Линклар

Шошилинч хабар
09 август 2022, Тошкент вақти: 06:01

Ўзбекистон хабарлари

Бош вазир муовини НКМК акцияларининг 10-15 фоизи сотилиши мумкинлигини билдирди

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров

Ўзбекистон ҳукумати 2022 йилда Навоий кон-металлургия комбинати акцияларининг 10-15 фоизини сотиши мумкин. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров 29 сентябрь куни Тошкентда ўтган “Ўзбекистон иқтисодий форуми” доирасида маълум қилган.

Мулозимга кўра, ҳукумат йилига 5 миллиард доллар даромад келтирадиган НКМКни тўлалигича хусусийлаштиришни режалаётгани йўқ.

“2024 йилгача акцияларнинг кўпи билан 10−15 фоизини IPOга қўйишни режалаяпмиз. Бу борада якуний қарор давлат раҳбари томонидан қабул қилинади”, деган Ж. Қўчқоров.

Унга кўра, НКМКда ҳозирда олтин ва уран ишлаб чиқариш бир-биридан ажратилган, ширкатнинг ўзи эса уч қисмга бўлинган.

Бош вазир ўринбосари ўз сўзида 2023 йилгача Ўзбекистонда “GM Uzbekistan” ҳамда давлат тасарруфидаги 10 та йирик корхона хусусийлаштирилишини қўшимча қилган.

Кун янгиликлари

ИИВ Туркияда «террорчилик»да гумонланган бухоролик шахс қўлга олинганини очиқлади

Туркияда «террорчилик», «миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш» ҳамда «конституциявий тузумга тажовуз қилиш», «жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш» ҳамда «диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш»да гумонланиб, 7 йилдан бери қидирувда бўлган ўзбекистонлик шахс қўлга олинган.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, ромитанлик 45 ёшли Э.Ҳ. Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт чоғида ушланган ҳам Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Бухоролик тартиб посбонлари қидирувдаги шахснинг қайси куни ва Туркиянинг қайси шаҳар ёки вилоятида қўлга олинганига аниқлик киритмаганлар. Шунингдек, унинг конкрет қайси ҳолатлар бўйича айбланаётгани ҳам очиқланган эмас. ИИБ хабарномасида у Ўзбекистонга келтирилганидан кейин тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгани билдирилган, холос.

Ўзбекистон шахмат Олимпиадасининг пешқадамига айланди

Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтаётган 44-шахмат Олимпиадасининг 7 августдаги тўққизинчи турида Ўзбекистоннинг шахмат бўйича эркаклар терма жамоаси Арманистон командасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу билан Ўзбекистон Олимпиада турнир жадвалининг 1- поғонасига кўтарилди.

7 августгача Арманистон ва Ўзбекистон терма жамоалари Олимпиадада мағлубиятсиз иштирок этиб келаётган эди. 8 август ҳолатига келиб, Ўзбекистон Олимпиадада мағлубиятсиз иштирок этиб келаётган ягона командага айланди.

Тўққизинчи турда 16 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 28 ёшли Самвел Тер-Саакянни мот қилди. 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев 33 ёшли Грант Мелкумян билан дуранг натижага эришди. 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов 31 ёшли Роберт Оганесянни мағлуб қилди. 17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ва 38 ёшли Габриел Саркисян ғолибни аниқламади.

Ҳозиргача ўтган мусобақаларда 188 жамоа орасида Ўзбекистон 16 очко билан турнир жадвалида якка пешқадамга айланди. Ҳиндистон-2 жамоаси Озарбайжон билан дуранг ўйнади (2:2) ва 15 очко билан иккинчи ўринда қолди.

Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса Исроилга 1,5:2,5 ҳисобида ютқазди. Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар термаси 164 жамоа ичида 10 очко билан 40-ўринда турибди.

Шахмат Олимпиадаси: Ўзбекистон Германияни мағлуб этди

Ўзбекистон термаси илғор ўйинчиларидан бири Нодирбек Абдусатторов рапид бўйича Жаҳон чемпиони

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилаётган 44-шахмат Олимпиадасининг саккизинчи турида Германия терма жамоасини мағлуб этди. 6 август куни бўлиб ўтган учрашув 2,5:1,5 ҳисобида якунланди.

Германия термасининг ўртача рейтинги (2662) Ўзбекистонникидан (2606) юқорироқ экани эътиборга сазовор.

17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов (2688) 17 ёшли Винсент Каймер (2686) билан дуранг ўйнади.

16 ёшли Жавохир Синдаров (2629) ва 25 ёшли Расмус Сване (2649), 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (2564) ва 46 ёшли Ливиу-Дитер Нисипеану (2642) ўйинларида ҳам дуранг ҳисоби қайд этилди. Учрашувдаги ғалабани Ўзбекистонга 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев (2620) келтирди ва у 25 ёшли Маттиас Блюбаумни (2673) таслим бўлишга мажбур қила олди.

Саккизинчи тур якунларига кўра, 14 очко жамғарган Ўзбекистон 188 та жамоа иштирок этаётган турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилди. Ҳиндистон-2 жамоаси АҚШ устидан ғалабаси (3:1) эвазига ўзбекистонликлардан олдинги ўринни эгаллади.

Кейинги турда Ўзбекистон шахматчилари 15 очко (7 ғалаба, 1 дуранг) билан турнир жадвалида ҳам пешқадамлик қилаётган Арманистон билан тўқнаш келишади. Эътиборлиси, Олимпиада якунланишига уч тур қолганда фақат шу икки жамоа мағлубиятсиз қолмоқда.

Арманистон термасининг ўртача рейтинги (2637) Ўзбекистон терма жамоасидан (2606) бир оз юқорироқ.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси (2094) Шимолий Македонияни (1863) 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.

Терма жамоа 164 та жамоа ичида 10 очко жамғарган ҳолда 40-ўринга кўтарилиб олди. Кейинги турда ўзбекистонлик шахматчилар 29-ўринда бораётган Исроил билан учрашишади.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда тақрибан 4,4 млрд долларлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди

2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 48 триллион сўмлик (ёки шу кунги курс билан тақрибан 4,4 миллиард долларлик) хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Давлат статистика қўмитаси қайдича, ўзлаштирилган хорижий инвестиция ва кредитлар умумий инвестициялар ҳажмининг 39,4 фоизини ташкил этган.

Қўмита маълумотидан келиб чиқилса, сўнгги беш йил ичида ўзлаштирилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми жадал суръатлар билан ошиб бораётганини кўриш мумкин. Хусусан, 2017 йилда хориждан келган 17,1 триллион сўмлик, 2018 йилда 30,2 триллион сўмлик, 2019 йилда 85,4 триллион сўмлик, 2020 йилда 89,8 триллион сўмлик, 2021 йилда эса 101,4 триллион сўмлик инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.

Айни пайтда Ўзбекистонда мазкур кредитларни эгаларига қайтариш масаласи ҳам йилдан-йилга долзарблашиб бормоқда. Куни кеча сенаторлар давлат қарзи суммасининг ЯИМга нисбатан энг юқори миқдорини 60 фоиздан оширмасликка оид қонун лойиҳасини маъқуллаган эдилар.

Термизда ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг қўшма ўқув машқлари ўтказилди

Ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар (иллюстратив сурат)

Жорий ҳафтада Термиз шаҳрида ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг “Ҳамдўстлик—2022” деб номланган қўшма ўқув жараёнлари бошланган.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълумотига мувофиқ, қўшни давлатдан келган меҳмонлар 3 август куни Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмга жойлаштирилган.

Пайшанба куни икки давлат зобит ва аскарлари "Ҳамдўстлик—2022” ўқув машқларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этишган. Шундан сўнг Термиз умумқўшин дала-ўқув майдони ўқув нуқталарида ва тўсиқлар йўлакларида ўзбек ҳарбий хизматчилари томонидан кўргазмали машқлар бажарилган.

“Машқлар жараёнида ҳарбийларимиз яқин масофада жанг олиб бориш, ярадорларни эвакуация қилиш, шартли душман ҳужумини қайтариш каби амалий машғулотларда иштирок этишди. Ушбу машқларни кузатиш жараёнида тожикистонлик ҳарбийлар ҳам ўзларини синаб кўришди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг Термиздаги қўшма машқлари “Толибон” ҳаракатининг юқори лавозимли қўмондонларидан бири толиблар Тожикистонни “бир ҳафтада эгаллаб олиши мумкин”лиги ҳақида баёнот бергани манзарасида ўтказилди. Аввалроқ толибларнинг “Умарий” корпуси қўмондонининг ўринбосари Муҳаммад Жон Ҳамза “агар Тожикистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашишни бас қилмаса ҳамда Россия Тожикистоннинг орқасида турмайдиган бўлса, толиблар бу мамлакатни бир ҳафта ичида ишғол қилади”, деган эди.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, расмий Душанбе мазкур баёнотни эътиборсиз қолдирган.

Сенаторлар давлат қарзини ЯИМнинг 60 фоизидан оширмасликка оид қонун лойиҳасини маъқуллашди

Ўзбекистон бундан буён давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан оширилмайди, қарз маблағлари эса фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкин бўлади. Бунга оид қонун Олий Мажлис Сенатининг 4 август куни бўлиб ўтган йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган.

Мажлисда сўзга чиққан молия вазирининг ўринбосари Одилжон Исақовга кўра, бугунги кунда давлат қарзи 25,9 миллиард долларга (бундан 23,2 миллиард доллари ташқи қарз) етган, бу эса ЯИМнинг 37 фоизига тенг. Мулозим йил охирига бориб, давлат қарзи миқдори ЯИМнинг 40 фоизи атрофида бўлиши кутилаётганини қўшимча қилган.

Ўзбекистон Марказий банки шу йил июнь ойи охирида ёйинлаган ҳисоботида 2022 йил 1 апрель ҳолатига мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 38 миллиард 845 миллионни ташкил этгани, бунинг 23 миллиард 400 минг доллари давлат ҳиссасига, 15,5 миллиард долларга яқини эа хусусий сектор ҳиссасига тўғри келишини очиқлаган эди.

Юқори палата ахборот хизмати қайдича, бугун сенаторлар томонидан маъқулланган “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсат\ш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш кўзда тутилган.

Қонунга мувофиқ, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган. Ҳужжат билан, шунингдек, давлат қарзини бошқариш соҳасида президент, Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Марказий банк ваколатлари ҳам белгиланмоқда.

Янги қонунда қарз бўйича давлат кафолатини бериш тартиби, давлат кафолати берилмайдиган ҳолатлар, қарз олувчи-резидентларнинг мажбуриятлари, давлат кафолатини бекор қилишга оид қоидалар, шу билан бирга, фуқароларни давлат қарзига оид маълумотлар ва шу билан боғлиқ жараёнлар ҳақида тўлиқ хабардор қилиш тартиби ҳам акс этган.

Қонун кучга кириши учун эндиликда ҳужжат президент томонидан имзоланиши лозим.

Очиқлик сиёсатига риоя қилмаган мансабдорлар 1,5 миллион сўмгача жаримага тортилиши мумкин

Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузган мансабдор шахслар бундан буён базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3 бараваридан 5 бараваригача жаримага тортилади. Мазкур меъёр, Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-каналининг маълум қилишича, мамлакат президенти томонидан 3 август куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган.

Базавий ҳисоблаш миқдори жорий йилнинг 1 июнидан 300 минг сўм этиб белгилангани эътиборга олинса, амалдорлар бундан буён очиқлик сиёсатига оид қонунчиликни бузгудек бўлсалар, 900 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача жаримага тортилишлари мумкинлиги маълум бўлади.

Ҳужжатга мувофиқ, мансабдор очиқлик сиёсатига амал қилмагани аниқланган тақдирда, унга қарши Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

Ўзбекистон Тайвань атрофидаги кескинлик тезроқ бартараф этилишига умид билдирди

АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга сафар қилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тайвань атрофидаги вазиятнинг ривожланиши ортидан юзага келган кескинлик тезроқ баратараф этилишига умид билдиради. Бу баёнот вазирликка қарашли бўлган “Дунё” ахборот агентлиги сайтида эълон қилинди.

«Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига мувофиқ, „ягона Хитой“ сиёсатини, ушбу мамлакат суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини изчил қўллаб-қувватлайди», — дейилади баёнотда.

2 август куни АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга сафар қилган. Бунинг оқибатида Хитой ҳарбий ўқув машқлари ўтказилиши эълон қилиниши ортидан орол расмийлари жанговар тайёргарлик даражасини оширди.

Хитой ТИВ мазкур ташрифни Пекин ўз суверенитетига путур етказишга уриниш ўлароқ баҳолаши ҳақида огоҳлантириб, Вашингтонга “жиддий оқибатлар” билан таҳдид қилган. АҚШ делегацияси учиб келиши олдидан Тайвань яқинида Хитой ҳарбийларининг ўқув машқлари бошланган.

ХХР расмийлари Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди ва уни қитъа Хитойига қўшиб олиш истагини билдириб келишади. АҚШ БМТга аъзо бошқа мамлакатларнинг кўпчилиги қаторида Тайванни мустақил давлат деб тан олган эмас, бироқ Қўшма Штатлар Хитойнинг оролни куч билан ўзига қўшиб олиш таҳдидига кескин қаршилик билдириб келади.

Олмаотада ўн нафар ўзбекистонлик қулликдан қутқарилди

Иллюстратив сурат.

Олмаота шаҳрида қул сифатида ишлатиш учун мажбурий равишда ушлаб турилган ўн нафар ўзбекистонлик озод қилинди, деб билдирди 3 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистоннинг уч фуқароси Олмаотадаги Бош консулхонага мажбурий равишда ушлаб турилган 10 нафар ватандошни қутқаришга кўмаклашиш илтимоси билан мурожаат қилган. Уларга кўра, бир гуруҳ маҳаллий аҳоли вакиллари ўзбекистонликларга таҳдид қилиб, хусусий уйлардан бирида қуллиқда сақлаган, уларнинг шахсий буюмлари ва телефонларини тортиб олишган.

Бош консулхона ходимлари Олмаота полицияси билан ҳамкорликда ўзбекистонликларни озод қилишга муваффақ бўлган. Ўзбекистонликларни қулликда сақлаган шахсларга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 389-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ишлари якунлангач, барча ўзбекистонликларга шахсий буюмлари ва паспортлари қайтариб берилди ва 1 август куни Олмаота-Тошкент автобус рейси билан ватанларига қайтарилди.

Фарғонадаги заводда 47 ёшли аёлнинг ўзини ёқиб юборганига оид ҳолат прокуратура томонидан ўрганилмоқда

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида шу заводда ишлайдиган 47 ёшли аёлнинг ўзини ёқиб юборгани Бош прокуратура томонидан тасдиқланди. БП матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Фарғона НҚИЗда бир аёл ўзини ёқиб юборгани тўғрисида аввалроқ “Дарё” нашри завод ишчилари сўзларига таянган ҳолда хабар қилган эди. Айтилишича, аёлни бу қадамга ишдан бўшатилганига оид туртган.

Воқеа гувоҳлари аёл ўзининг устига бензин қуйиб ёқиб юборганидан кейин унга ҳеч ким ёрдам беролмагани, чунки заводнинг кириш жойида ўт ўчириш ускунаси бўлмаганини айтишган.

Маълумотларга кўра, аёлга “оғир даража оловдан куйиш” ташхиси қўйилган.

Давстатқўм: Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонда аҳоли сони 332 минг кишига кўпайган

Тошкентдаги "Чорсу" бозори (иллюстратив сурат)

Ўзбекистонда 2022 йилнинг биринчи ярмида аҳоли сони 332,1 минг кишига кўпайиб, 1 июль ҳолатига 35 миллион 603 минг 400 кишини ташкил этган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати томонидан 3 август куни тарқатилган хабарномада айтилган.

Қўмита қайдича, жорий йилнинг илк олти ойида Қорақалпоғистонда доимий яшаётган аҳоли сони 1 миллион 962 минг 400 кишини, Андижон вилоятида 3 миллион 283 минг 800 кишини, Бухоро вилоятида 1 миллион 990 минг 400 кишини, Жиззах вилоятида 1 миллион 457 минг 700 кишини, Қашқадарё вилоятида 3 миллион 438 минг 600 кишини, Навоий вилоятида 1 миллион 44 минг кишини, Наманган вилоятида 2 миллион 959 минг 300 кишини, Самарқанд вилоятида 4 миллион 69 минг 300 кишини, Сурхондарё вилоятида 2 миллион 771 минг 100 кишини, Сирдарё вилоятида 887 минг 100 кишини, Тошкент вилоятида 2 миллион 962 минг 500 кишини, Фарғона вилоятида 3 миллион 931 минг 100 кишини, Хоразм вилоятида 1 миллион 936 минг 600 кишини, Тошкент шаҳрида эса 2 миллион 909 минг 500 кишини ташкил этган.

Давстатқўм ўз хабарномасида Тошкент шаҳри ҳудуди Тошкент вилояти ҳудуди ҳисобидан кенгайиши натижасида аҳоли сонида сезиларли ўзгариш бўлганини қўшимча қилган. Мазкур статистикага қаралса, қўмита ҳисоб-китобни фуқаролар айнан қаерда расман қайддан (“прописка”дан) ўтганига оид маълумотлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширганини тахмин қилиш мумкин.

Ўзбекистонлик йўловчилар қирғиз расмийларига Ўшдаги таксичилар устидан шикоят қилишмоқда

Ўш халқаро аэропорти (иллюстратив сурат)

Ўзбекистонлик айрим фуқаролар Қирғизистон расмийларига Ўш шаҳрида фаолият юритаётган таксичилар устидан шикоят қилишди.

Telegram-каналларда 2 август куни тарқатилган мурожаатномада таксичилар Россиядан Ўшга учиб келаётган ўзбекистонликларни куч билан машинага ўтқазишиб, қирғиз-ўзбек чегарасигача бўлган 5-6 километрлик масофага ҳар бир одамдан 500 сўмдан (тақрибан 6 доллар) ҳақ олаётганини айтилган.

Аввалроқ Озодликнинг қирғиз хизматига ўзбекистонликлар айрим таксичилар ўзларидан 5 минг сўмгача (60 доллар) пул ундиргани бўйича мурожаат қилишган. Мазкур муаммо ижтимоий тармоқларда тез-тез муҳокама қилиб турилади.

Ўш вилояти ИИБ матбуот котиби Жениш Аширбаев Озодликка таксичилар билан боғлиқ масала сўнгги уч йилдан бери кўтарилаётганини, йил бошидан бери эса ижтимоий тармоқлар орқали бошқармага 15 марта мурожаат бўлганини айтган.

«Аммо Интернет орқали мурожаат қилаётган чет эл фуқаролари таксичиларнинг қонунни бузаётганларини исботловчи фактларни тақдим этишмаяпти. Бу ҳолат исботланмаганидан кейин у шунчаки қуруқ гап бўлиб қолаверади. Шунинг учун биз фақат тушунтириш ишлари билан чекланиб қола оламиз, холос», деган Аширбаев.

Мулозим таксичиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатига дуч келган фуқаролар зудлик билан милицияга мурожаат қилиши лозимлигини қўшимча қилган.

Авиачипта арзонроқ бўлгани туфайли Россияга учиб кетаётган ёки ватанига қайтаётган ўзбекистонликларнинг катта қисми Қирғизистоннинг Ўш шаҳри орқали парвоз қилишни маъқул кўришади.

Ўтган йили айрим ўзбекистонликлар чегарадан ўтишда қирғиз ҳарбийлари ўзларидан пора талаб қилаётганини иддао қилишиб, Қирғизистон расмийларига мурожаат қилишган эди. Бунга жавобан Қирғизистон Чегара хизмати бунга оид фактлар тасдиқланмаганини билдирган.

Тошкентда мактаб девори қулаши оқибатида ўқувчи ҳалок бўлган

Ўзбекистондаги мактаблардан бири.

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 234-сонли мактабда ўқувчини мактаб девори босиб қолганлиги ҳолати бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан қўшимча тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда 3 август куни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда март ойида 234-сонли мактабда авариявий ҳолатда бўлган девор қулаб тушгани ва девор остида қолган ўқувчи ҳалок бўлгани, мактаб маъмурияти эса ўқувчининг ўлимини яширишга урингани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.

2 август куни Тошкент шаҳар Халқ таълим бош бошқармаси бу хабарларга муносабат билдирган.

«Мактабда ўқувчини мактаб девори босиб қолганлиги ҳолати бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан қўшимча тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади Халқ таълим бош бошқармаси билдирувида.

Ички ишлар вазирлиги ва ЎзА қанча кишига фуқаролик берилгани тўғрисида бир-бирига зид маълумотларни тарқатди

Сўнгги икки йилда фуқаролиги бўлмаган 72 мингдан кўпроқ кишига Ўзбекистон паспорти берилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси хабар берди.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукуматининг расмий агентлиги ҳисобланадиган ЎзА 2016 йилнинг декабрь ойидан то шу кунгача президент Шавкат Мирзиёев фуқароликка қабул қилиш борасида 97 фармонни имзолаганини хабар қилганди. Мазкур фармонларга асосан 23 минг 310 кишига Ўзбекистон фуқаролиги берилди.

Хабарда таъкидланишича, 2016 йилда 179, 2017 йилда 1 064, 2018 йилда 2 760, 2019 йилда 6 318, 2020 йилда 8 127, 2021 йилда 4 567, 2022 йилда 295 киши фуқароликка қабул қилинган.

ЎзАнинг билдиришича, 1991 йилдан 2007 йилгача Ўзбекистонда жами 482 кишига фуқаролик берилган эди. Шундан сўнг 2016 йилгача Ўзбекистон фуқаролигига ҳеч ким қабул қилинмаган.

Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ўз маълумоти ҳукумат расмий ахборот агентлиги маълум қилган рақамлардан кескин фарқланаётгани сабабларини тушунтирмади.

ДТМ мутасаддиси: ОТМга кириш имтиҳонлари 8 августдан бошланиши мумкин

Коронавирус пандемияси бошланган 2020 йилдан буён Ўзбекистонда ОТМга кириш имтиҳонлари очиқ ҳаво майдонларида ўтказиб келинмоқда

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини 8 августдан бошлаш режаланмоқда. Бу ҳақда Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзаев 2 август куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирди.

Мулозим 2022/2023 ўқув йили учун тест синовлари айни пайтда лойиҳа сифатида тегишли ташкилотларга киритилгани, имтиҳонлар 10 кундан 13 кунгача давом этиши мумкинлигини маълум қилди.

Мирзаевга кўра, ўтган йилги тажрибалардан келиб чиққан ҳолда имтиҳонларнинг 1-сменасини эрталабки соат 7:00 дан 10:00 гача, иккинчи сменасини эса кечки 19:00 дан 22:00 гача ўтказиш режаланган.

ДМТ вакиллари матбуот анжумани чоғида жорий ўқув йили учун 1 миллион 146 минг 744 нафар абитуриент рўйхатдан ўтгани, улардан имтиҳон олиш учун 58 та бино, стадион ва хиёбон ҳозирланаётганини қўшимча қилганлар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG