Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2022, Тошкент вақти: 22:44

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонлик таниқли футболчи Одил Аҳмедов спортни тарк этмоқда

Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов Одил Аҳмедовга совға топширмоқда.

Ўзбекистон футболининг таниқли вакили Одил Аҳмедов 18 декабрь куни спортдаги фаолиятини якунлади.

«Бугун ўзбек футболининг ёрқин юлдузларидан бири, узоқ йиллар давомида миллий терма жамоамизда бетакрор ўйинлар ўтказган Одил Аҳмедов футболчилик фаолиятит якунланганини эълон қилди»,-деб хабар берди Ўзбекистон футбол ассоциацияси 18 декабрь куни.

Шу муносабат билан Тошкентда Одил Аҳмедов ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбир ўтказилди ва унда футболчи тўғрисида ёзилган «Орзунинг шонли йўли» китобининг тақдимоти бўлди.

1987 йилнинг 25 ноябрида Наманган шаҳрида туғилган Одил Аҳмедов футбол фаолиятини 2007 йилда Тошкентнинг «Пахтакор» клубида бошлаган. Ўшандан бери миллий терма жамоа таркибида у 108 та ўйин ўтказган ва 21 та гол уришга муваффақ бўлган.

Аҳмедов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланган.

2018 йилда Хитойнинг «Шанхай СИПГ» жамоасида ўйнаган Одил Аҳмедов Хитой суперлигаси чемпиони бўлган.

Кун янгиликлари

Президент блэкаутдан “саросимага тушмаган сабр- тоқатли” халққа миннатдорчилик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев 26 январь куни ўтган видеоселекторда Ўзбекистон тарихида илк маротаба юз берган йирик энергетик инқироздан саросимага тушмагани учун Ўзбекистон халқига миннатдорчилик билдирди.

“Бундай ҳолатда халқимиз вазиятни тўғри қабул қилиб, саросимага тушмади. Фурсатдан фойдаланиб, аввало сабр-тоқатли халқимизга, шунингдек, ушбу вазиятни бартараф этишда жонбозлик кўрсатган барча соҳа ва идоралар ходимларига, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман”,-деб иқтибос келтирди президент сўзларидан “Кун уз”.

“Газета уз”нинг ёзишича, видеоселектор давомида президент “бу авариядан ўша заҳотиёқ хабар топиб, дарҳол ҳукумат комиссиясини тузишга топшириқ берганини, комиссия, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлганини, авария ҳамда унинг иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ишларни, шахсан назоратига олгани”ни билдирган.

“Дарё уз” эса президент айни пайтда блэкаут оқибатлари босқичма-босқич бартараф этилаётганини айтгани тўғрисида хабар берди.

“Бу ҳодисадан тўғри хулоса қилиб, биз Ўзбекистон тараққиётини давримизнинг глобал муаммолари билан янада боғлиқ ҳолда кўришимиз керак. Бу борадаги мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туришимиз керак”,-деб иқтибос келтирди президент сўзларидан нашр.

Ўзбек драматургиясининг таниқли вакили Шароф Бошбеков вафот этди

Шароф Бошбеков "Тақдир эшиги", "Темир хотин", "Юзсиз" каби асарлари билан халқ орасида танилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати”ордени соҳиби, таниқли драматург, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шароф Бошбеков 26 январь куни 71 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси расман маълум қилди.

1951 йил 4 январда Самарқанд вилояти Булунғур тумани Ғубир қишлоғида туғилган Шароф Бошбеков 1974 йили Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган.

Муқимий номидаги давлат мусиқали театри, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида фаолият кўрсатган. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (1983-1985), Ўзбекистон Миллий давлат академик драма театрида (1986-1987) адабий ходим бўлиб хизмат қилди.

Шароф Бошбеков “Тақдир эшиги” номли илк драматик асарини 1980 йилда ёзди. Шундан сўнг унинг “Тикансиз типратиканлар”, “Мусиқа сайёраси”, “Тентак фаришталар”, “Тушов узган тулпорлар” (1983) драмаси, “Эшик қоққан ким?” (1987), “Эски шаҳар гаврошлари” (1998), “Темир хотин” (1989) каби жиддий комедиялари ўзбек драматургияси хазинасини бойитди.

Шароф Бошбеков сценарийси асосида “Маъруф ва Шариф”, “Юзсиз” (1993), “Тилла бола” (1994) каби фильмлар яратилди. У “Масхарабоз” (1996), “Фарҳод ва Ширин” фильмларида ҳам сценарий муаллифи, ҳам режиссёр сифатида иштирок этди. Унинг сценарийси асосида “Чархпалак” телесериали суратга олинган.

Бундан ташқари, “Тентак фаришталар” (1995), “Зўрдан зўр чиқса” (1996) каби саҳна асарлари ҳам республика театрларида муваффақиятли намойиш этилди.

Адиб драма ва киноқиссалардан иборат “Танланган асралар” китоби учун 2021 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Йилнинг энг яхши асари” танлови ғолиби бўлди.

Шароф Бошбеков 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2001 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Тошкентда газ босими тикланиши ваъда қилинмоқда. Самарқанд ва Наманганда автобуслар тўхтади

Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда “пойтахтда газ таъминоти тўхтатилади” мазмунида тарқалаётган хабарлар асоссиз эканини билдирди.

“Тошкент шаҳри газ билан таъминланган, бироқ бугун, 26 январь куни соат 14:00 дан 17:00 га қадар газ босимининг бироз пасайиши кузатилиши мумкин”,-дейилади расмий билдирувда.

Вазирлик пойтахтда газ босимининг пасайишига йўл қўймаслик бўйича барча чоралар “тезкорлик билан амалга оширилаётгани”ни ва соат 17:00 дан кейин газ босими нормал ҳолатда истеъмолчиларга етказилишини маълум қилди.

Айни пайтда Самарқанд ва Наманганда газ заправкалари ишламаётгани ортидан 26 январь куни шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишларда хизмат кўрсатувчи автобус йўналишларида транспорт воситалари сони кескин даражада камайиб кетгани ҳақда “Кун уз” хабар берди.

Ўзбекистонда 25 январь куни юз берган блэкаут оқибатида Энергетика вазирлиги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолиятига “вақтинчалик чекловлар киритган” эди.

Умрага авиарейслар 1 февралдан бошлаб ҳар куни амалга оширилади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 1 февралдан бошлаб Умра сафарига ҳар куни биттадан авиарейс амалга оширилишини маълум қилди.

Расман билдирилишича, 10 февралдан бошлаб Саудия Арабистонига рейслар сони кунига 2тага етказилади. Рамазон ойи давомида эса ҳар куни 3 тадан авиақатнов йўлга қўйилади.

16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкентдан Саудияга 22, 25 ва 28 январь кунлари авиарейслар йўлга қўйилгани тўғрисида хабар берганди.

“Жорий умра мавсумида биринчи навбатда пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойи охирига қадар умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилади”,-дейилади хабарда.

2020 йил февраль ойига қадар умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 миллион 770 минг сўм тўлашлари лозим бўлади.

Умрага борувчилар коронавирусга қарши Astra-Zeneca, Moderna, Pfizer ёки Jonson & Jonson вакциналари билан тўлиқ эмланиб, сертификатга эга бўлиши лозим.

Ўзбекистонда икки кунлик пастлашдан сўнг коронавирусга чалинганлар сони яна кўпайди

Кетма-кет икки кунлик пасайишдан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони яна кўпайди. 25 январь куни Ўзбекистонда 1174 кишишида коронавирус инфекцияси аниқланди. 24 январь куни 1296, 25 январь куни 1123 кишида коронавирус аниқлангани тўғрисида билдирилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги касалланиш ҳолатларининг 482 нафари Тошкент шаҳрида, 139 нафари Тошкент вилоятида ва 133 нафари Фарғона вилоятида қайд этилганини билдирди.

Касалликдан соғайганлар жами 206727 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этди. Бу билан вирусдан ўлганлар сони 1549 кишига етди. Қолаверса, кеча 114 нафар кишида пневмония аниқланди.

Энергетика вазирлиги: Электр таъминоти 70 фоизга тикланди, заправкаларда чеклов жорий этилади

Ўзбекистон бўйлаб электр энергияси таъминоти, 26 январь соат 09:30 ҳолатига кўра, 70 фоизга тикланган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот котиби Элмира Бекмуродова бугун АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Мулозима сешанба куни мамлакат электр тизимида юзага келган носозликлар туфайли газ ишлаб чиқариш ҳажми камайганини қайд этиб, ишлаб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ ҳажмда ИЭС, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолига йўналтирилишини билдирган.

“Шу муносабат билан бугундан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилади”, деган Э. Бекмуродова.

Мулозима ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган юридик истеъмолчиларга ҳам табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилишини қўшимча қилган.

Вазирлик: Қозонхоналардан қарийб 90 фоизи ишга тушди, етти ҳудудга ичимлик суви тўлиқ етказиляпти

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 26 январь соат 09:30 га келиб ўз тизимига кирувчи 500 та қозонхонадан 444 таси ўз иш фаолиятини қайта тиклагани ҳақида маълумот тарқатди.

Вазирлик сешанба оқшомида Тошкент шаҳридаги марказий иситиш қозонхоналари 3-4 соат оралиғида тўлиқ иш режимига ўтиши ва кўп қаватли уйлардаги хонадонлар исий бошлашини ваъда қилган эди.

Шунингдек, кеча пойтахтда ичимлик суви таъминоти 6 соат ичида тўлиқ тикланиши айтилган эди.

Вазирлик қайдича, айни пайтгача Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида аҳолига ичимлик суви етказиб бериш 100 фоизга тикланган.

“Ҳудудгазтаъминот” газ етказиб беришда юзага келган муаммолар юзасидан изоҳ берди

Ўзбекистоннинг Фарғона водийси ҳудудидаги вилоятлари, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг бир қатор туманлари ҳамда Тошкент шаҳрида ҳозирги пайтда табиий газ етказиб беришда босимнинг пасайиши ёки унинг йўқлиги кузатилмоқда. Бу ҳақда маълумот тарқатган “Ҳудудгазтаъминот” АЖ шу муносабат билан газ босимини тиклаш ва истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётганини очиқлаган.

“Ҳозирги вақтда газ етишмаслиги ёки уни етказиб бериш пайтида босим пасайган манзилларда газ ишлатадиган барча жиҳозларни ўчириб қўйиш ва биноларда газ ҳиди йўқлигини текшириш керак”, дея огоҳлантиришган “Ҳудудгазтаъминот” вакиллари.

Қайд этилишича, Ўзбекистон бўйлаб 25 январь куни электр таъминотида юзага келган ва узоқ давом этган узилишлар туфайли “Газли”, “Шўртан” ва “Муборак” нефть-газ қазиб олиш бошқармасига қарашли 64 та коннинг иши вақтинча тўхтатилган, бу эса “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ қувурлари ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ маҳаллий тармоқларида газ босимининг пасайишига таъсир кўрсатган.

Uzbekistan Airways Тошкент–Истанбул ва Истанбул–Фарғона қатновлари бекор қилинганини билдирди

Истанбул аэропортидаги ҳолат, 2022 йил 25 январи

Жорий йилнинг 26 январь куни бажарилиши режалаштирилган Тошкент – Истанбул – Тошкент (HY – 271/272) ҳамда Истанбул – Фарғона – Истанбул (HY – 277/278) йўналиши бўйича рейслари бекор қилинди.

Uzbekistan Airways бу қарорни “Истанбул халқаро аэропорти фаолияти тўлиқ тўхтатилгани билан” изоҳлаган.

Авиаширкат матбуот хизмати бекор қилинган парвозлар йўловчилари чиптанинг тўлиқ қийматини сотиб олинган жойда қайтариш ёки 27 январь кунига ёки парвозлар қайта тикланганидан кейин ҳар қандай кунга бепул кўчириш ҳуқуқига эга эканларини эслатган.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли қор туфайли транспорт ҳаракати, жумладан халқаро авиақатновлар билан боғлиқ коллапс юзага келгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.

“Ўзтемирйўлйўловчи”: Тошкент-Бухоро йўналиши бўйлаб Afrosiyob поезди қатнови тикланди

Жорий йилнинг 26 январь тонгидан Тошкент-Бухоро йўналиши бўйлаб қатнайдиган Afrosiyob поездлари ҳаракати тикланган.

“Ўзтемирйўлйўловчи” ширкати маълумотига кўра, ҳозирда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши темир йўл вокзалларида электр таъминоти қайта тикланган бўлиб, шу боис Бухородан Тошкентга ҳаракатланадиган 765-сонли ҳамда Тошкент марказий темир йўл вокзалидан ҳар куни соат 07:00 да йўлга чиқадиган 764-сонли, соат 07:28 даги 762-сонли, соат 08:00 даги 760-сонли, соат 08:30 даги 770-сонли Afrosiyob поездлари ўз ҳаракат жадвали бўйича қатновини амалга оширишини билдирган.

Ширкат Afrosiyob поездлари қатнайдиган бошқа йўналишлар (Самарқанд, Қарши) бўйича қўшимча маълумот берган эмас.

Аввалроқ “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати электр энергияси таъминотида юзага келган муаммо туфайли Қарши ва Бухоро шаҳарларидан Тошкентга юрадиган Afrosiyob ва бошқа электрификасияланган йўналишларда ҳаракатланаётган поездлар ҳаракати тўхтатилганини қайд этган эди.

Бу орада “Тошкент метрополитени” ширкати чоршанба куни соат тонгги 05.00 дан эътиборан мамлакат пойтахтида метро “белгиланган режа жадвали асосида йўловчиларни доимгидек ўз манзилига етказиш”ни бошлаши ҳақида маълум қилган.

Энергетика вазирлиги Ўзбекистоннинг 8 та ҳудудида электр таъминоти тўлиқ тикланганини иддао қилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг саккизта ҳудудида, 26 январь тонгги соат 04:00 ҳолатига, электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Энергетика вазирлиги айни пайтда Қоракалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри электр энергияси билан тўла таъминланганини иддао қилди.

Бу орада вазирлик Андижон вилояти бўйича Андижон шаҳрида 70 фоиз, Хонобод 100 фоиз, қолган барча туман ва шаҳарларда 10 фоиз, Қашқадарё вилояти бўйича Қарши шаҳрида 5 фоиз, Ғузор туманида 70% фоиз (вилоятнинг Муборак туманидаги газ конларига ва асосий тиббиёт муассасалари электр таъминотига уланган), Наманган вилояти барча туман ва шаҳарларда 70 фоиз, Сурхондарё вилояти бўйича Денов, Сариосиё, Узун туманлари ва Денов шаҳрида 100 фоиз, Термиз шаҳрида 100 фоиз, Термиз туманида 70 фоиз, Шеробод туманида 15 фоиз, Олтинсой туманида 70 фоиз, Шўрчи, Бойсун, Қумқўрғон туманларида 10 фоиз, Ангор, Мизробод, Жарқўрғон, Қизириқ ва Бандихон туманларида 5 фоиз, Сирдарё вилояти бўйича Гулистон шаҳрида 100 фоиз, Янгиерда 100 фоиз, Ширин шаҳрида 100 фоиз, Боёвутда 100 фоиз, Сайхунобод туманида 60 фоиз, Гулистон, Мирзаобод, Ховос, Оқолтин, Сардоба туманларида 100 фоиз, Сирдарё туманида 40 фоиз, Тошкент вилояти бўйича Ангрен шаҳрида 95 фоиз, Бекобод шаҳрида 100 фоиз, Нарафшон шаҳрида 40 фоиз, Олмалиқ шаҳрида 100 фоиз, Чирчиқда 80 фоиз, Оҳангарон шаҳрида 100 фоиз, Бўка туманида 40 фоиз, Бўстонлик туманида 95 фоиз, Зангиота туманида 40 фоиз, Қибрай туманида 95 фоиз, Оҳангарон туманида 80 фоиз, Паркент туманида 80 фоиз, Тошкент туманида 80 фоиз, Қуйи Чирчиқда 50 фоиз, Ўрта Чирчиқда 20 фоиз, Юқори Чирчиқ туманида 60 фоиз, Чинозда 70 фоиз, Янгийўл туманида 5 фоиз электр таъминоти мавжудлигини билдирган.

25 январь куни Тошкент вақти билан соат 11 ларда Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида, жумладан мамлакат пойтахтида электр энергияси узилиб қолган. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бунга Қозоғистон электр тармоғидаги “катта авария” сабаб бўлгани ҳақида баёнот тарқатган. Қозоғистон Энергетика вазирлиги эса аварияга Ўзбекистон ва Қирғизистон тизимидаги дисбаланс сабаб бўлганини билдирган.

Тошкент иситиш тизими 3−4 соат ичида, сув тизими 6 соат ичида тикланиши маълум қилинди

Тошкент шаҳридаги марказий иситиш қозонхоналари 3-4 соат оралиғида тўлиқ иш режимига ўтади ва хонадонлар исий бошлайди, деб хабар берди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги.

Расман билдирилишича, Тошкент вақти билан соат 19:00 ҳолатига кўра, пойтахтдаги 12 та локал қозонхона ишга тушди. Шаҳардаги жами қозонлар сони эса 202 тани ташкил этади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги яна бир хабарида Тошкентда ичимлик суви таъминоти 6 соат ичида тўлиқ тикланиши тўғрисида маълум қилди.

Хабарда таъкидланишича, яқин уч соат ичида Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор туманларига ва Чилонзор туманининг бир қисмига сув бериш тўлиқ тикланади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов Тошкентни сув билан таъминловчи "Қодирия" сув иншоотида бўлиб, вазиятни ўз назоратига олди.

Тошкент истиш ва сув тизими 25 январь куни юз берган Марказий Осиё ягона электр тармоғидаги узилиш оқибатида ишдан чиққан эди.

ФВВ Тошкент метросидан 415 нафар йўловчини эвакуация қилди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент метрополитенидан 415 нафар йўловчини эвакуация қилди.

Вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, мазкур йўловчилар 25 январда электр энергияси таъминотида узилиш юз бергани оқибатида метро бекатлари оралиғида тўхтаб қолган поездларда қолиб кетган.

“Машинасозлар” бекатидан 135, “Бодомзор” ва “Минор” бекатидан 70 нафари, “Амир Темур” бекатидан 210 йўловчи эвакуация қилинган.

Ўзбекистондаги 64 конда газ ва нефть қазиш вақтинча тўхтатилди

Ўзбекистон вилоятларида 25 январь куни электр энергиясида узилиш юзага келгани ортидан “Ўзбекнефтгаз”га қарашли Газли, Шўртан ҳамда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларидаги 64 та кон фаолияти вақтинча тўхтаб қолди.

Устюрт газ қазиб олиш бошқармаси ихтиёридаги конлар эса муқобил электр энергияси таъминоти борлиги сабабли ишини давом эттирмоқда.

Расман билдирилишича, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси ва Uzbekistan GTL иши ҳам тўхтаб қолган.

“Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолига суюлтирилган газ ва нефть маҳсулотларини узлуксиз етказиб берилмоқда, айни вақтда узилишлар мавжуд эмас”,-дейилади расмий билдирувда.

“Ўзбекнефтгаз” мамлакатда 20 кунга етадиган 47 минг тонна бензин ва 4 ойга етадиган 144 минг тонна дизель ёқилғиси захираси борлигини таъкидлади.

Ўзбекистондаги ИЭС ва ГЭСлар фаолияти қайта тикланаётгани хабар қилинди

“Янги Ангрен” иссиқлик электр станцияси.

Энергетика вазирлигининг билдиришича, ҳудудларда электр энергияси таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда.

Вазирлик айни пайтда Чорвоқ, Ходжикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий иссиқлик электр станцияси, Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланганини маълум қилди.

Марказий Осиё Ягона электр тармоғидаги узилиш Ўзбекистондаги Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станциялари (ИЭС) фаолиятининг тўхтатилишига сабаб бўлган эди.

Энергетика вазирлиги аввалроқ ягона электр тармоқдаги авария туфайли мазкур тармоққа уланган Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларида аварияга қарши ҳимоя тизими ишлаб кетган. Натижада иккала станция автоматик равишда ўчиб қолгани ҳақида хабар берганди.

“Бу ҳолат ўз ўрнида Талимаржон ва Тўрақўрғон ИЭСларнинг иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатган”, — деб билдирди вазирлик.

ИЭСлар ўчиб қолгани оқибатида Фарғона ва Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси таъминотида узилишлар қайд этилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG