Линклар

Шошилинч хабар
09 май 2021, Тошкент вақти: 09:50

J&J ширкати ўз вакцинасида кузатилаётган ножўя таъсирни тадқиқ этишга розилик берди


Сешанба куни таниқли олмон олими Андреас Грейнахер Johnson & Johnson (J&J) компанияси ҳамкорликда тадқиқот ўтказишни таклиф қилганини билдирди.

Грейнахер AstraZeneca ширкати ишлаб чиққан COVID-19 вакцинаси билан боғлиқ ва жуда кам учрайдиган қон ивиш ҳолатларини ўрганиб келмоқда.

Аввалроқ Европа тиббиёт агентлиги J&J ширкати ишлаб чиққан вакцинага ғайриоддий қон ивиш ҳолатлари ҳақида огоҳлантириш ёрлиғи ёпиштирилишини маълум қилган эди. “Рейтер” агентлиги хабарига кўра, AstraZeneca вакцинасига ҳам шундай ёрлиқ ёпиштирилмоқда.

Европа тиббиёт агентлиги ҳар икки вакцина билан эмланиш фойдаси қон ивиш хавфидан устун эканини билдирди. Грайфсвальд университетида қуйиш тиббиёти бўйича мутахассис ўлароқ фаолият юритадиган Андреас Грейнахер ҳам шундай фикрда.

Грейнахер сешанба куни қон ивишини келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаблар ҳақида янги илмий мақола эълон қилди. Олим март ойининг ўрталаридан бери AstraZeneca вакцинаси билан эмланганидан сўнг қон ивишига чалинган беморлардан олинган намуналарини ўрганиб келади.

“Биз (J&J) билан биргаликда ишлашга келишиб олдик. Компаниядан асосий сўровим – вакцина етказиб берилиши, чунки J&J вакцинаси Германияга келтирилмаган”, – дейди Андреас Грайнахер.

“Рейтер” агентлиги J&J ширкатига изоҳ сўраб ёзган мактубига жавоб ололмаган.

Европа тиббиёт агентлиги вакцина иммун реакциясини келтириб чиқариши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Аммо идоранинг хавфсизлик қўмитаси раиси Сабин Штраус ҳозирча аниқ хавф-хатар омиллари қайд этилмаганини айтди.

“Бу ирсий касаллик ёки қон томирлари билан боғлиқ муаммо эканини олдиндан билсак, жуда фойдали бўлар эди”, – дейди С.Штраус.

Грейнахер илмий прогноз ва аниқ тўхтамларга келиш осон эмаслигини таъкидлади.

“Биз 3 минг беморнинг ДНКсини таҳлил қилдик ва генетик мойилликни топа олмадик”, – дейди олим.

Грейнахер ҳали экспертлар томонидан кўриб чиқилмаган янги мақоласида AstraZeneca вакцинаси, унинг айрим ингредиентлари ҳамда у келтириб чиқарадиган кучли иммун реакцияси одатда инсон иммунитетини бошқариб турувчи турли механизмларни саросима ҳолатига солиши мумкин, деган қарашни илгари сурди.

Соғлиқни сақлаш идоралари ва олимлар қон ивиши муаммоси барча вирус-векторли вакциналарга хос экани ёки йўқлигини аниқлаш устида иш олиб бормоқда. Штраус бу эҳтимолдан холи эмаслигини, чунки бир-биридан фарқ қилувчи икки вакцина ортидан айни муаммо кузатилаётганини айтади.

Ҳар икки вакцина оддий шамоллаш вируси асосида яратилган бўлиб, ҳужайраларга иммун реакциясини келтириб чиқариш кўрсатмасини беради. J&J вакцинаси инсон, AstraZeneca вакцинаси эса шимпанзе аденовируси асосида яратилган.

“Одамлар бир-биридан фарқ қилади ва фақат тасодиф туфайли тўққиз-ўн заиф жиҳат бирлашса, [муаммо] юзага келади. Бошқа ҳолатларда эса бизнинг ички хавфсизлик тизимларимиз бунинг олдини олади ва бизни ҳимоя қилади”, – дейди Андреас Грейнахер.

XS
SM
MD
LG