Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2021, Тошкент вақти: 15:30

ЕХҲТ Беларусда инсон ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан ҳисобот тайёрлади


Беларусь милицияси ва ОМОН Минскда сиёсий маҳкумлар билан бирдамлик изҳор қилган талабаларни ҳибсга олмоқда - 1 сентябрь, 2020

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига (ЕХҲТ) кўра, Беларусдаги мухолифатнинг тинч норозилик намойишлари давомида инсон ҳуқуқлари мамлакат хавфсизлик кучлари томонидан «мунтазам равишда» бузилганини кўрсатувчи «кўплаб далиллар» мавжуд.

5 ноябрь куни ЕХҲТнинг Доимий кенгашига тақдим этилиши кутилаётган 58 саҳифали ҳисоботи билан Озодлик танишиб чиқди. Унда асосий муаллиф, австриялик халқаро ҳуқуқ профессори Вольфганг Бенедек Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловларининг «аниқ камчиликлари» бўлганини таъкидлайди.

Унинг сўзларига кўра, «президент сайловлари шаффоф бўлмагани, шунингдек, эркин ва адолатли ўтмагани ҳақидаги даъволар ўз тасдиғини топган».

Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ иддаолар «кенг кўламли ва тизимли бўлиб, уларнинг чинлиги шубҳасиз эканлиги исботланган».

Ҳисоботда хавфсизлик кучлари намойишчиларни қийноққа тутгани ва уларга ёмон муносабатда бўлганини кўрсатувчи етарлича далил бўлишига қарамасдан, ҳеч ким жавобгарликка тортилмагани хавотирли ҳолат экани эътироф этилади.

Оммавий намойишлар баҳсли сайловлардан кейин бутун Беларусни қамраб олди ва 26 йилдан бери ҳукмронлик қилиб келаётган Александр Лукашенкога нисбатан босимни кучайтирди. Авторитар президентнинг ўзи эса, сайлов натижалари сохталаштирилганини рад этиб келади.

Ўтган ҳафтада Лукашенко Беларусь чегарасини қисман ёпди, Ички ишлар вазирини алмаштирди ва хавфсизлик ходимларига намойишчиларга қарши тазйиқни кучайтиришни буюрди.

Аммо 1 ноябрь куни яна ўн минглаб одам пойтахт Минскда навбатдаги норозилик акциясига чиқди. Полиция намойишчиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталарни ишга солди ва 300 га яқин намойиш иштирокчиларини ҳибсга олди.

ЕХҲТ ҳисоботида Беларусда матбуот эркинлиги, тинч йиғилишлар ва уюшмалар эркинлиги, эркинлик ва хавфсизлик ҳуқуқи ҳамда журналистларнинг хавфсизлиги «йирик ҳужумга учрагани» айтилади.

Аввалроқ ташкилотга аъзо 17 давлат Беларусда инсон ҳуқуқлари топталаётгани ҳақидаги айбловларни кўриб чиқиш учун «Москва механизмини» ишга солган эди.

Мазкур механизм доирасида 10 ёки ундан ошиқ аъзо давлат мутахассислар гуруҳини тузади ва бу гуруҳ ташкилотга аъзо мамлакатда инсон ҳуқуқларига таҳдидни кўриб чиқади.

Беларус ҳукумати «Москва механизмини» ишга солишга асос йўқлигини айтган.

Ҳисобот якунида Беларусь расмийларига 65 та тавсия ёзилган бўлиб, улар орасида 9 августда бўлиб ўтган сайлов натижаларини бекор қилиш ҳамда янгидан сайлов ўтказиш ҳам бор. Шунингдек, ҳисобот муаллифлари барча сиёсий маҳбуслар ҳамда журналистларни озодликка чиқаришни тавсия қилишди.

Ҳисобот халқаро ҳамжамиятни қийноқларга масъул шахсларни имкон қадар жавобгарликка тортишга ҳам чақиради.

XS
SM
MD
LG