Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:21

Мирзиёевнинг маҳаллага ташрифи "дув-дув гап" бўлди - оммабоп ток-шоулар назоратга олинди


"Yor-yor" кўрсатувидан олинган кадр.
"Yor-yor" кўрсатувидан олинган кадр.

23 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон телеканалларида намойиш қилинаётган баъзи ток-шоулар устидан арз қилинди.

“Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар кенгаши раисининг фикрича, “Zo’rTV” нинг “Yor-yor” ва “Sevimli”нинг “Mahallada duv-duv gap” кўрсатувлари “миллий анъаналарга зид”дир.

“Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви вакили Тошкент шаҳар кенгаши раиси фикрини қўлламаслигини билдирди.

Ўзбекистон телеканалларида намойиш қилинаётган қатор кўрсатувлар, хусусан “Yor-yor” кўрсатуви устидан бундан олдин ҳам Президентга “жамоатчилик номидан” шикоят қилинган эди.

Президентга шикоят

Шавкат Мирзиёевнинг Шайхонтоҳур туманида маҳаллалар фаоллари билан учрашуви чоғида “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Рустам Калонов маҳаллаларнинг ўзига хос муаммосини кўтарди:

“Ёр-ёр” дегани ҳам бор. Унда чиқиб хотинлар эр топаман дейди, эркаклар хотин. Яхши эркак бўлса ўзи хотин топиб олади”.

“Мана, муҳтарам президент, маҳаллаларга катта эътибор беряпсиз. Лекин бир фикр бор эди – “Sevimli” телеканалида “Mahallada duv-duv gap” деган кўрсатув бор. Умуман бизнинг анъаналаримизга зид. Қандай қилиб уни оила даврасида томоша қилиш мумкин, ҳайронман. Шунчалик бир масалани муҳокама қилмоқчи экан, ўша маҳалласига бориб қилсин шуни. Яна “Ёр-ёр” дегани ҳам бор. Унда чиқиб хотинлар эр топаман дейди, эркаклар хотин. Яхши эркак бўлса, ўзи хотин топиб олади”.

Рустам Калоновнинг сўзларини келтирган Kun,uz сайтининг хабар қилишича, Президент бу гап ортидан бош вазирга: “Абдулла Неъматович, ўзингиз назоратга олинг бу масалани”, – деган.

“Sevimli” ва “Zo’rTV” жим

“Sevimli” телеканалининг “Mahallada duv-duv gap” ток-шоусида асосан, оилавий ва баъзан ижтимоий масалалар муҳокама қилинади. Бундай ток-шоулар бошқа баъзи каналларда ҳам бор.

“Yor-yor” ток-шоуси, муаллифларининг айтишича, турмуш кўрган, лекин у ёки бу сабаблар билан шу кунда ёлғиз яшаётган аёллар ва эркакларнинг бир-бирови билан учрашиб, оила қуриш томон қадам ташлаши учун майдондир.

Кузатувчилар фикрича, ““Mahallada duv-duv gap”, “Yor-yor” ҳамда буларга ўхшаш яна бир неча кўрсатув давлат тепасига Шавкат Мирзиёев келгач телеканалларда пайдо бўлган нисбий эркинлик маҳсулидир.

“MY5” каналининг “Mahallada duv-duv gap”га ўхшаш кўрсатуви (“Ochiqchasiga gaplashamiz”) ҳар гал президент Мирзиёевнинг сўзлари билан очилиши ҳам харакатерлидир.

“Sevimli” телеканали бош муҳаррири Қаҳрамон Сайдалиев Озодлик мурожаатига жавобан “хасталиги туфайли шу кунда ишга чиқолмаётгани, янгиликларни кузатолмаётгани, шунинг учун кечаги гапдан ҳам хабарсиз” эканлигини билдириш билан чекланди. “Zo’rTV” раҳбарияти билан боғланишга уринишларимиз эса натижа бермади.

Доимий босимлар

“Yor-yor” кўрсатувининг (“Zo’rTV”) илк сони эфирга узатилганига яқинда 2 йил тўлади. 2020 йилнинг январида бошланган бу лойиҳанинг шу кунгача 200 та сони тайёрланди.

Журналист Муҳаббат Ҳамроева ассистент бошловчилар – профессор Омина Каримова ва стендап комик Тўхтамурод Азизовлар билан олиб борадиган бу кўрсатув “анъанавий миллий қадриятлар” тарафдорлари томонидан муттасил босимга учраб келаётгани бошловчиларнинг деярли ҳар бир кўрсатувда танқидчиларга у ёки бу кўринишда жавоб беришидан маълум.

Хусусий телеканаллар кўрсатувлари, хусусан “Yor-yor” устидан президентга қилинган 22 ноябрдаги арз давлат раҳбари даражасига кўтарилган иккинчи арздир. Президент жорий йил бошида Юнусобод туманига борганида ҳам “Yor-yor” устидан шикоят қилинган, шундан сўнг кўрсатув бошловчиси Муҳаббат Ҳамроева AlMedia Youtube-каналига берган интевьюсида бундай деган эди:

“Ҳаттоки Юнусободдаги бир учрашувда тўғридан-тўғри президентимиз Шавкат Миромоновичга бу кўрсатувни ёпиш керак, дейишган эди. “Zo’rTV” телеканалидан берилаётган “Yor-yor” дастури менталитетмизга умуман қарши, урф-одатларимизга тескари, ёпиш керак, деган сўзни айтишди. Юртимиз раҳбаригача бу нарса олиб чиқилди (кулади).

Бу сўзларни айтгач, Муҳаббат Ҳамроева кўзига ёш олиб, “тонггача жойнамоз устидан турмагани”, “шунча қилган меҳнатим наҳотки битта танқид билан йўққа чиқиб кетса, деб қўрққанини” айтади.

Январдаги танқиддан қарийб 11 ой ўтиб, “Yor-yor” устидан яна президентга арз қилинди.

"Рустам Калоновнинг фикри "Нуроний" фикри эмас"

Озодлик шикоятчи Рустам Калонов билан боғлана олмади. Бироқ у ишлайдиган “Нуроний” жамғармаси раиси муовини Шароф Убайдуллаев Калоновнинг кўрсатувлар тўғрисидаги фикрларига қўшилмаслигини билдирди:

Бева аёллар ёлғизликда ўзига ўт қўяверсинми? Болаларини боқолмай сотувга қўяверсинми? !

“Сайловда Президентимизнинг ишончли вакили сифатида жойларда қилган баъзи чиқишлари билан ҳам бизни ҳижолатга қўйган Рустам Калоновнинг оддий халқ ҳаётини, одамларнинг реал ташвишларини билишига шубҳам бор. “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар кенгаши раиси бўлиб ишлаётган бу собиқ давлат амалдори ўзи тушунадиган нарсага аралашгани маъқул эди. Ахир ёлғиз қолган аёл, ёлғиз қолган эркак ўзига жуфти ҳалол топса ва бу ишда уларга телевидение ёрдам берса, нимаси ёмон?! Ё бева аёллар ёлғизликда ўзига ўт қўяверсинми? Болаларини боқолмай сотувга қўяверсинми? Ҳар ҳолда миллий зеҳният ҳақида миллий зеҳният нималигини тушунадиган одам гапиргани маъқул”.

Михаил Горбачевнинг қайта қуриш йилларида оилавий можаролар ва ижтимоий муаммоларни телевидение ҳамда жамоатчилик муҳокамасига олиб чиққан таниқли телебошловчи Дадахон Ёқубов эса, кўрсатувлар борасидаги хулосани томошабин ҳукмига ҳавола қилиш керак, деган фикрда:

Муҳими – ҳар икки томоннинг фикрини бериш, хулосани эса, халқ, томошабин чиқариб олади.

"Оилавий можароларни 90-йиллар бошларида мен ҳам “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувида кўп олиб чиққанман. Муҳими – ҳар икки томоннинг фикрини бериш, хулосани эса, халқ, томошабин чиқариб олади”.

Рустам Калоновнинг кўрсатувлар устидан Президентга шикояти ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокама қилинмоқда.

Блогер Зафарбек Солижонов ўзининг Телеграм-каналида “бу ерда ҳам "маънавият"ни ёқиб олишни йиғиштириш керак. Ечими осон - ёқмаса, кўрма, бошқа каналга олиб қўй. Ҳеч ким сени мажбурлаётгани йўқ. Бу кўрсатувларнинг кўпларга фойда тегаётганини кўриб турибмиз”, деб ёзар экан, ўз постини мана бу фикр билан якунлаган:

Калоновдеклар сеҳрли жинни кўриб қолса, биринчи тилак сифатида барча инсонларга сексни тақиқлашни сўрайдиган одамлар хилидан.

“Калоновдеклар сеҳрли жинни кўриб қолса, биринчи тилак сифатида барча инсонларга сексни тақиқлашни сўрайдиган одамлар хилидан. Унга унчалик эътибор қилмаслик керак. Ўйлайманки, Бош вазир командаси ҳам Калоновнинг таклифига мийиғида кулиб қўяди холос. Ортиғига арзимайди”.

Президент Мирзиёев шу йил бошида Юнусободдаги учрашувда кўрсатувлар устидан шикоят қилганларга жавобан бундай деган эди:

“Албатта, эфирга узатилаётган дастурлар миллийлигимизга, ёшлар тарбиясига мос бўлиши муҳим. Лекин шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини ҳам асоссиз чеклаб қўя олмаймиз. Улар эндигина сўз эркинлигига ўрганиб, фаолиятларини йўлга қўйиб келмоқда”.

Муҳокама мавзуси бўлган кўрсатувларнинг кейинги тақдири ҳақид ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ. Мирзиёев Шайхонтоҳур туманига ташриф буюрган 23 ноябрь куни “Zo’rTV” даги “Yor-yor” кўрсатувининг янги, 201-сони эфирга узатилди. Озодликнинг ҳар икки телеканалдаги вазиятдан хабардор манбаси Бош вазир Арипов айни масала билан шуғулланаётгани ва бу икки оммабоп ток-шоунинг ёпилиш эҳтимоли катта эканини айтди.

"Sevimli" телеканали Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассоциацияси (НАЭСМИ) ҳамда "Ўзбеккино" агентлиги раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов медиа-империясининг бир қисмидир. “Zo’r TV” эса Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилади. Ортиқхўжаевнинг ўзи буни ҳеч қачон тасдиқламаган.

Бундан аввал хусусий телеканаллардаги хориж, хусусан, қатор турк сериаллари тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган ва расмийларнинг аралашуви билан намойиши тўхтатилган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG