Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:12

Қозоғистон қишлоғи аҳли Ўзбекистон билан “ер алмаштиришга" қарши чиқмоқда


Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасига яқин Қоғали кўли чети.
Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасига яқин Қоғали кўли чети.

Қозоғистон Республикаси, Туркистон вилояти, Жетисай туманидаги Қўғали қишлоғи аҳолиси ерининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиқмоқда. Улар бу масала икки ўртада можарога сабаб бўлишидан ташвишланмоқда. Маҳаллий расмийларга кўра, гап “Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ер алмашиш” устида кетмоқда.

Бу ҳақда хабар қилган Озодлик радиоси қозоқ хизматига кўра, қишлоқ аҳли “яйлов ва кўлларнинг Ўзбекистонга берилиши”га рози бўлмаяпти. Қўғали қишлоғилик ветеринар Дуйсенбек Калдибаевнинг сўзларига қараганда, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида чегаралар 2004-2007 йилларда делимитация ва демаркация қилинаётганида Қўғали аҳолиси фойдаланиб келадиган минг гектардан ортиқ ер Ўзбекистонга берилган.

– Ўшанда қишлоқ аҳли учун қанчалик оғир бўлмасин, улар буни тушиниш билан қарши олишган эди. Биз ўшанда иш шу билан якунланади деб ўйлагандик. Бироқ 2016 йилда яна “ерлар берилиши” борасида гап-сўзлар пайдо бўлди. Халқ норози бўла бошлади, чиқишлар қилдик ва шундан кейин ҳаммаси изга тушиб қолгандек эди, – дейди Калдибаев.

​Дуйсенбек Калдибаевнинг сўзларига қараганда, сўнгги вақтларда қишлоқ аҳлига маълум бўлишича, "Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги бетараф ҳудуд Ўзбекистонга ўтиб қолган". Қишлоқ аҳли, айниқса, Қўғали кўли Ўзбекистонга ўтиб кетишидан қайғураётгани ҳақида гапирар экан, Калдибаев деди:

–Қўғалида 200 га яқин уй бор. Аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади. Қўғали кўли– оддий эмас, балки чорвамиз учун ягона сув манбаидир. Кўлсиз хўжалигимиз ҳалок бўлади. Кўл атрофидаги 20 гектарлик табиатнинг тенги йўқ. Бу дам олиш жойи бўлиб, у ерга меҳмонлармизни олиб борамиз.

Қишлоқ аҳлининг сўзларига қараганда, маҳаллий аҳоли бир неча бор “қўшимча ерларни Ўзбекистонга бериш тўғрисида” гап сўзлар чиққанидан кейин норозилик билдирган. 2017 йилда ўзбек техникаси чегара линиясини белгилай бошлаганида, Қўғали аҳолиси тўпланиб, ишлар тўхтатилишини талаб қилди ва шу сабабли Чегара хизмати ва туман раҳбарияти аҳоли билан учрашган.

Жетисай туман ҳокимининг маслаҳатчиси Айдар Сейдазимнинг айтишича, маҳаллий аҳоли ўртасида ҳақиқатан ҳам норозилик кайфияти мавжуд, аммо маҳаллий раҳбарлар билан учрашувдан кейин “ҳаммаси ўз жойига тушиб кетди”. Ҳоким маслаҳатчисининг сўзларига қараганда, чегара линияси ҳақиқатан ҳам Қозоғистон ҳудудларидан нарига сурилди.

"Бу давлатлараро битим. Тўғрироғи, оддий сўз билан айтганда, «ҳудудлар алмашинуви». Чунки Қозоғистон Чордарадан Жетисайга тўғридан-тўғри йўл қуриш учун Ўзбекистондан ер олди. Чегара линиясида Қўғали учун ўша майдончалик ер берилди", – деди ҳоким маслаҳатчиси.

Айдар Сейдазимнинг айтишича, Чордарадан Жетисайга бормоқчи бўлганлар 200 километрлик йўлни босиб ўтишлари керак эди, энди масофа 80 километрга қисқарди. Қозоғистон тўғридан-тўғри йўл солиш учун Ўзбекистондан 40 гектар ер олган. Чегара линияси Қўғали кўли ўртасидан ўтади, давлатлараро келишувга кўра, «кўл чегара линиясини беркитмайди», шу сабабли Қўғали аҳолиси “кўлдан бемалол фойдаланиши” мумкин.

Жетисай туман маъмурияти ҳукуматлараро ҳужжат имзоланган дея кўрсатган сана Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи санасига тўғри келади. Ташриф вақтида Нурсултон Назарбоев “Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасига яқин ҳудудларни ободонлаштириш ва автомобиль йўллари, назорат-ўтказиш пунктларини реконструкция ва модернизациялаш бўйича "Йўл харитаси” деб номланган ҳужжатни имзолаган эди.

XS
SM
MD
LG