Линклар

Шошилинч хабар
08 май 2021, Тошкент вақти: 22:25

АҚШ сенаторлари олигарх Алишер Усмоновга қарши санкция жорий қилишга чақирмоқда


Алишер Усмонов

АҚШнинг Хельсинки комиссияси раҳбарлари — демократ сенатор Бен Кардин, республикачи сенатор Рожер Уикер ҳамда конгрессмен Жо Уилсон қамоқда сақланаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийга дастак беришда янада фаолроқ ҳаракат қилишга чақириб, баёнот эълон қилди.

Жо Байден маъмуриятига қаратилган баёнотларда, Россия президенти Владимир Путинга яқин йирик тадбиркорларга қарши санкциялар белгилашга ҳам даъват қилинган ва уларнинг аниқ исм-шарифлари келтирилган.

Хельсинки комиссияси ёки Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича комиссия АҚШ ҳукуматига оид ташкилот бўлиб, унинг вазифаси ЕХҲТга аъзо мамлакатларда инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини кузатишдир.

Комиссия таркибига сенаторлар, Вакиллар палатаси аъзолари ва президент маъмурияти мулозимлари киради.

Комиссия раҳбарлари Навальнийнинг соғлиғи ёмонлашгани, унинг ташкилотига қарши қатағонлар таҳдиди (бу ерда РФ ҳукумати “хорижий агент” деб тан олган ва ҳозирда прокуратура экстремистик ташкилот деб таснифлашни талаб қилаётган Коррупцияга қарши кураш фонди назарда тутилмоқда), шунингдек, Россияда 21 апрель куни ўтказилган намойишлар иштирокчиларининг қўлга олиниши ҳақидаги хабарларга эътибор қаратишган.

Сенатор Кардин баёнотида айтилишича, “Байден маъмурияти Владимир Путин ва унинг барча иттифоқчиларини Навальнийнинг ҳаракатга кечиш чорловини қабул қилган ва Кремль коррупциясига қарши чиқиб, ўз эркини ҳимоя қилаётганларни қўрқитишга уринаётгани учун янада каттароқ товон тўлашга мажбур қилишда давом этиши керак”.

Сенатор Уикер Навальнийга суиқасд ҳақида эслаб, бунинг учун жавобгарликни Россия махсус хизматларига зиммасига юклаган.

“Навальний яна Россия қамоғида азоб чекаётган экан, биз энди Владимир Путинга энг яқин кишилар, шу жумладан, Роман Абрамович, Алишер Усмонов, Игорь Шувалов ва Николай Токарев сингари машҳур олигархларга қарши санкциялар жорий этиш таклифини кўриб чиқишимиз лозим”, деган у.

Зикр қилинганларнинг барчаси Навальнийнинг аксилкоррупциявий суриштирувлари қаҳрамонлари бўлиб, уларни санкциялар рўйхатига киритишни Коррупцияга қарши кураш фонди номидан, унинг раҳбарларидан бири Владимир Ашурков таклиф қилганди.

АҚШ Навальнийнинг таъқиб қилинишига алоқадор бир қанча расмий шахсларга қарши санкциялар белгилаган, аммо тадбиркорларни ҳали бу “қора рўйхат”га тиркамаганди.

Конгрессмен Уилсонга кўра, Кремль ўз хатти-ҳаракатлари билан “Россия халқидан нафратланишини намойиш этмоқда”.

“Бу Владимир Путиннинг ҳокимият тепасида қолишга сўнгги уринишидир, лекин у охир-оқибат муваффақиятсизликка учраяжак”, деган Уилсон.

АҚШ президенти Жо Байден Навальнийнинг таъқиб қилиниши сиёсий сабаблар билан боғлиқлигини айтиб, бир неча марта Россия ҳукуматини уни озод қилишга чақирганди.

Алексей Навальний олдига ўзи ишонган шифокорни қўйишларини талаб қилиб, қамоқхонада уч ҳафтадан зиёд очлик сақлади.

Жума куни маълум қилинишича, Федерал жазони ижро этиш тизимига бегона врачлар келиб кўрганидан сўнг у очликни тўхтата бошлаган.

XS
SM
MD
LG