Линклар

Шошилинч хабар
19 октябр 2018, Тошкент вақти: 02:01

Газ портлашидан бобо нобуд бўлди, момо қаттиқ куйди, невара жароҳатланди


Фарғона вилоят, Марғилон шаҳрининг Теракдаги маҳалласидаги оилалардан бирида 16 март куни газ портлаши оқибатида касалхонага ётқизилган уч кишидан бири, оила бошлиғи 21 март куни вафот қилди. Касалхонадан Озодлик олган маълумотга кўра, уй бекасининг аҳволи ўртача оғир, беш яшар невара эса енгил куйиш жароҳати олган.

Марҳумнинг қўшниларидан бирининг айтишича, кечаси узилиб қолган газ қайтадан берилган ва бундан бехабар уй эгасининг гугурт чақиши оқибатида портлаш содир бўлган.

Газ таъминоти идораси эса, бу иддаони инкор қилмоқда.

Марғилон шаҳридаги Теракдаги маҳалласидаги хонадонлардан бирида яшаган, 16 март куни газ портлашидан қаттиқ куйиш жароҳати олган 71 яшар Рустамжон Шокиров беш кунлик муолажадан сўнг ўзига келмай вафот этди.

Марҳумнинг бу ҳақда Озодликка хабар берган қўшниларидан бирининг айтишича, хонадоннинг яна икки аъзоси ҳам куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилган:

“Ўша куни чолу кампир, етти яшар невараси билан бир хонада ётишган. Рустамжон ака кечаси турса газ ўчиб қолган экан, неварам совқотиб қолмасин деганми, газ печкага гугурт чаққанида бирданига лоп деб уй ёниб кетган. Газ кечаси ўчиб қолган ва яна келиб, уйни тўлдириб қўйган экан. Бирданига тўполон бақир-чақир бўлди. Чиққанимизда уйдагилари ва қўшнилари ёнаётган Рустам акани ўчиришаётган экан. Рустам аканинг аёллари ҳам қаттиқ куйган, Худога шукр невараники енгилроқ дейишяпти”, деди воқеа гувоҳларидан бири.

Теракдаги маҳалласининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, оловдан куйганлар зудлик билан Шошилинч тиббий ёрдам касалхонасига етказилган:

“Рустамжон ака қаттиқ куйган эканлар. Духтурлар анча муолажа қилишди, лекин ҳаётини сақлаб қолишолмади. Бу фалокатнинг сабаби газ қурғурнинг тез-тез ўчиб ёнишида. Марғилонда бундай ҳолат кўп содир бўлади. Кўпчилик газ ўчганидан сўнг, жўмракни бураб қўйишни унутиб қўяди ва огоҳлантиришсиз юборилган газ шундай фожиаларга сабаб бўляпти”, деди маҳалла фаолларидан бири.

Марғилон шаҳар газ таъминоти идорасининг ўзини таништирмаган мулозими, Рустамжон Шокировнинг уйида газдан ёнғин чиққанини тасдиқлар экан, газ таъминотида узилиш бўлганини инкор қилди:

- Газда узилиш бўлмаган. У киши кечаси ётишдан олдин печкани ўчиргану, унинг тепасидаги газ жўмрагини охиригача бураб ўчирмаган. Газ жўмраги озгина очиқ қолган. Шундан газ сизиб чиқиб уйда тўпланиб қолган. Кейин кечаси соат бирларда туриб яна печкани ёқмоқчи бўлганида шундай ҳолат содир бўлган. Биз газни бир хилда берамиз, ўчирмаганмиз, деди газ идораси мулозими.

Фарғона шошилинч тиббий ёрдам марказининг исми сир қолишини сўраган шифокорларидан бири куйиш жароҳати олган буви ва неваранинг аҳволи яхши томонга ўзгараётганини Озодликка айтди:

“Отахоннинг куйиш жароҳати 90 фоизлик эди, унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмади. Онахон эса, 50 фоизли куйиш олган, кечадан буён яхши томонга ўзгариш бўляпти. Етти яшар Сардорбекда куйиш оғир эмас, у тезда яхши бўлиб кетади”, деди шифокор.

Ўзбекистонда газ таъминотидаги узилишлар ва табиий газнинг тақчиллиги хусусида шикоятлар кўп бўлади.

Ўзбекистони стеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқовга таяниб ЎзА ахборот агентлигининг хабар беришича, ўтган йилги шикоятларнинг асосий қисми газ идоралари устидан бўлиб, бу борада жами 4 минг 389 та норозилик аризаси тушган.

Озодликка Жиззахдан келган хабарлардан бирида шундай ёзилган эди:

"Газдан заҳарланиб ёки ёнғиндан ўлмасак эди, деган қўрқув билан тонг оттираман. Ўтган йили тириклай ёнган одамни ўз кўзим билан кўрганман. Қўшни келин эрталаб чироқни ёққану бирдан портлаш рўй берган. Боёқиш келин кечаси газ ўчиб-ёниб, уйда йиғилиб турганини қаердан билсин! Ҳомиладор аёл жон аччиғида кўчага югуриб чиққан, аммо барибир уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаганди. Уйи ҳам ёниб кул бўлганди. Ўша келинга ўхшаб ёниб кетмасак эди, дея юрагимизни ушлаб ётамиз. Кўча совуқ, уй совуқ, ўзим ҳам, болаларим ҳам касал. Президент, қачон бу ерга келасиз? Маҳалла аҳли президент келганида бир кунга бўлса ҳам газ кўтарилармикан, деб ўтирибди".

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG