Линклар

Шошилинч хабар
28 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:37

Осиë чемпиони бўлган ëш футболчилардан президент совға қилган "Малибу" учун пул сўралмоқда


Ёшлар ўртасида Осиё чемпиони бўлган ўзбекистонлик футболчи ва мураббийлардан президент совға қилган ҳар бир “Малибу” автомобили учун 10 минг доллардан тўлаш талаб қилинмоқда. Бу ҳақда Озодликка шахси сир қолишини истаган Ўзбекистон Футбол федерацияси мулозими хабар қилди. Футбол соҳасида ишлайдиган бошқа мулозим ҳам автомобилларни сотган фирмага пул ўтказилмаганлиги учун футболчиларга берилган автомобиллар ҳозиргача расмийлаштирилмаганини билдирди.

Жорий йилнинг январь ойида Хитойда ўтказилган Осиё чемпионати ғолиблари - Ўзбекистон U23 терма жамоаси аъзоларини президент Шавкат Мирзиёев Chevrolet Malibu русумидаги автомобиль билан тақдирлаган эди.

Мирзиёев футболчилар ғалабасини олқишлар экан: "Бу футболни ман очиқ гап, ўзим қулга олганман. Ичини тозаладик. Ҳамма коррупцияни тозалаб ташладим. Ҳаммасига ўзим янги Малибу беряпман" - деди.

Ўзбекистон Футбол федерацияси мулозимларидан бирининг Озодликка айтишича, президент совғасини олиш учун соврин соҳибларидан автомобиль нархининг 30 фоиздан ортиғини тўлаш талаб қилинган.

“Ёшлар жамоамиз ғолиб бўлиб қайтганидан сўнг, президент 21 футболчини оқ “Малибу” ва тўрт нафар мураббийни қора “Малибу” билан тақдирлаган эди. Лекин икки кундан кейин, федерация вице-президенти Умид Аҳмаджонов “кимки машина ўзида қолишини истаса¸ 10 минг АҚШ долларидан федерацияга қайтариши керак¸” деб айтди. Шу пайтгача бирор нафар футболчи ва тренер ҳам машина ҳужжатларини олмаган”, деди исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Шахси сир тутилишини сўраган футбол мураббийларидан яна бирининг айтишича, орадан қарийб бир ой ўтган бўлса ҳам автомобиллар пули уларни сотган Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган "DRIVER'S VILLAGE" автосалонига ўтказилмагани боис, футболчи ва тренерлар машиналарни ўз номларига расмийлаштира олмаган.

“Ҳозир ҳам Тошкентда “Чемпион” деб ёзилган, аммо давлат рақами йўқ “Малибу”ларни кўп учратиш мумкин. Инспекторлар ҳам ҳурмат юзасидан уларни тўхтатмайди. Чемпионлар жамоасидаги танишимнинг айтишича, токи ўша 10 минг долларни тўламаса, ҳужжатлар расмийлаштирилмас экан. Машинани ўзларинг олмоқчи бўлсанг бу пулни тўланглар, ёки машинани сотиб тўланглар, дейишаяпти”, деди мураббийлардан бири.

Озодлик 22 февраль куни "DRIVER'S VILLAGE" автосалони телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермагани боис¸ автосалон бошқарувчилари билан боғлана олмади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг воқеа тафсилотларидан яхши хабардор мулозими Озодликка одатда бундай совғалар харажатини уларни бошқарадиган спорт федерациялари кўтариб келганини билдирди.

“2016 йилги Олимпиада ғолибларига совға қилинган “Малибу”лар харажатини ўша пайтдаги Миллий олимпия қўмитаси раиси Мираброр Усмонов кўтарган эди. У ўзининг фирмасидан дарҳол автосаноатга пул ўтказиб берган ва спортчилар эртаси куни машина ҳужжатларини олган эди. Бу йил ҳам президент топшириқ берди, лекин Ўзбекистон Футбол федерацияси раиси Очилбой Раматов бу пулнинг ҳаммасини бергиси келмаган кўринади. Шунинг учун у пулнинг бир қисмини футболчиларнинг бўйнига қўйган ва машина нархининг 30 фоизини ундиришни федерация вице-президенти Умид Аҳмаджонов зиммасига юклаган”, дейди мулозим.

Озодлик мухбирининг бу иддаоларга муносабат олиш мақсадида 22 февраль куни Ўзбекистон Футбол федерацияси вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан боғланишга уринди. Аммо федерация расмийлари Аҳмаджоновнинг Бирлашган араб амирликларида хизмат сафарида эканини айтиб¸ унинг мобил телефонини беришдан бош тортди.

Ўзбекистон U23 терма жамоаси бош мураббийси Равшан Ҳайдаров эса¸ давлат мулозимлари ҳам маҳаллий ва хориж журналистлари билан очиқ гаплашишга ўтаëтган бир пайтда¸ "хориж радиоси бўлган Озодликка гапирмаслиги"ни айтиб¸ бу хабарларга муносабат билдиришдан бош тортди.

XS
SM
MD
LG