Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2020, Тошкент вақти: 12:51

Трамп сайлов штабининг собиқ бошлиғи Пол Манафорт айбдор деб топилди


Трамп сайлов штабининг собиқ бошлиғи Пол Манафорт.

Виргиния штатининг Александрия шаҳрида 12 аъзоли ҳакамлар ҳайъати АҚШ президенти Дональд Трамп сайлов штабининг собиқ бошлиғи Пол Манафортга қўйилган айбловларни 12 кун давомида эшитди. Бу муддат ичида унинг мулки ва шахсий ҳаёти тафсилотлари дастурхон қилинди. Икки ҳафтада Манафорт яна судланиши кутилмоқда.

21 август куни ҳакамлар ҳайъати Манафортни унга қўйилган 18 айбловнинг 8 таси бўйича, жумладан, банк билан боғлиқ фирибгарлик ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбдор деб топди. Манафорт устидан суд Трампнинг сайлов пайтида Россия билан тил бириктирганига оид иддаолар бўйича ўтказилаётган биринчи жараён бўлди. Бу иш юзасидан терговни махсус прокурор Роберт Мюллер олиб бормоқда.

Манафорт АҚШ президентлигига 2016 йилда ўтган сайловда Россия билан алоқада бўлганликда гумонланаётган эди. Лекин 21 августдаги жараёнда унга бу борада айблов билдирилмади. Асосий айбловлар унинг Украинадаги сиёсий маслаҳатчи сифатидаги фаолиятига қаратилди. Хусусан, Манафорт 2010–2014 йиллар оралиғида Украинада россияпараст депутатларга маслаҳатчилик қилиб қўлга киритган миллионлаб долларни яшириш учун банк фирибгарлигига қўл уришда ва ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланди.

Кейинги ойда Манафорт Мюллер қўйган бошқа айбловлар бўйича яна судланади.

Кузатувчиларнинг айтишича, Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган суд Виргиния судидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этади.

Навбатдаги суд давомида Манафортга қўйилган АҚШга қарши фирибгарлик қилиш учун тил бириктириш, гувоҳларга тўсқинлик қилиш ҳамда хорижий агент сифатида рўйхатга олинмаган ҳолда фаолият юритиш айбловлари кўриб чиқилади. Суд давомида Манафорт қай йўсинда АҚШ сиёсатига таъсир ўтказишга урингани ҳамда унинг бу ҳаракатларига Россия кўмаклашганми-йўқлиги маълум бўлиши кутилмоқда.

Дьюк университети профессори Сэмюэль Бьюэлл навбатдаги суд ҳақида шундай деди:

- Менимча кўпчилик Вашингтонда бўлиб ўтадиган жараёнда Манафорт иши ҳақида кўпроқ билиб оламиз, деган фикрда. Вашингтон судида Манафорт ва унинг Европадаги фаолияти ҳақида қай даражада кўпроқ билиб ошимиз ҳозирча маълум эмас, лекин Вашингтонда Виргиниядаги суддан кўпроқ тафсилотлар юзага чиқишини кутиш мумкин.

Терговчилар ​Вашингтон судида Виргиния судидаги каби юзлаб ҳужжатга таяниши кутилмоқда. Бу далиллар орасида турли ҳужжатлар, электрон мактублар ҳамда банк ва солиқ қайдлари бор.

Виргинияда айбловчилар 400 га яқин далил, жумладан, электрон мактуб, фотосурат, банк қайдлари ва электрон жадвалларни тақдим этишди ва 27 гувоҳни кўрсатма бериш учун чақиришди. Кейинги ойда ҳужжатлар сони янада кўпроқ бўлиши мумкин.

Манафорт адвокатларидан бири Кевин Даунинг 16 август куни адвокатлар судда тақдим этилиши таклиф қилинаётган 1000 мингдан ошиқ ҳужжатни олганини айтган эди.

Манафорт адвокатлари Виргинияда бирорта гувоҳ чақирмади. Уларнинг асосий стратегияси ўз мижозларига қарши кўрсатма берган асосий гувоҳ – Манафортнинг собиқ ҳамкори Рик Гейтс кўрсатмаларини шубҳа остига олишдан иборат бўлди.

2017 йилда Манафорт ва Гейтс Мюллер терговининг биринчи гумонланувчиларига айланган эди. Гейтс Манафортнинг ёрдамчиси ўлароқ ишлаган пайтида у билан ҳамкорликда турли молиявий жиноятларга қўл ургани ҳақида кўрсатма берган. Гейтс, шунингдек, Манафорт билан 2015 йилгача Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичдан ва бошқа сиёсатчилардан пул олиб турганига иқрор бўлган.

Демократлар ва Трампнинг ашаддий танқидчилари Мюллер Трамп ва унинг шериклари 2016 йилги АҚШ президентлик сайлови арафасида сайловчиларга таъсир ўтказиш учун Россия билан тил бириктирганини тасдиқловчи исбот топишига умид қилиб келади.

Аммо лос-анжелеслик ҳуқуқшунос Ким Уайт навбатдаги Манафорт судида бундай бўлиши эҳтимолдан холи эканлигини таъкидлади.

Вашингтон суди белгиланган вақт ҳам кўпчилик эътиборини ўзига қаратди. Бир неча ҳафтага чўзилиши кутилаётган суд қарори 6 ноябрга белгиланган АҚШ Конгресси сайловлари арафасида эълон қилиниши мумкин.

20 куни президент Трамп Twitterда Мюллер судни АҚШ сайловчилари фикрини ўзгартириш учун атайин сайловга яқин ўтказишни режалаштираётгани ҳақидаги иддаосини такрорлади.

Аксар ҳуқуқшунос каби Бьюэлл ҳам президентнинг бу гапи асоссиз эканлигини, мазкур аргументдан Манафорт адвокатлари ҳам фойдаланиши мумкинлигини айтди.

Уайт эса Трамп Манафортни афв этиш ҳақида ўйлаб кўриши мумкинлигини айтди. АҚШ конституциясига биноан президент нафақат айбдор деб топилган, балки ҳали айблов қўйилмаган шахсларни афв этиши мумкин. Аммо Трамп шундай йўл тутадиган бўлса, кўпчиликка бу маъқул келмаслиги мумкин.

Трамп қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, Манафорт судлари ҳамда умуман Мюллер тергови мисли кўрилмаган сиёсий шов-шувга сабаб бўлиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG