Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:08

Алишер Усмонов:"Бошқа давлатларда 3-5 йилда қилинадиган ислоҳотларни Мирзиëев бир йилда амалга оширди!"


Шавкат Мирзиëев ва Алишер Усмонов.
Шавкат Мирзиëев ва Алишер Усмонов.

Reuters агентлигига берган интерьвюсида асли наманганлик миллиардер Алишер Усмонов¸ Шавкат Мирзиëевнинг бир йил ичида амалга оширган "жасоратли ислоҳотлари" Ўзбекистонни дунëга очаëтганини олқишлади ва ўзининг Мирзиëевга "қўлидан келгунча¸қурби етгунча" ëрдам беражагини таъкидлади.

_______________________________________________________

Москва (Reuters) – Россиялик миллиардер Алишер Усмонов ўзи туғилиб ўсган Ўзбекистон янги раҳбарига собиқ СССрнинг бу давлатини ташқи дунëга очишда ëрдам бермоқда ва унинг Reuters билан суҳбатда айтишича¸ ўзи ҳам “ўзбек иқтисодига қурби етгунча” сармоя ëтқизади.

Метал корчалони¸ шунингдек Британиядаги Арсенал футбол клуби мулкдорларидан бири Алишер Усмонов бу интерьвюда биринчи марта Ўзбекистон лидерлари билан шерикликда ишлаëтганини жамоатчиликка эътироф қилди.

Усмоновнинг бундай қўллови¸ Ўзбекистонни 25 йиллик репрессив бошқарув ва совет услубидаги иқтисодий сиëсатдан чиқаришга уринаëтган¸ аммо айрим ички рақиблари қаршилигига дуч келаëтган президент Шавкат Мирзиëевни қувватлантириши табиий.

“Мен Ўзбекистонга имкони мавжуд ҳар бир соҳада ëрдам беришга тайëрман ва аллақачон ëрдам бераяпман ҳам”¸ дейди Усмонов Reuters билан телефон суҳбатида. “Менинг бугунги ролим маслаҳат¸ консультация бериш ва хайрия лойиҳаларидир.”

Ўзбекистонга қанча сармоя киритишга тайëрлиги ҳақидаги саволга Усмонов : “Қурбим қанчага етса¸ шунча” деб жавоб берди.

Сармоясига оид бошқа тафсилотларни очиқламаган Усмонов¸ акцияларининг 49 фоизи ўзига қарашли бўлган Россиядаги USM ҳолдинги билан Ўзбекистондаги метал заводлари ўртасидаги ришталар мустаҳкамланаëтганини қўшиб ўтди. У бу алоқаларнинг ҳозирги мақоми ҳақида ҳам тафсилотларни тақдим қилмади.

64 яшар Усмонов¸ Россия бойларининг бешинчи поғонасида; Forbes журналининг Россия нашри унинг бойлигини 15.2 миллиард долларга чамалаган. Бу эса¸ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг бешдан бирига тенгдир.

Усмонов Ўзбекистонда туғилган¸ лекин ëшлигида Россияга кўчиб ўтган. Унинг бойлиги рўйхатига Россиядаги энг йирик темир ишлаб чиқарувчи Металлоинвест заводининг ярми¸ телекоммуникация ва интернет компаниялари акциялари киради.

Аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган Ўзбекистон 1991 йили мустақил бўлганидан 2016 йилга қадар ҳам Россия¸ ҳам Ғарбга ишончсизлик билан қараб¸ иқтисодни қаттиқ назоратига олган¸ ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилган Ислом Каримов томонидан бошқарилди.

Ўтган йил сентябрида вафот этган Каримов ўрнини унга узоқ муддат бош вазирлик қилган Шавкат Мирзиëев эгаллади. Мирзиëев сармоя устидан назоратни бекор қилиш каби қатор иқтисодий ислоҳотларни амалга оширди¸ бошқа давлатлар билан муносабатларни моҳиятан ўзгартирди.

ЖАДАЛ ИСЛОҲОТЛАР

“Жорий раҳбариятнинг молиявий ислоҳотларни ўтказиш жасоратига ҳурматим ниҳоятда баланд. Мен бошқа кўп давлатларда бўлаëтгани каби бу нарсаларга уч йилдан беш йилгача вақт кетса керак¸ деб ўйлаган эди. Аммо Ўзбекистонда вазият бир йилда ўрнига тушди”¸ дейди бизнесмен.

“Авваллари¸ даромадни олиб чиқиш механизми бўлмагани учун Ўзбекистонга сармоя ëтқизишдан ҳамма қўрқарди. Бугун¸ қонун нуқтаи-назаридан муаммо деярли ечимини топди¸” дейди у. “Буларнинг бари Ўзбекистон учун улкан¸ бурилиш қилувчи ислоҳотлардир.”

Мирзиëевнинг ислоҳот режаси давлат мулкини приватизация қилишни ҳам ўз ичига олади.

Каримов даврида Усмоновнинг ўзбек раҳбарияти билан яқин алоқаси бўлмаган. Ҳатто Мирзиëев президентликка келганидан сўнг ҳам у Ўзбекистон сиëсий ҳаëтига алоқаси борлигини инкор этди.

Ўтган йил октябрь ойида Усмонов матбуот хизмати Reuters мухбирига “бу мавзуда миш-миш тарқатиш иддаодан бошқа нарса эмас ва унинг воқеликка ҳеч қандай алоқаси йўқ," деган эди. Усмоновнинг ўзи эса¸ агар сўрашса¸ Ўзбекистонга ëрдам беришга тайëрлигини айтган эди.

Орадан кўп ўтмай Усмонов ва янги президент ўртасидаги алоқалар аломати юзага чиқа бошлади. Сентябрь ойида Мирзиëев Усмоновнинг хусусий Airbus самолëтида Нью-Йоркка БМТ Бош ассамблеясига учиб борди. Ўзбекистон миллий ҳаво агентлиги президент учун учқичнинг бозор нархида ижарага олинганини эълон қилди.

Бу парвоз ҳақида сўралганида Усмонов Reuters мухбирига “ Мирзиëевнинг сафари масаласида қарор берилганида мен ўша ерда эдим. Масофанинг ниҳоятда узунлиги боис¸ буни амалга оширишга қодир зарур классдаги самолëт йўқ эди¸” деди.

“Мен самолëтимни текинга беришни истадим ва бундан жуда хурсанд бўлардим ҳам¸ аммо Ўзбекистон бу ишни фақат тижорий асосда қилишини айтиб туриб олди. Охир-оқибат¸ шундай бўлди ҳам¸” деди Усмонов.

Матбуот хабарига кўра¸ Мирзиëевнинг хотинига жиян бўлган Диëра Усмоновнинг 2013 йили автоаварияда ўлган жияни Бобурнинг хотини бўлган.

Бунинг қанчалик тўғрилиги ҳақида сўралганда Усмонов: “Диëра менинг жиянимнинг беваси эмас энди. У бошқа одамга турмушга чиқди ва мен унга бахт тилайман”¸ деди.

Усмонов Ўзбекистон ҳукумати билан Ислом маданияти марказлари саналган Бухоро¸ Самарқанд ва Тошкентдаги тарихий обидаларни таъмирлаш лойиҳалари бўйича аллақачон ҳамкорликда ишлаëтганини билдирди.

Усмонов¸ агар сармояси ҳимоялангани кафолатланса ва қулай инвестициявий иқлим яратилса¸ Ўзбекистонга сармоя олиб киришга қизиқаëтган давлатлар кўплигини айтади.

“Айни шу нарсани президент ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва ўйлашимча¸ унга эришади ҳам. Мен бу ишда унга ҳамма томондан ëрдам бераман¸” дейди Усмонов.

У ўзбекистонликлар¸ хусусан¸ хориждаги ўзбекистонликларни ўз ватанларининг тараққий қилган ва адолат қарор топган давлатга айланишига ëрдам беришга чақиради.

“Мен буни ўз миссиям деб биламан¸ зотан пенсия ëшидаги одам сифатида қўлимдан келгани ëрдам бериш ва ўз тажрибам билан ўртоқлашишдир¸” дейди Усмонов.

XS
SM
MD
LG