Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 17:21

АҚШ Украина узра "фавқулодда" кузатув парвозлари уюштирди


Украина президенти Петро Порошенко 6 декабрда Житомир вилоятидаги ҳарбий қисмга борди.

Қўшма Штатларнинг билдиришича, унинг учоқлари халқаро кузатув тўғрисидаги шартномага кўра, Украина устида “фавқулодда” парвозлар уюштирди. Бунга Россиянинг “тобора кучайиб бораётган иғвогарона ва таҳдидли хатти-ҳаракатлари” сабаб бўлгани айтилмоқда. Пентагонга кўра, парвоз 6 декабрда уюштирилди.

Ўтган ойда Украина билан Россия ўртасидаги ҳарбий-денгиз можаросидан сўнг ўзаро муносабатлар кескинлашди.

CNN телеканали Қўшма Штатлар ҳарбий кемаларни Қора денгизга киритишни режалаштираётганини хабар қилди, аммо бу хабар расман тасдиқлангани йўқ.

Украина ҳукумати қўшинлари 2014 йил апрелидан бери мамлакат шарқидаги Россияга орқа қилаётган бўлгинчиларга қарши курашиб келмоқда. Олдинроқ Россия ҳарбий кучлари Украинанинг Қрим ярим оролини босиб олган эди.

25 ноябрда Украина ҳарбий-денгиз кемалари Россияни Қрим билан боғлаб турувчи кўприк остидан ўтмоқчи бўлганида рус кемалари уларни ўққа тутди. Шундан сўнг Киев билан Москва ўртасидаги муносабатлар янада таранглашди.

Россия пировардида Украинанинг 3 та кемаси ва 24 денгизчисини асир олди. Халқаро даъватларга қарамай, Москва уларни ҳануз қўйиб юбормаяпти.

АҚШ Мудофаа вазирлиги “Очиқ осмон шартномаси”га кўра, “АҚШ билан иттифоқчилари Украина ва бошқа шерик мамлакатлар олдида олган мажбуриятларини тасдиқлаш учун ғайриоддий парвозларни уюштирди”, деб баёнот берди.

“Очиқ осмон шартномаси”ни имзолаган 34 та мамлакат 2002 йилдан бери бир-бирининг ҳудуди устида кузатув парвозларини амалга ошириб келмоқда.

Гарчи парвозлар олдиндан режалаштирилган ҳолда амалга оширилса-да, айрим ҳолларда “фавқулодда”, яъни режалаштирилмаган парвозлар уюштирилиши мумкин. Бунга икки мамлакат рози бўлиши керак. Айни ҳолатда Украина билан АҚШ шунга келишиб олган эди.

АҚШнинг кузатув учоқлари ва дронлари Россиянинг Қора денгиз ва Қрим соҳили бўйлаб доимий тарзда учиб юради. Россиянинг реактив учоқлари ҳар доим кузатув учоқларига рўбарў келади ёки улар ортидан эргашиб юради.

НАТОга аъзо бир неча Қора денгизбўйи мамлакати АҚШ билан бирга ушбу денгизга патруллик қилиш учун ҳарбий кемаларини юбориб туради. Россия эса бундан хавотир билдириб келади.

2008 йил августида рўй берган беш кунлик Россия-Грузия урушидан сўнг АҚШ 6-флотининг USS Mount Whitney байроқдор кемаси Грузия соҳили яқинида ушбу мамлакатни қўллаб-қувватлаш мақсадида лангар ташлади. Ўша пайт Россия кемалари ўша ерга яқин жойда сузиб юрган эди.

2003 йилдаги шартномага мувофиқ, Россия билан Украина Азов денгизига бирга кириб чиқишга келишиб олган эди. Аммо 2014 йилги аннексия ва жорий йилда Қримга элтувчи кўприк қуриб битирилгандан сўнг Россия украин кемаларининг у ерга киришини чеклаб қўйди.

XS
SM
MD
LG