Линклар

18 январ 2018, Тошкент вақти: 13:09

Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний президентликка номзод сифатида рўйхатга олинмаслиги тўғрисида Марказий сайлов комиссияси чиқарган қарорга жавобан умумроссия қаршилик акцияси ҳозирлаётганини эълон қилди.

“Тараққиёт партияси” раиси, “Коррупцияга қарши кураш жамғармаси” таъсисчиси​ Алексей Навальний ўз тарафдорларини 2018 йилги президентлик сайловларини бойкот қилишга даъват этди.

- Биз бундай бўлишини тушунаётган ва шунга яраша аниқ-тиниқ режа ишлаб чиққан эдик. Биз “сайловчилар забастовкасини” эълон қиламиз, зеро бизга таклиф қилинаётган нарса сайлов эмасдир, деди Алексей Навальний.

У Элла Памфилова бошқараётган Россия Марказий сайлов комиссияси қарори мамлакат конституцияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ҳукмига зид эканини эслатиб ўтди.

Россия Марказий сайлов комиссияси ўз қарорини мухолифатчининг “Кировлес” иши бўйича судлангани билан изоҳлади.

Россия Конституциясининг 32-моддасига мувофиқ, сайловларда суд томонидан лаёқатсиз деб топилган ва озодликдан маҳрум этиш муассасаларида қолаётган шахсларгина иштирок эта олмайди.

Навальний мамлакат бўйлаб жойлаштирилган ўз сайлов штабларини тарқатиш ўрнига уларни “сайлов забастовкаси” штабларига айлантиришини эълон қилди:

- Биз сайловларга қарши ташвиқот қиламиз. Сайлов участкасига бориш ҳозирги вазиятда бемаънилик ва номуносиб иш бўлади. Сайлов участкасига ҳозирги вазиятда бориш ёлғон ва коррупцияга овоз беришдир. Айни вазиятда бюллетенни бузиб қўйиш ҳам ярамайди, чунки Кремлни фақат одамлар сони қизиқтиради, дея тушунтирди ўз позициясини мухолифат лидери.

Навальний шунингдек, сайловда иштирок этажак сиёсатчиларни овоз беришга беш кун қолганда ўз номзодини олиб ташлашга чақирди.

Ушбу чақириқлардан хавотирга тушган Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков воситасида Алексей Навальний тарғиб қилаëтган бойкотнинг қонунчилик нуқтаи назаридан текширилиши кераклигини билдирди:

- Номзод бўлишни хоҳловчилардан бирининг қонунчиликка мувофиқ иштирок этмаслиги сайловлар ҳаққонийлигига таъсир ўтказа олмайди, деди президент матбуот хизмати раҳбари.

Мухолифатчи Навальнийнинг Россия президентлиги сайловларида иштирок этишдан маҳрум қилиниши кўплаб сиёсатчи ва халқаро ташкилотлар танқидига учради.

Жумладан, Европа иттифоқи “Навальнийнинг 2018 йилги сайловларда судланганлиги боис иштирок эта олмаслигини Россияда сиёсий фикрлар ранг-баранглиги ва келгуси йилда демократик сайловлар бўла олишига жиддий шубҳа уйғотаётганини” билдирди.

Бундан олдинроқ Россия президентлигига номзод сифатида ҳужжатлари қабул қилинган Ксения Собчак Коррупцияга қарши жамғарма раҳбари Алексей Навальнийга ўз расмий вакили сифатида сайловларда иштирок этиш таклифи билан чиқди.

Ўтган якшанба куни Россиянинг 20 ортиқ шаҳрида Алексей Навальнийнинг президентлик сайловларида иштирок этишини ёқловчи намойишлар бўлиб ўтди ва уларда 15 мингга яқин одам қатнашди.

Россияда навбатдаги президентлик сайлови 2018 йилнинг 18 марти куни ўтказилади.

2000 йилдан бери мамлакат ҳокимияти тепасида аввалига икки муддат президент¸ сўнгра эса¸ Бош вазир сифатида қолаëтган Владимир Путин бу сайловларда ҳам яна президентликка даъво қилади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG