Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:33

Uzpaynet бошқа қўлга ўтмоқда. Янги монополия эҳтимоли хавотир уйғотмоқда


Ширкат Ўзбекистонда 2005 йилда иш бошлаган. Ҳозир унинг айнан кимга қарашли экани ҳақида расмий сайтда аниқ маълумот берилмаган.
Ширкат Ўзбекистонда 2005 йилда иш бошлаган. Ҳозир унинг айнан кимга қарашли экани ҳақида расмий сайтда аниқ маълумот берилмаган.

Ўзбекистонда онлайн тўловларни амалга оширувчи Uzpaynet ширкатининг тугатилиб, тизимнинг тўлалигича "Халқ банки" тасарруфига ўтказилиши ушбу савдо белгиси остида шохобча очиб, кун кўриб келаётган тадбиркорларни ташвишга солмоқда.

Озодлик суҳбатлашган "пайнетчи"лар кунига миллионлаб сўмлик тўлов амалга ошириладиган шохобчалари ёпилиб кетиши мумкинлигидан хавотирда эканликларини айтишди.

Uzpaynet ва "Халқ банки"нинг Озодлик боғланган вакиллари эса¸ бу ўзгаришдан ҳаммага¸ хусусан¸ мижозларга манфаат етажагини иддао қилди.

Paynet агентлари даромадсиз қолишдан хавотирда

Андижонда Paynet тўлов қабул қилиш шохобчасига эга бўлган хусусий тадбиркорлардан бири Озодлик билан суҳбатда Uzpaynet ширкатининг тугатилиши ва тизимнинг тўлалигича "Халқ банки" тасарруфига ўтказилиши ўзи каби пайнетчи агентларни шу пайтгача кўриб келган 2 фоизлик фойдадан қуруқ қолдиришини айтади:

- Шу пайтгача биз “Uzpaynet” масъулияти чекланган жамияти билан шартнома тузиб, 2 фоизлик фойда билан тўловларни амалга ошириб келдик. Энди билишимизча, МЧЖ тугатилаяпти. Ҳаммаси "Халқ банки"га ўтказилаяпти. Бизга айтишларича, агентлар билан бошқатдан шартнома тузилар экан, кўпроқ банк фойдасига бўлар экан буёғига, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган андижонлик пайнетчи.

Тошкентлик Тоҳир ҳам ўзининг Миробод бозори ёнидаги “Paynet” шохобчасида кунига 5 миллион сўмлик тўловни амалга оширади.

- Ҳозир энди "Халқ банки" билан шартнома бўлар экан. Банкларда пул йўқ. Ҳамма пул биз орқали айланади. Буларнинг мақсади ҳам фойдани банкларга буриш. Бизнинг фойдамиз қанақа бўлади, билмаймиз. Ҳамма ҳозир нима қилишини билмайди. Агар фойда бўлмаса¸ ёпамиз, деб турибмиз. Бу боришда Paynet ўрнини "Халқ банки" шохобчалари эгаллаб, умуман йўқолиб кетса керак, - дейди Тоҳир.

"Хавотирга ўрин йўқ!"

Ўзбекистонда 25 мингдан ортиқ тўлов шохобчаларига эга Uzpaynet онлайн тўловларни амалга оширувчи ширкатнинг ёпилиши, тизим тўлалигича "Халқ банки" тасарруфига ўтказилишини ширкат ҳуқуқшуноси Озодликка тасдиқлади.

Исми сир қолишини истаган Uzpaynet ширкати ҳуқуқшуноси "хавотирларга ўрин йўқ, “Paynet”лар қанақа ишлаган бўлса¸ шунақа ишлайди", деб айтди.

- Фақат "Халқ банки" қошига ўтамиз. Олдин МЧЖ бўлиб ишлаган бўлсак, ҳозир филиал бўлиб ишлайди. Бошқа қанақа ўзгариш бўлади¸ айтолмайман, - деди Uzpaynet ширкати ҳуқуқшуноси.

Озодлик суҳбатлашган "Халқ банки" матбуот хизмати мулозими эса¸ тизимнинг яна ҳам такомиллаштирилиши, Paynet шохобчаларидаги суистеъмолликларга чек қўйилишини айтди:

- Биз қайтанга бу тизимни такомиллаштирамиз. Ҳозир, билсангиз Paynet шохобчаларида суистеъмолликлар кўпайиб кетган. Мижозлардан пул ўтказиш учун қўшимча ҳақ олиш ҳолатлари кўп учрайди, бунга чек қўйилади. Чунки пайнетчи шундоқ ҳам фоиз олади, бундан ташқари мижозлардан ҳам олаяпти, бунга йўл қўйилмайди. "Халқ банки" яна қўшимча замонавий хизмат турларини жорий қилади. Фақат энди Paynet бизнинг банкимиз тизимида бўлади. Банкимиз мамлакатдаги энг йирик банк. Жойларда 200дан ортиқ филиалимиз бор, - деди "Халқ банки" матбуот хизмати мулозими.

Айни пайтда¸ "Халқ банки" вакили пайнетчилар билан имзоланажак янги шартномалар моҳиятига оид бирор маълумот бера олмаслигини айтди.

Янги монополияга очилган йўл?

Paynet тизимининг тўлиғича "Халқ банки тасарруфига ўтказилиши ҳақидаги хабар ўзбекистонлик иқтисодчи ва молиячилар орасида оммалашган ижтимоий тармоқларда мунозарага асос бўлди.

Бу жараëнни шарҳлаган айрим иқтисодчилар¸ Ўзбекистондаги нақд пул "хазина"си бўлиб келган бу тизимнинг ҳозирча номлари тилга олинмаëтган ҳокимиятга яқин шахслар монополиясига ўтиш эҳтимолини тилга олди.

"Пайнет (ақли хуши бор ўзбек учун барча тўлов тизими пайнет эди) ўз вақтида янги технологик компания сифатида кириб келган эди. Кейинчалик пайнет рейдерлик босими остида йирик қўлларга ўтиб, унинг монополлашувига қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Бозордаги бошқа умидли ўйинчилар ўз-ўзидан бизнесини йиғиштиришга мажбур бўлди.

Кейинчалик нақд пул муаммоси бор даврларда пайнет жуда кўпчиликнинг боқи-беғам даромад манбаига айланди. “Обналчилар” учун Пайнет муҳим қозон эди. Адашмасам, Халқ банкининг пайнетдаги улуши 90%дан ортиқ (юристлар айтишича, пайнетнинг асосий таъсисчиси Халқ банки экан - тўлдирилди) ва айнан пайнетдан олинган дивидендлар 2008 йилдан бери Халқ банкини рентабелли ҳолатда ушлаб келган.

Кейинчалик мобиль тўлов тизимлари кўпайиши, қолаверса, янги пул-кредит сиёсати пайнетнинг даромадини камайтира бошлади. Кўп ўтмай пайнет ўз агентларига фоиз ажратмай қўйди. Қолаверса, пайнет тешиклари (ёпилмаган клиринглар) - инфокиоскалар, дилерлар билан ҳисоб-китоблар, коммунал тўловларда йиғилиб қолган сумма капиталидан ошиб кетган. Бугун эса унинг тугатилиши эълон қилинди.

Катта эҳтимол пайнетнинг тугатилиши билан ушбу бозорда мутлақо янги, монопол ўйинчи пайдо бўлса, ажаб эмас"¸ деб ëзди Telegramдаги davletovuz иқтисодий янгилик ва таҳлиллар канали.

Uzpaynetни "Халқ банки"га ўтказиш - президент қарори

Жорий ой бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Халқ банки" ва “Микрокредитбанк”ининг молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор чиқарди.

Адлия вазирлиги ахборот хизматининг хабар қилишича, "қарорга мувофиқ “Uzpaynet“ МЧЖ тугатилиб¸ "Халқ банки"да жисмоний шахслардан етказиб берувчилар олдидаги ўз пуллик мажбуриятларини бажариш учун тўловлар қабул қилиш хизматларини кўрсатиш бўйича таркибий бўлинма тузилади".

Ҳозирча Uzpaynetнинг қачондан "Халқ банки" тасарруфига ўтказилиши расман эълон қилинмади.

"Халқ банки" вакили унгача Paynet шохобчалари одатдагидек ишлаши, тизим тўлалигича банк тасарруфига ўтказилганидан кейин ҳам Uzpaynet савдо белгиси сақланиб қолинишини айтди.

UzPayNet ширкати расмий сайтида берилган маълумотга кўра, ҳозир республика бўйича 25 мингдан ортиқ тўлов қабул қилиш шохобчаси бор.

Ширкат Ўзбекистонда 2005 йилда иш бошлаган. Ҳозир унинг айнан кимга қарашли экани ҳақида расмий сайтда аниқ маълумот берилмаган.

Озодлик суҳбатлашган ширкат ҳуқуқшуноси ҳам бу маълумотни ошкор қилолмаслигини айтди.

Бундан аввал онлайн тўловларни амалга оширувчи Uzpaynet тизимини мустақил Ўзбекистоннинг 1-президентининг қизи Гулнора Каримова ўзига яқин шахслар¸ хусусан¸ Гаяне Авакян орқали назорат қилиб келгани айтилган.

Озодлик эга бўлган ҳужжатларга кўра, Uzpaynet Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant Ltd ширкатига қарашли¸ Takiland эгаси эса¸ айнан Авакян бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2017 йил июл ойида Каримовага солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилганини билдирган эди.

2014 йилда эса Каримовага яқин кўрилган 10 нафар шахс¸ хусусан Авакян хам жиддий молиявий жиноятларда айблаб¸ қамоққа олинганди.

XS
SM
MD
LG