Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:21

Булоқбошидаги сойдан топилган жасад олтин конидаги ўғриликка алоқадор кўрилмоқда


1 апрель куни олтин изловчи йигитнинг жасади Булоқбошидаги сойдан топилгани айтилмоқда.
1 апрель куни олтин изловчи йигитнинг жасади Булоқбошидаги сойдан топилгани айтилмоқда.

1 апрель куни Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Булоқбоши қишлоғидаги сойдан топилган жасад Зармитон олтин конидаги ўғриликка алоқадор кўрилмоқда.

Марҳумнинг қўшнилари иддаосича, у ноқонуний равишда олтин излаш билан шуғулланиб келган ва шериклари билан келишмовчилик қотилликка сабаб бўлган.

Олти ой аввал ҳам Зармитон олтин конидаги ўғриликка алоқадор кўрилган 20 яшар йигит жасади йўл четига ташлаб кетилганди.

Озодликнинг 2 апрель куни аниқлашича, ушбу воқеага алоқадорликда айбланган шахс яқинда жазони ўтаб чиққан.

Сойдан топилган йигит

1 апрель куни Булоқбоши қишлоғидаги сойдан топилган жасад ҳақида Озодликка воқеадан хабардор қўшработлик манба хабар қилди:

“Булоқбошидаги эски асфальт заводининг орқасида сой бор. Шу сойда кеча чўпонлар бир йигитни чалажон аҳволда топишган. Чўпонлар “тез ёрдам”га хабар берган, лекин “тез ёрдам” етиб келгунча, йигит оламдан ўтган”.

Бошқа бир қўшработлик йигит иддаосига кўра, сойдан топилган йигит 20 ёшларда бўлиб, у Зармитон олтин конида ноқонуний равишда олтин излаш билан шуғулланиб келган булоқбошиликлардан биридир:

“2001 йилда туғилган бола эди. Бизга яқин маҳаллада яшарди. Бизнинг ҳудуддаги ишсиз аҳолининг 70-80 фоизи ноқонуний равишда олтин излаш билан шуғулланади. Сентябрдан бери шу олтин изловчи болалардан учтаси ўлди. Ҳеч ким бу ноқонуний ишларга чек қўймаяпти. Натижада ёш-ёш болалар ўлиб кетяпти. Бу йигит ҳам олтин изловчи шериклари билан келишмай қолганини айтишди”.

Қўшработ туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, сойдан топилган йигит ўлими билан боғлиқ воқеага алоқадор иш прокуратурага оширилган.

“Барча ҳужжатлар туман прокуратурасида тўпланган. Суриштирув ишларини прокуратура олиб боряпти”, - деди ИИБ масъули.

Самарқанд вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларидан бири Булоқбошидаги воқеани олтин изловчилар билан боғламасликни сўради:

“Буни ноқонуний олтин изловчилар билан боғлашга шошилмаслик керак. Дастлабки текширувларга кўра, марҳум маст бўлгани ва унинг шу куни тўйда бўлгани аниқланган. Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда. Воқеага доир тафсилотлар ўрганилгач, матбуотда эълон қилинади”.

Сариқ ажал

Бундан олти ой аввал Қўшработда олтин изловчи йигитлар билан боғлиқ иккита ўлим ҳолати юз берганди.

30 сентябрь куни Қўшработ тумани Тиббиёт бирлашмасига яқин ҳудудда 20 ёшли йигитнинг жасади топилган ва уни Зармитон олтин конида ғайриқонуний тош қазиётган пайти тоғ жисмлари босиб қолгани айтилган.

Йигитнинг шифохонага олиб борилаётганда вафот этгани ва шериклари уни йўл четига ташлаб кетгани аниқланган.

2 апрель куни Озодлик ушбу воқеага доир қўшимча тафсилотларни аниқлади.

Исми очиқланмаслигини сўраган қўшработлик манбага кўра, ушбу воқеада айбланган унинг қўшниси яқинда озодликка чиққан:

“Биз Қўшработ туман марказида яшаймиз. Қўшним 1984 йилда туғилган. Уни 30 сентябрдаги воқеада айблашганди. Уни тоғ босиб қолган 20 яшар йигитни касалхонага олиб кетилаётганда ўлиб қолгани учун қўрққанидан йўлга ташлаб кетганликда айблашди. Яқинда у жазони ўтаб, қамоқдан чиқиб келди”.

Яна бир йигит (А.Қ) сентябрь ойи бошида Зармитон олтин конида ноқонуний тош қазиб олиш учун шахтага тушган пайти катта кучланишдаги ерости кабелидан ток уриши оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлганди.

Олтин "мафияси"

Зармитон ва Қорақўтан олтин конлари Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бўлиб, у ердаги шахталардан таркибида олтини бор руда қазиб олинади.

Конлар махсус қўриқчилар томонидан қўриқланади.

Озодлик билан суҳбатда бўлган кончиларнинг айтишича, гарчи бу ҳудуд "режимли зона" ҳисобланса-да, маҳаллий ва ёлланма ишчилардан иборат ғайриқонуний гуруҳлар бемалол кон ҳудудига кириб, олтин қазийди.

Озодлик бу иддаолар юзасидан Навоий кон-металлургия комбинати раҳбариятидан бир неча бор изоҳ олишга уринди. Бироқ ҳар сафарги уринишлар, жумладан, 2 апрель кунги мурожаатимиз ҳам натижасиз бўлди.

Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг қимматбаҳо металларни қазиб олиши президентнинг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG