Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 10:00

АҚШ прокурорлари терактда айбланаётган Соиповни ўлим жазосига ҳукм қилишни cўради


Сайфулло Соипов Манхэттен федерал судида.

АҚШ прокурорлари суддан ўтган йили Нью-Йорк шаҳридаги велосипед йўлагида юк машинаси билан саккиз кишини бостириб ўлдирганликда айбланаётган ўзбекистонлик Сайфулло Соипов ўлим жазосига ҳукм қилинишини сўради.

28 сентябрь куни судга тақдим этилган ҳужжатларда прокурорлар Соиповни ўлим жазосига ҳукм қилишни сўраган.

30 ёшдаги Соипов 2017 йил 31 октябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги велосипед йўлагида ижарага олинган юк машинаси билан саккиз кишини бостириб ўлдирган эди. Бу Нью-Йорк шаҳрида 2001 йил 11 сентябрда амалга оширилган террор ҳужумидан кейинги энг қонли ҳужум бўлди.

Аввалроқ Соиповнинг адвокатлари ўз мижозлари ўлим жазоси қўлланилмаслиги эвазига айбига иқрор бўлишга рози эканлигини маълум қилишган эди.

Ҳужум содир бўлиши ортидан АҚШ президенти Дональд Трамп Соиповга ўлим жазоси берилиши шартлигини қайта-қайта таъкидлаган эди.

Дональд Трамп эса ўтган йилнинг 1 ноябрь куни Твиттер саҳифасида: “Нью-Йорк террорчиси ўзини бахтиёр ҳис қилмоқда экан... у 8 одамни ўлдирди, 12 одамни оғир жароҳатлади. У ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак”, - деб ёзган.

Трамп бундан кейинги бир қатор твитларида ҳам Соиповга ўлим жазоси беришга чақириқларни ёзган эди.

28 сентябрь куни прокурорлар қарорига жавобан Соиповнинг адвокати Дэвид Паттон шундай деди:

- Айбига иқрор бўлгани учун муддатидан олдин озодликка чиқиш имконисиз бир умр қамоқ жазоси ўрнига ўлим жазоси қўлланилиши учун курашиш қарори барча тарафлар учун ушбу ҳодиса боғлиқ ярани узоққа чўзади холос, деб ўйлаймиз.

Прокурорлар ҳалок бўлганлар сони кўп бўлгани ҳамда улар “жирканч, шафқатсиз ҳамда фосиқ“ йўл билан ўлдирилгани, Соипов қилмишидан пушаймон бўлмагани, агар келажакда қўйиб юбориладиган бўлса, яна зўравонликка қўл уришига ишонганлари учун унга ўлим жазоси берилишини сўрашга қарор қилган.

Ҳужум ортидан Соипов терговчиларга уни “Ислом давлати“ видеолари ва адабиёти илҳомлантирганини айтган эди. Орадан кўп ўтмай жангари гуруҳ ўзбек мигрантини “халифалик”нинг аскарларидан бири ўлароқ олқишлади.

2017 йил 31 октябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги велосипед йўлагида юк машинаси билан саккиз кишини бостириб ўлдирганидан сўнг қўлга олинган Сайфулло Соипов 22 та оғир жиноят¸ хусусан¸ "Ислом давлати" гуруҳига моддий ëрдам кўрсатиш¸ саккизта қотиллик¸ 12 марта қотилликка уринишда айбланмоқда.

Соипов 2010 йили Ўзбекистондан Қўшма Штатларга кўчиб, Патерсон шаҳарчасида яшаб келган. Ҳужум қилишидан олдин Қўшма Штатларда тижорат юк машинаси ва Uber такси ҳадовчиси бўлиб ишлаган.

XS
SM
MD
LG