сўраб қолди. Кўрган-кечирганларимни айтганимдан кейин у мени уйига олиб борди. Соч-соқолимни тартибга келтириб, кийим-кечак берди. Унинг уйида икки ой қолиб кетдим. Аёлнинг уйини супурдим, ҳаммомига кафел тердим, - дейди Муҳаммад.

Ниҳоят ўша аёл кўмагида ватанига қайтиш насиб қилган қаҳрамонимиз Муҳаммад саккиз ойдан буён Тожикистонда иш тополмай сарсон бўлиб юрганини айтади.

Чорасизлик

23 ёшли суҳбатдошимиз уй қуриш ва уйланиш учун каттагина пул кераклигини яхши англайди. Аммо кўп қатори Тожикистонда ишсиз қолаётган Муҳаммаднинг бугун бошида айланаётган ягона ўй яна Россияга кетиш экан.

Шу ўринда айтиш лозимки, минтақанинг бошқа мамлакатларидаги сингари тожикистонликлар ҳам қуллик ва ўлим билан юзма-юз келаётганларига қарамай, қарз олиб бўлса ҳам Россияга кетишга мажбур. Чунки мамлакатдаги ишсизлик, ижтимоий тенгсизлик шуни тақозо қилади.

Иқтидордаги ҳукумат тожикистонликларнинг асосий даромади меҳнат муҳожирлиги келаётганини очиқча тан олса-да, шу кунга қадар меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бирорта жўяли иш қилмаган.
XS
SM
MD
LG