Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2019, Тошкент вақти: 10:05

Махсус ПИАР? Шоу бизнес вакиллари Мажбурий ижро бюросини мақташ кампаниясини бошлади (ВИДЕО)


Ўзбекистондаги айрим таниқли қизиқчи¸ ашулачи ва актëрлар Telegram гуруҳлари орқали ўзлари яшаб турган туман Мажбурий ижро ходимларининг 24 соатлик тўхтовсиз ишини мақташ ва уларга миннатдорчилик билдириш кампаниясини бошлади.

Бу кампания¸ бошқа иштирокчиларнинг айтишича¸ қизиқчи Валижон Шамшиев Яшнобод туман мибчиларига миннатдорчилик билдиргани ортидан бошланиб кетган.

Шамшиев Яшнобод мибчилари ва кенг халққа қилган мурожаатида:

“Мибчиларга давлатимиз томонидан қўйилган режалардан эсон-омон чиқиб олиш бахти насиб қилсин. Халқимизга ҳам чиройли ақлу фаросат¸ энг асосийси инсоф ва виждон берсин. Чунки ишлатилган нарсаларнинг ҳаққи тўланиши керак. Бўрини оëғи боқади”¸ дейди жумладан.

Telegram канали орқали тарқаган бу видеочиқишга дарров бошқа артистлар ҳам жўр бўла бошлади.

Шоу бизнес вакиллари МИБни мақташ кампаниясини бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:52 0:00

Ашулачи Адҳам Солиев чиқишида¸ мибчиларни мақташи билан¸ камера ортида турганларнинг унга айнан ўзи яшаëтган Чилонзор тумани МИБни мақташни айтиб тургани эшитилади:

Чилонзорда булар 24 соат кўчада юради. Давлат инспекторлари тинмасдан кўчада юради¸ буларга иссиқ 80 градус бўлса ҳам таъсир қилмайди”¸ дейди Солиев.

Ўз тумани мибчилари мақтаган санъаткор қизлардан бири ҳам уларнинг айнан Меҳнат Кодексида кўзда тутилмаган 24 соатлик ишини тилга олди.

Тошкент туман МИБ ходимлари ўз иш фаолиятларини 24 соат давомида олиб боришаяпти. Биз уларда ўз ишларида улкан зафарлар тилаб қоламиз”¸ дейди бу санъаткор қиз.

Радиобошловчи ва ўртакаш Акмал Мирзо¸ актëр Меҳриддин Раҳматов¸ 2017 йили Мирзиëевга “Султоним” деб қўшиқ айтган ашулачи Дилфуза Исмоиловалар Учтепа¸ Шайҳонтоҳур ва Янгийўл мибчиларига олқиш ëғдиради.

Ажойиб¸ машаққатли касблардан бири МИБ ходимларининг касби”¸ деб гап бошлаган актëрлардан бири ҳам бу тизим инспекторларининг дам олишсиз ишлаëтганини ўз мақтовига асос қилади.

Тиним билмай 24 соат ишласа¸ инсон касал бўлиши мумкин¸ асабини йўқотади. Лекин МИБ ходимлари керак бўлса соғлиғидан ҳам кечиб¸ асабидан ҳам кечиб ишлаб келмоқда “¸ дейди Шайхонтохур туман мибчиларини мақтаган актëр.

Тошкентдаги шоу бизнес вакиллари бошлаган бу мадҳияларнинг вилоятлардаги қўшиқчи-машшоқлар илиб кетгани айтилмоқда.

Уюштирилган ПИАР акцияси?

Ўзбекистон шоу бизнеси вакилларининг МИБ фаолиятини ПИАР қилиши¸ Озодлик гаплашган тизим ходимларига кўра¸ “тепадан берилган команда” билан бошланган.

Арзон ПИАР қилиш учун санъаткорларга республикадан топшириқ бўлганмиш. Бу прокуратура янги раҳбарларининг иши. Халқ бир ëн¸ МИБ обрўси ëмон¸ булар эса¸ артистларни аралаштириб¸ уларни мақтаяпти¸ боз устига 24 соатлик ишни тарғиб қилаяпти. Қонунни ҳимоя қиладиган идора жавоб берсин – 24 соат ишлаш қайси қонун¸ қайси мезонда бор?” деди ўзи ҳам айни тизимга алоқадор Озодлик суҳбатдоши.

Тошкентдаги туманлардан бирининг¸ ҳозирча ўзини пиар қилишга улгурмаган МИБ инспекцияси ходими Озодлик билан суҳбатда¸ ҳозир санъаткорлар орасидаги таниш-билишларини ишга солиб¸ ўз райони мибчилари ишини мақтаб чиқиш топшириғи берилганини айтди.

Бизга ўзимизнинг район бошлиғи айтди бу гапни. Унга ким айтганини¸ очиғи билмайман. Лекин ҳозир роса ҳайп бўлаяпти. Мибчилар ўзини мақтатиш бўйича кимўзар пойга бошлаворди”¸ дейди ўзи ҳам артистлар орасидан пиарчи қидираëтганини айтган МИБ ходими.

Бу суҳбатдош¸ санъаткорларга бу ПИАР акциясига қўшилиш учун нима таклиф қилинганидан хабари йўқлигини айтди.

МИБга пиар нимага керак?

Шавкат Мирзиëевнинг 2017 йил 30 май кунги қарори билан Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Асосий иши қилиб аҳолидан газ-свет қарзларини ундириш бўлган бу янги тизим ўз фаолиятини ҳам ҳукумат¸ ҳам аҳоли томонидан кўрсатилган катта босим билан бошлади.

Йиллар давомида йиғилиб қолган триллионлаб сўмлик қарздорликни ундириш учун муддат берилган МИБ ходимлари бу топшириқни бажариш учун тинимсиз ишлашга мажбурланди.

МИБ фаолиятини бошлаганидан бери Озодликка бу тизим ходимларига бўлаëтган босимлар¸ уларнинг дам олишсиз¸ эрта тонгдан ярим тунгача ишлашга мажбурланаëтгани ҳақида муттасил шикоятлар келмоқда.

Айни пайтда¸ МИБ ходимларининг президент қўйган кескин топшириқ ижросига киришгани аҳоли эътирозлари сабаб бўлмоқда.

МИБ ходимларига нисбатан қарздорларнинг салбий муносабати¸ баъзи ҳолларда уларга нисбатан зўравонликлар акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқамоқда.

МИБ тизими ходимларининг Озодликка айтишича¸ бу тизим фаолияти президент танқидига учраб келаëтгани ортидан уни қайта Адлия вазирлиги назоратига ўтказиш лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Бораëтган ПИАР акцияси¸ бу суҳбатдошлар тахминича¸ МИБни прокуратура таркибида қолдириш учун қилинаëтган уриниш бўлиши мумкин.

ПИАР акциялари тарихи

Кейинги йилларда Ўзбекистон шоу бизнес вакилларининг давлат идоралари топшириғи билан жамоатчиликни манфаатли томонлар пропагандасини тарғиб қилиб келаëтгани кузатилади.

Ислом Каримовнинг ўлими ҳақидаги илк хабарлар тарқалиши ортидан¸ бир гуруҳ шоу бизнесчилар «Додамиз тирик» деган кампания бошлаган ва кейинчалик айни ўша кунларда комада ëтгани ва ўзига келмаслиги аниқ бўлган Каримовнинг «соғ-саломат» экани ва тезда ишини давом эттиришига ишонтирмоқчи бўлган эди.

Ўтган ой айни шу кампанияда қатнашган санъаткорлар оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ қамоққа ҳукм этилган Гулнора Каримовани соғингани ва унинг тезда озодликка чиқишини дуо қилиш кампанияси ўтказган эди.

Шарҳларни кўринг (6)

Алоқадор

XS
SM
MD
LG