Линклар

Шошилинч хабар
01 май 2024, Тошкент вақти: 01:41

Тошкент фастфуд кафеларига масаллиқ тарқатаëтган цехдаги антисанитарияга ким чора кўради?


Тошкентдаги фастфуд тармоқларига нон ва гўшт етказиб берадиган Green Burger МЧЖсига қарашли цехда жорий ой олингани айтилаëтган бу суратни бургер қиймасига ишлатиладиган гўштнинг антисанитария ҳолатида сақланаëтгани акс этган.
Тошкентдаги фастфуд тармоқларига нон ва гўшт етказиб берадиган Green Burger МЧЖсига қарашли цехда жорий ой олингани айтилаëтган бу суратни бургер қиймасига ишлатиладиган гўштнинг антисанитария ҳолатида сақланаëтгани акс этган.

Озодликка Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган Green Burger масъулияти чекланган жамияти цехидан олингани иддао қилинган расмлар юборилди. Уларда Тошкентдаги аксар фастфуд тармоқларига полуфабрикат тарқатадиган цехдаги қўрқинчли антисанитария манзараси акс этган.

Бу суратлар¸ уларни Озодликка ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан жўнатган Тошкент ҳокимият тизимида ишловчи мулозимнинг айтишича¸ жорий ойда олинган.

Озодлик суҳбатлашган Юнусобод туман солиқ идораси¸ статистика бўлими¸ Юнусобод туман ДСЭНМ - Давлат санитария эпидемиология назорат маркази¸ шунингдек, "Юнусобод кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси" мазкур ҳудудда Green Burger номли МЧЖ фаолият юргизаëтгани ва унинг пойтахтдаги фастфуд тармоқларига полуфабрикат етказиб бериш билан шуғулланишини тасдиқлади.

"Одамларни огоҳлантиринг!"

Green Burger МЧЖга қарашли цехни бевосита бориб кўрган бу тошкентлик расмийнинг айтишича¸ бу хусусий корхона Тошкентдаги қатор фастфуд ресторан ва кафеларига бургер учун қийма ва булочка¸ шунингдек, лаваш нон тарқатади.

Бу МЧЖдаги аҳволни ҳамма билади¸ неча марта тушунтириш ëздирилган¸ жаримага тортилган¸ лекин ўша-ўша даҳшатли аҳвол давом этаяпти. Ë бу МЧЖнинг ортида кимлардир турипти¸ ëки булар пул билан текширувчиларнинг оғзини ëпиб келаяпти. Бу орада кўпинча болаларини фастфудга олиб кираëтган оддий халқ нимани еëтганини ўзи ҳам билмай¸ ҳар хил касал орттириб юрипти. Бу цехдаги аҳволни кўргандан кейин¸ умуман фастфудга кирмай қўйдим! Одамларни бургер ва лавашларнинг қайси шароитда қилинаëтганидан огоҳлантиришингизни сўрайман”¸ дейди суратларни Озодликка тақдим этган Тошкент шаҳар ҳокимияти мулозими.

Давлат санитария эпидемиология назорат марказида "назорат ваколати йўқ"

Озодлик Green Burger МЧЖдаги антисанитария вазиятининг ўзгаришсиз давом этиб келаëтгани ҳақидаги шикоятга изоҳ сўраб¸ Юнусобод туман Давлат санитария эпидемиология назорат маркази мутасаддилари билан боғланди.

Ўз шахси очиқланмаслигини сўраган марказнинг етакчи мутахассиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ президент Шавкат Мирзиëев назорат тизимларини хусусий бизнесни текшириш ваколатидан маҳрум қилгани ортидан¸ тадбиркорлар санитария эпидемиология назорат марказини "бир тийинга олмай қўйишган"ини билдирди.

Бу МЧЖ ҳудудига мутахассисларимиз охирги марта июнь ойида шахсан туман прокурорлари билан биргаликда боришган. Аниқланган ҳамма камчиликларни прокурорга ëзиб берганмиз. Ҳозир ҳамма ваколат прокуруратурада. Бу ҳолат бўйича биз эмас¸ улар чора кўриши мумкин¸ агар истаса. Лекин бирор чора кўрилганидан хабаримиз йўқ ҳозиргача. Ҳаммаси туман прокурорига справка қилиб берилган. Аҳвол ҳақиқатан ҳам антисанитария – сув йўқ¸ махсус кийими йўқ ишчиларида. Умумий овқатланиш шохобчасида ишловчилар ҳар ярим йилда бир марта тўлиқ медосмотрдан ўтиши керак. Булар умуман медосмотрдан ўтмасдан ишлаб ëтишипти”¸ дейди Юнусобод туман санитария эпидемиология назорат маркази мутасаддиларидан бири.

Бу суҳбатдош¸ Тошкентдаги колбаса цехларига Хоразмдан мунтазам равишда эшак гўшти олиб келиниб¸ колбасага қўшилганига оид шов-шувлик жиноий ишларидан кейин ҳам¸ умумий овақатланиш шохобчаларидаги умумий вазият¸ хусусан¸ уларнинг қандай санитария шароитида ҳозирланиб¸ уларга нима маҳсулот қўшилаëтганини текширишнинг имкони бўлмаётганини таъкидлади.

Колбасага эшак гўшти қўшилган¸ дейишди. Бургер ва лавашга ўлган мол¸ ëки куйдиргига чалинган молнинг гўшти қўшилмаганига ким кафолат беради? Ҳеч ким. Овқатланиш жойлари¸ уларга масаллиқ тайëрлаëтган цехлардаги вазият ҳозир жуда ëмонлашган"¸ деди Озодлик суҳбатлашган марказ мутахассиси.

Тадбиркорлар санэпидмарказнинг гапини бир тийинга олмай қўйган. Ҳозир ҳамма тадбиркор туман ҳокимлигидаги Ягона дарича орқали рухсатнома олиб¸ иш бошлаяпти. Олдинлари умумий овқатланиш соҳасида бизнес бошламоқчи бўлган тадбиркор¸ санитария қоидаларига жавоб берадиган шароит қилиб¸ бизнинг талаб-тавсияларимизга амал қиларди. Ҳозир на очишда бизнинг ролимиз бор¸ на очгандан кейин текширишга бора оламиз – эшигини ҳам очмайди бизга. Билганини қилиб¸ очиб¸ ишлаб ëтипти”¸ деди Юнусобод туман санитария эпидемиология назорат маркази мутасаддиларидан бири.

Прокуратура нима дейди?

Озодлик Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги Юнусобод кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган Green Burger МЧЖдаги антисанитария вазиятига оид мазкур туман Давлат санитария эпидемиология назорат маркази томонидан берилган билдиришнома юзасидан чора кўрилган-кўрилмаганини ўрганиш мақсадида Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилди.

Сўровни қисқа фурсатга ўрганишга ҳаракат қилган матбуот хизматининг билдиришича¸ мазкур цехдаги антисанитарияга оид Озодликка билдирилган шикоятлар асосида вазият ўрганилмоқда ва Юнусобод прокуратураси¸ шахсан шаҳар прокурори бу ҳолатни назорат остига олган.

"МЧЖга нисбатан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи-назаридан қонун доирасидагина иш тутилади”¸ дейилади Озодликка Бош прокуратура матбуот хизмати билдирувида.

XS
SM
MD
LG