Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:36

Навальний-Усмонов тортишуви суд залига кўчди


Алишер Усмонов ва Алексей Навальний
Алишер Усмонов ва Алексей Навальний

Москва суди Кремлга яқин олигарх Алишер Усмоновнинг мухолифат етакчиси ва коррупцияга қарши кураш фаоли Алексей Навальнийни ўзига туҳмат қилганликда айблаб берган даъво аризасини кўриб чиқишни бошлади.

Люблинск туман суди ҳаками 30 май куни мажлис бошланишида¸ даъвогар ҳам, айбланувчи ҳам жараëннинг видеотрансляция қилинишга рози бўлганига қарамай¸ маҳкама эшитувларининг видеотрансляция қилинишга рухсат берилмаслик қарорини эълон қилди.

Иш қўзғатилишига Навальнийнинг бош вазир Дмитрий Медведевни Россия ва чет эллардаги бойлигини бошқариш учун хайрия жамғармаларидан фойдаланиш орқали оммавий коррупцияга сабабчи бўлганини иддао қилувчи видеоси сабаб бўлди.

Навальний ўз текширувлари хулосасига таяниб туриб¸ Усмоновни 50 миллион АҚШ долларлик данғиллама ҳовлини Медведевга қарашли жамғармалардан бирига “ҳадя сифатида” берганини жамоатчиликка эълон қилган.

Суд мажлисига Навальнийнинг ўзи, Усмонов номидан эса унинг адвокати Генрих Падва келди.

Навальний адвокати суддан олигархнинг даъвосини рад этишни сўраб, бунақа ишлар одатда арбитраж судида тингланиши кераклигини айтди.

Судья ушбу илтимосни, шунингдек, Навальний ҳимоячиларининг “Соцгоспроект” ижтимоий жамғармасидан иддаога сабаб бўлган ҳовли қандай сотиб олингани тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этиш сўралган илтимосини рад этди.

Даъво аризасига кўра, миллиардер Усмонов ўзига у ëки бу шаклда етказилган зарар учун товон пули талаб қилаётгани йўқ.

Асли наманганлик миллиардер Навальнийдан видеоблог орқали Усмоновнинг пора бергани, жиноятчи бўлгани, Россияда солиқ тўламагани, Совет Иттифоқи вақтида зўрлаш учун қамалиб чиққани, кончилик корхоналарини ноқонуний хусусийлаштиришда иштирок этгани тўғрисидаги иддаоларини қайтариб олиш ва кечирим сўрашни талаб қилмоқда.

29 май куни ўз сайтида Алишер Усмонов эътирозларига яна бир бор видеоблог орқали жавоб қайтарган Алексей Навальний¸ олигархга қўйган айбларини ҳужжат ва далиллар орқали қайта такрорлади ва бу ҳужжатларнинг судга тақим этилишини билдирди.

Алексей Навальнийнинг Бош вазир Дмитрий Медведевни коррупцияда айблашга қаратилган суриштирувидаги бош фигура саналган Алишер Усмонов билан видеотортишуви¸ кейинги ҳафталар давомида Россия ижтимоий тармоқларида энг кўп кўрилаëтган ва муҳокама қилинаëтган воқеага айланди.

XS
SM
MD
LG