Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:03

Мирзиёев бориб кўрган корхона давлатга тортиб олиниш таҳдиди остида ишламоқда


“Қашқадарё дори-дармон” акциядорлик жамияти акциядорларининг Озодликка маълум қилишича, уларнинг акцияларини суд орқали давлат фойдасига мусодара қилиш хавфи пайдо бўлган.

Корхона раҳбариятига яқин мутахассис бундай хавф мавжудлигини, бироқ хавфни тасдиқловчи расмий ҳужжат ҳозирча йўқлигини билдирди.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг (Рақобат қўмитаси) Қашқадарё вилоят бошқармасидан олинган мълумотга қараганда, “Қашқадарё дори-дармон” устидан бир фуқаро шикоят ёзган ва унинг аризаси кўриб чиқиш учун тилга олинган қўмитага юборилган.

Корхона вакилининг айтганлари

“Қашқадарё дори-дармон” акциядорлик жамияти акциядорларининг шикояти ортидан Озодлик саволларига жавоб берган корхона раҳбариятига яқин мутахассиснинг айтишича, акциядорларнинг ташвишлари бежиз эмас, лекин ҳозирча, Рақобат қўмитаси корхонани судга бергани тўғрисида расмий ҳужжат йўқ.

Бу гапларнинг пайдо бўлишига эса, Рақобат қўмитаси вилоят бошқармаси мулозимининг корхона раҳбариятига оғзаки билдируви асос бўлган.

Бошқарма мулозими корхона раҳбарига “Қашқадарё дори-дармон” акциядорлик жамиятига асос бўлган давлат ишхонаси 1994 йили Президент қарори билан хусусийлаштирилган пайтда, хусусийлаштириш ҳужжатларининг қайсидир пункти бузилгани тўғрисида бир фуқародан ариза тушгани ҳақида айтган.

“Қашқадарё дори-дармон” мутахассисининг айтишича, 400 дан ортиқ акциядори, 200 дан ортиқ ишчи-хизматчиси, чет эллик инвестори, заводлари бор корхона меҳнат жамоасининг шу кунда қўли ишга бормаяпти.

“Қашқадарё дори-дармон”га Мирзиёев 6 ой олдин борган эди

“Қашқадарё дори-дармон”нинг ишлаб турган, ривожланаётган, фойда кўраётган корхона эканлигига Президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам жорий йил февралида шахсан ишонч ҳосил қилганига ЎзАнинг 25 февралдаги хабари далилдир.

Ўша куни мамлакат раҳбари Қашқадарёга қилган сафари доирасида “Қашқадарё дори-дармон” акциядорлик жамиятига ҳам борган, бу ерда у “Rodex Trading Limited” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган кукун шаклидаги антибиотик дори воситалари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эди.

“Қиймати 5,09 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳага кўра клафоран, цефомед, гентомицин, цефазолин, цефотаксим ва бошқа турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида юзга яқин иш ўрни яратилади”, деб хабар қилган эди ЎзА.

Рақобат бошқармаси мулозимининг айтганлари

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилоят бошқармаси мулозимининг айтишича, 10 кунча олдин бир фуқаро “Қашқадарё дори-дармон” устидан шикоят қилган ва унинг аризаси кўриб чиқиш учун Тошкентга – Қўмитага юборилган.“Чунки “Қашқадарё дори-дармон” вилоят эмас, республика даражасида хусусийлаштирилган”, деди мулозим.

Жавобсиз қолган саволлар

Нима учун бир оддий истеъмолчи бутун бошли бир акциядорлик жамиятининг хусусийлаштирилиши тарихига қизиқиб қолди? Бу саволга мулозим жавоб бермади.

Шикоят қилган ким? У киши билан боғланса бўладими? Бу саволларга аниқ жавоб беролмаслигини бошқарма мулозими иш жойида эмаслиги билан изоҳлади.

Тошкент нима деди?

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Хусусийлаштириш бошқармаси мулозими Озодликка “Қашқадарё дори-дармон” билан боғлиқ ҳеч қандай ҳужжат келмаганини билдирди. “Келган бўлиши ҳам мумкин, у ҳолда белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва тегишли чора кўрилади”, деди.

Қўмита мулозими хусусий мулк дахлсизлиги мамлакат Конституцияси билан ҳимояланганини таъкидлаб айтди. Лекин айни пайтда у бошқа бир муҳим писандани ҳам қилди. Ки, агар ноқонуний хусусийлаштирилган бўлса, давлат тортиб олиши мумкин.

Нега бу ҳақда ёздик?

“Қашқадарё дори-дармон” акциядорлик жамияти билан боғлиқ бу гаплар, бир қарашда, “подадан олдин чанг чиқариш”дай туюлиши мумкин.

Бироқ Озодлик турли инстанциядаги судларининг кейинги 25 йил давомида фуқароларга хусусийлаштириб берилган объектларни давлат ихтиëрига қайтаришга оид қарорлари жорий йил январидан бошлаб кўпайиб бораётганини куни кеча ўрганган эдики, ўша маълумотлар фонида “Қашқадарё дори-дармон” акциядорлик жамияти узра “қора булут” бежиз пайдо бўлмагандай кўринди.

XS
SM
MD
LG