Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:50

Киев Германия ва унинг иттифоқчиларини Қора денгиздаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтиришга чақирди


Украина президенти Петро Порошенко
Украина президенти Петро Порошенко

Украина президенти Петро Порошенко Германия билан унинг иттифоқчиларидан Қора денгиздаги "ҳарбий ҳозирлигини кучайтириш" тўғрисидаги даъватини такрорлади. Унинг фикрича, бундай чора Россияни “тийиб турувчи” омил бўлади.

Порошенко 2 декабрда Германиянинг Funke медиа гуруҳига берган интервьюсида “Россиянинг тажовузкор хатти-ҳаракатларига кучли, бирлашган тарзда аниқ жавоб қайтаришимиз кеарк”, деб айтди.

Унинг айтишича, Россия Украина билан чегарасига кўп миқдордаги қўшинларни жойлаштирди ва бу билан Украинадаги ҳудудлар устидан назоратини кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Москва Мариуполь ва Бердянск порт шаҳарларини қамал қилиш билан босиб олинган ҳудудлар бўлмиш Донбасс ва Қрим ярим ороли ўртасида қуруқликдан йўлак очмоқчи, ‒ деди Порошенко. У тилга олган шаҳарлар Азов денгизи соҳилида жойлашган.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Петренко бу ҳақда шундай фикр билдирди:

‒ Россия жорий йил апрелида Азов денгизига қўшимча қўшинлар жойлаштира бошлади. Ҳисоб-китобимизга кўра, бугун Азов денгизида Россия ҳарбий-денгиз кучлари, чегара қўшинларининг 48-49 та ҳарбий кемаси бор. Яна Россиянинг Керчь бўғози орқали бемалол ўтиб кела оладиган Қора денгиз флоти кемаларини ҳам ҳисобга олишимиз керак.

Порошенконинг бундай айбловларига Қора денгизда Россия билан Украина ҳарбий-денгиз кучларининг 25 ноябрдаги тўқнашуви сабаб бўлди. Оқибатда Россия томони Украинанинг 3 та кемасини ва 24 нафар денгизчисини асирга олди.

Айни ҳолат Россия 2014 йилда Қримни босиб олгандан сўнг икки мамлакат ўртасидаги вазиятни ниҳоятда кескинлаштириб юборди. Натижада Порошенко Украинанинг Россия билан чегарадош 10 та вилоятида ҳарбий ҳолат жорий қилди.

Россия билан Украина Қора ва Азов денгизларини ўзаро боғлаб турадиган Керчь бўғозида юз берган тўқнашувда бир-бирини айбламоқда.

Россия тўқнашув юз бергандан сўнг кемаларнинг бўғоз орқали қатновини тўхтатиб қўйди. Киев Россия украин тижорат кемаларининг Мариуполь билан Бердянск порт шаҳарларига кириб-чиқишига йўл бермаётганини айтмоқда.

Ғарб, жумладан, G7 га аъзо барча мамлакатлар раҳбарлари Россияни асир олинган украин денгизчиларини озод қилишни ва кемаларни Киевга қайтаришга чорламоқда.

XS
SM
MD
LG