Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:10

Черногориядаги фитнага қатнашган яна бир россиялик жосус фош қилинди


Черногорияда 2016 йили давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган россияликларнинг Интерпол эълон қилган суратлари.
Черногорияда 2016 йили давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган россияликларнинг Интерпол эълон қилган суратлари.

Bellingcat тергов гуруҳи билан Россиядаги The Insider вебсайти Россия Разведка бош бошқармасининг (ГРУ) 2016 йили Черногориядаги давлат тўнтаришига уринишга аралашгани гумон қилинаётган иккинчи зобити кимлигини ошкор қилди.

Черногория ҳокимият идоралари Россиянинг икки нафар ГРУ зобитини амалга ошмай қолган давлат тўнтаришида айблаб чиқди. Россиялик зобитларнинг мақсади ушбу кичик Болқон мамлакатининг НАТОга қўшилишига қаршилик кўрсатиш бўлган.

Черногориянинг ҳарбий иттифоққа аъзолик истагига қарши бўлган Москва айбловларни рад этди.

Черногория ўтган йил июнида НАТО сафига қўшилди.

Bellingcat билан The Insider олдинроқ илк гумон қилинган ГРУ зобити сифатида Эдуард Шишмаков номини эълон қилган эди. 22 ноябрда эса, иккинчи гумонланган шахснинг исми аниқлаганини ва у Владимир Моисеев эканини очиқлади.

Черногориялик прокурорларга у Владимир Попов исми билан маълум бўлган.

Bellingcat билан The Insider берган маълумотга кўра, ГРУ Моисеевни 2000 йилларнинг ўртасида Россиянинг Сибирь қисмида жойлашган Тюмень шаҳридаги академияда ўқиб юрган пайтда ёллаган. Ушбу академияда радиосигналларни шифрлашдан тортиб, бомбани узоқдан туриб портлатишга ихтисослашган ҳарбий муҳандислар тайёрланади.

Кейинчалик унинг ГРУ махсус ҳарбий-ҳаво қўшинида хизмат қилгани, 2008 йили Россия билан Грузия ўртасида бўлгинчи минтақалар - Жанубий Осетия билан Абхазиядаги ҳарбий амалиётларда қатнашгани айтилади.

2012 йилдан 2016 йилгача Моисеев сохта “Владимир Попов” исми билан гўё фотомухбир ва журналист сифатида Европа мамлакатларига тез-тез сафар қилиб турган.

Черногория ўтган йили НАТОнинг 29-аъзоси бўлди. Унинг бу қадамини Россия кескин танқид қилиб чиқди. Шу билан бирга Россия билан қалин муносабатлар тарафдори бўлган айрим черногорияликлар ҳам НАТОга аъзоликка қаршилик кўрсатди.

Черногория ҳокимият идораларига кўра, серб ва рус миллатчилари 2016 йилги парламент сайлови чоғида парламентни эгаллаб олиш учун фитна уюштириб, ўша пайтда бош вазир бўлган Мило Жукановичга суиқасд қилиш ва Черногориянинг НАТО га қўшилишига халақит бериш учун россияпараст раҳбариятни ҳокимиятга тепасига келтиришга уринган эди.

XS
SM
MD
LG