Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 01:33

Олий суд “штурм”чи шикоятчилар воқеаси тафсилотларини очиқлади


15 август куни Ўзбекистон Олий суди биноси олдида кутиш жонига теккан юзлаб шикоятчи бинонинг ëпиқ дарвозаси қулфини синдириб ичкарига киргани хабар қилинганди. Олий суд “воқелик бўрттириб кўрсатилган”ини таъкидлаб, аслида бир неча шикоятчи қабулга навбатсиз кириш мақсадида милиция ходимларини чалғитиб, дарвоза қулфини очиб, суд биносига киришгани ҳақида эълон қилди.

Ўзбекистон Олий суди расмий сайтида 19 август куни эълон қилинган хабарда, 15 август кунги воқеа қуйидагича тасвирланган:

“Олий суд биноси дарвозаси ёнида кутиб турган бир неча фуқаро қабулга навбатсиз кириш мақсадида постда турган милиция ходими ва суд хизматчилари диққатини чалғитиб, ўзбошимчалик билан дарвоза қулфини очиб, суд биносига кирди.

Улар бино фойесига киргач, қабул тартибидан хабардор қилинди. Уларнинг бир қисми розиликлари билан Олий суд раиси ўринбосари ва судьялари томонидан қабул қилинди. Қолганларини эса раис қабул қилди", деб ёзилади воқеа тафсилотлари очиқланган хабарда.

Ўша куни суд биносига “ўзбошимчалик билан” кирганлардан бири, шикоятчи Шавкат Юнусов Озодлик билан суҳбатда кун иссиғида кутавериб холдан тойган 400 га яқин шикоятчи суд ҳовлиси дарвозасига ёпирилиб, "ичкарига штурм билан" киргани ҳақида гапирганди:

- Ҳаммаëқ қийқириқ бўлиб кетди. Одамларнинг ичкарига интилишини кўрсангиз эди. Ҳақиқатдан ҳам штурм бўлди¸ деганди Юнусов 16 август куни Озодлик билан суҳбатда.

Шавкат Юнусов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:56 0:00

Юнусовга кўра¸ жорий қилинган кутиш рақамларига (шикоятчиларнинг қўлидаги навбат рақами - таҳр.) мулозимларнинг риоя қилмагани одамларнинг тоқатини тоқ қилган.

Олий суд биносида бўлган воқеа тўғрисида Fergananews информацион агентлиги ҳам ёзди.

"Одамлар нимага қодир эканлигини намойиш қилганини кўриш керак эди. Суд ҳовлисига ва биносига бостириб кирганларни босиқликка чақиришга уринишди, лекин ҳеч кимни ортга ҳайдаб ўтиришмади. Қўриқчилар чопқиллаб юрганини кўриш кулгили бўлди",- деб айтган чирчиқлик 80 яшар Любовь Чуракова. Агентликка кўра, бу аёл қарийб 10 йилдан буён адолат излаб идорама-идора изғийди.

Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича, Олий суд биносига "бостириб кирганлар"нинг ягона мақсади мулозимлар қабулига тезроқ кириш бўлган, холос. "Бостириб кирганлар" суд биносига ҳам, бино ичидаги жиҳоз ва ашёларга ҳам ҳеч қандай зарар етказмаган. Баъзи гувоҳларнинг айтишича, дарвоза илгаги синган. Лекин бошқа гувоҳлар илгак ўзи очилиб кетганини айтди.

Олий суднинг рус тилида эълон қилган 19 августдаги хабарида "воқелик бўрттириб кўрсатилган”и таъкидланган:

“2017 йил 16-17 август кунлари айрим интернет-сайтларда жорий йил 15 августида Олий суд биносига "штурм" қилингани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Нашрларнинг ёзишича, ушбу воқеа Олий суд раиси К. Камилов фуқароларни қабул қилиш пайти содир бўлган.

Ҳақиқий вазиятни нотўғри талқин қилган қатор нашрлар “ғазабланган фуқароларнинг бақир-чақирлари”, “мустаҳкам дарвозаларнинг синдирилгани”, “бузиб кирилган қаср”, “300-400 киши” кабилардан муштарийларни хабардор қилган. Афсуски, Интернетга берилган хабарларни текширмасдан, ушбу веб-сайтлар хулоса қилишга шошилиб, воқеликни бўрттириб кўрсатган”, дейилади Олий суд расмий хабарида.

Расмий хабарга кўра, 15 август куни Олий суд раиси К.Камилов фуқаровий, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича 100 дан ортиқ шикоятчини қабул қилган. Шунингдек, шу куни 27 кишининг ариза ва шикоятлари қабул қилинган ва турли масалар билан оғзаки мурожаат қилган 72 киши қабул қилинган.

Олий суд раиси ва раис ўринбосарлари ҳар куни аризачиларни қабул қилиши таъкидланган расмий хабарда.

Шарҳларни кўринг (11)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG