Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:40

"Жиддий ва амалий". Байден ва Путин Украина борасида дипломатияни кучайтиришга келишди


АҚШ президенти Жо Байден, Россия президенти Владимир Путин билан телефон мулоқотида, 30 декабрь, 2021
АҚШ президенти Жо Байден, Россия президенти Владимир Путин билан телефон мулоқотида, 30 декабрь, 2021

АҚШ президенти Жо Байден ва Владимир Путин ўртасида, натижаси хавотир билан кутилган, телефон мулоқоти бўлиб ўтди.

Мазкур мулоқотда Украина чегарасига яқин жойда рус қўшинларининг жойлаштирилиши ва Кремлнинг хавфсизлик талаблари ортидан чиққан кескин таранг вазият муҳокама қилинди.

Ҳар икки давлат раҳбари, тарангликни дипломатик йўллар билан ҳал қилишга уриниш ва барча шарт-шароитларни январь ойига белгиланган музокараларда атрофлича муҳокама қилишга келишиб олди.

30 декабрь кунги суҳбат 50 дақиқа давом этди.

“Икки етакчи келаси ой бошида бўлажак уч босқичли музокаралар олдидан "жиддий ва мазмунли" фикр алмашди”- деди Байден маъмуриятининг юқори мартабали расмийси, анонимлик шарти билан журналистларга берган интервьюсида.

АҚШ ва Россия расмийлари 9-10 январь кунлари Женевада Стратегик барқарорлик бўйича икки томонлама мулоқот доирасида учрашиб, қурол-яроғ назорати ва Украина масаласини муҳокама қилади.

12 январь куни Брюсселда Россия-НАТО кенгашининг алоҳида йиғилиши бўлиб ўтади. 13 январда эса Венада АҚШни ўз ичига олган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) доирасидаги йиғилиш бўлиб ўтади.

"Байден бу чақириқни бўлажак учрашувларда прагматик, натижаларга йўналтирилган дипломатия учун имконият сифатида қабул қилди", - деди АҚШнинг юқори мартабали расмийси.

Россия шу ой бошида НАТОга хавфсизлик кафолатлари бўйича кенг қамровли талабларини эълон қилган эди. Бу эса эҳтимолий босқин хавотирларини уйғотиб, дипломатияни хавф остида қолдирди. Бунинг ортидан Икки етакчи 7 декабрда ҳам телефон орқали мулоқот қилган эди.

Россия Украина ва Грузияни НАТОга қабул қилинмаслиги учун қонуний кафолатлар изламоқда. Шунингдек, у НАТОдан ўз чегаралари яқинида ҳарбий машғулотларни бекор қилиб, Марказий ва Шарқий Европада қурол-яроғ жойлаштиришни тўхтатишини истамоқда.

Путин ўтган ҳафта Ғарбни Россияга хавфсизлик кафолатларини "дарҳол" беришга чақирди. Байден маъмурияти эса Россиянинг баъзи талаблари "қабул қилиб бўлмайдиган" деб атаб, ҳар бир давлат ўзининг хавфсизлик борасидаги келишувларини танлаш ҳуқуқига эга эканлигини айтди.

Бироқ, Вашингтон Россиянинг бошқа таклифлари, жумладан қурол-яроғ назорати, ҳарбий кучлар ўртасидаги зиддиятни бартараф этиш ва Украина шарқидаги можарога оид таклифларини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган.

"Иккала етакчи ҳам муҳим ижобий натижага эришишимиз мумкин бўлган соҳалар ҳам, келишиб бўлмайдиган соҳалар ҳам борлигини тан олган ҳолда, бўлажак музокаралар мазкур масалалар йўналишини ҳар жиҳатдан аниқроқ белгилашини таъкидлади", - деди АҚШ расмийси.

Қўнғироқ чоғида Байден, Украинага бўладиган ҳар қандай босқинга АҚШ ва унинг шериклари иқтисодий санкциялар билан ҳамда НАТОнинг Марказий ва Шарқий Европада янада фаоллашиши билан жавоб беришини эслатиб ўтди.

Кремль ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Путин бунга жавобан ҳар қандай санкция "катта хато" бўлишини, бу Россия ва АҚШ "муносабатларининг бутунлай узилишига" олиб келишини айтган.

"Байден Россиянинг пудратчи корхоналарига ишора қилган ҳолда, АҚШ Украинада ҳужумкор қуролларни жойлаштириш ниятида эмаслигини айтди", - деди Ушаков.

Қўшма Штатлар 2014 йилдан бери Украинага 2,5 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам берган. Жумладан АҚШ Украина шарқидаги Россия дастаклайдиган айирмачиларга қарши курашда ёрдам бериш учун қурол етказиб берган.

Ушаковнинг айтишича, бу телефон мулоқоти Россия учун қониқарли бўлган ва дипломатиянинг кейинги истиқболлари Москва Ғарбдан талаб қилаётган хавфсизлик кафолатлари билан боғлиқ бўлади.

АҚШда жойлашган Eurasia Group сиёсий рисклар бўйича консалтинг компанияси таҳлилларига кўра, Россия ташаббуси билан бўлган мулоқот Путин музокараларни тезроқ бошлаш учун босим қилаётганини англатади. Бироқ музокаралар секин кечиши ва "муҳим тўсиқларга дуч келиши" мумкинлиги ҳам таъкидланган.

“Шунга қарамай, бу қўнғироқ Путин учун "ўз шикоятларини билдириш, январда бўлажак икки томонлама, АҚШ-Россия ва ЙХҲТ учрашувларига таъсир ўтказиш ва Россиядаги ахборот оқимини шакллантириш учун имконият бўлди. Яъни, Путин Россиянинг талабларини тўғридан-тўғри АҚШ президентига етказганини кўрсатиш учун", - деди Вашингтондаги Теxas A&M’s Bush мактабининг Россия ҳарбий ва сиёсий стратегияси бўйича эксперти Ювал Вебер.

Москва ва Киев ўртасида 2015 йилда имзоланган "Минск келишуви" борасидаги зиддият туфайли жангларни тўхтатиш бўйича тинчлик музокаралари тўхтаб қолди. Германия ва Франция бу музокараларда воситачилик қилмоқда.

АҚШ расмийлари Украина ва Европадаги иттифоқчилар билан келишмасдан Европа хавфсизлиги бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилинмаслигини таъкидлади.

"Украина билан боғлиқ барча масалалар Украина билан биргаликда ҳал қилинишини бизга олдин ҳам аниқ айтишган ва ҳозир ҳам айтишмоқда", - деди Украинанинг АҚШдаги элчиси Оксана Маркарова.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Байденнинг Путин билан мулоқотидан олдин Украина президенти Владимир Зеленский билан гаплашгани маълум қилинди.

Байден Путин билан суҳбатдан сўнг тез орада Зеленский билан гаплашиши режалаштирилмоқда. Вебернинг таъкидлашича, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши ёки АҚШ ва Украина ўртасидаги икки томонлама ҳарбий иттифоққача «ҳали анча бор ёки бу шунчаки ҳаёлпарастлик, шунинг учун ҳам бу содир бўлмайди деб бемалол айтиш мумкин. Россия томони томони эса буни албатта мамнуният билан қабул қилади.

АҚШнинг Украинадаги собиқ элчиси Жон Хербстнинг таъкидлашича, Путин 7 декабрь кунги Байден билан сўнгги мулоқотидан кейин "музокараларни жадаллаштириш учун" яна бир телефон мулоқоти ўтказишни истаган.

“Путин ҳали ҳам бизнинг ён беришимизга ишонади. Ваҳоланки, телефон мулоқоти амалга ошганининг ўзи Россия етакчиси учун "ўзига хос бир имконият", - дея қўшимча қилди Хербст.

У Россиянинг Украинага бостириб киришини кутмаётганини айтди.

"Ўйлашимча, у ўзи яратган инқироздан Минск музокаралари бўйича АҚШ ёки Германия, Франция ёки Украина томонидан қандайдир манёвр бўлиш-бўлмаслигини билиш учун фойдаланмоқда",- деди ҳозирда Вашингтонда жойлашган Атлантика кенгашида таҳлилчи бўлиб ишлаётган Жон Хербст .

XS
SM
MD
LG