Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2021, Тошкент вақти: 01:04

OzodDayjest: Наманганнинг чавандоз ҳокими, терма жамоадан чиқарилган гроссмейстер, поезд урган икки аёл


Наманган вилоят ҳокими улоқда биринчи ўринни олди. "Кун уз" фотоси.

Улоқ мусобақасида биринчи совринни вилоят ҳокими илиб кетди. Машҳур опа-сингил шахматчилар Ўзбекистон терма жамоасидан чиқариб юборилди. Жорий ҳафта Ўзбекистон матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Мингга яқин чавандоз қатнашган улоқ мусобақасида биринчи совринни ҳоким қўлга киритди

Наманган шаҳри Давлатобод туманида жойлашган “Отчопар” майдонида ғалла ва пахта режасини биринчилардан бўлиб бажарган тўрақўрғонлик заҳматкашлар шарафига улоқ-кўпкари мусобақаси ташкил этилди (www.kun.uz, 27 декабрь).

Совуқ ҳаво ва ёғингарчилик бўлишига қарамай, кўпкарида вилоятнинг барча туманларидан, қўшни вилоятлар ва Қирғизистондан жами мингга яқин чавандоз қатнашди.

Улоққа вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳам қўшилди ва солимлардан биринчи туяни қўлга киритди.

Иккинчи туя тўрақўрғонлик Охун полвонга насиб этди. Бундан ташқари, совринга тикилган той, бузоқ, қўй-эчки, телевизор каби қимматбаҳо совғаларни улоқни белгиланган жойгача дадил ортмоқлаб борган ғолиблар қўлга киритди.

“Кўпкарида улоқни худди дошқозон сингари қайнаб турган майдондан олиб чиқиш ҳақиқий ғолибликдир. Лекин бундайин талотўпдан улоқни ажратиб олишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун чавандозга яхши от, билак кучи ва улкан тажриба керак. Отинг учқур бўлса-ю, сенда чапдастлик етишмаса, ғолиб чиқишни орзу қилмасанг ҳам бўлаверади” , - деб ёзади Kun.uz нашри.

Мингдан зиёд чавандоз қанташган мусобақада биринчи совринни қўлга киритган ҳоким Ш.Абдураззоқов чавандозлик малакаси ва маҳоратини қачон, қаерда орттирганига ойдинлик киритилмаган.

Ўзбекистондаги илк халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова терма жамоадан чиқариб юборилди

Ўзбекистон тарихида аёллар ўртасида биринчи халқаро гроссмейстер мақомини олган Нафиса Мўминова ва унинг сингиллари – гроссмейстер Ҳулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар мамлакат терма жамоасидан четлатилгани маълум бўлди (www.xabar.uz, 24 декабрь).

Нафиса Мўминова ҳозирда Европадаги шахмат клубларидан бирида фаолиятини давом эттирмоқда. Оиланинг кенжаси Гулруҳбегим Тоҳиржонова эса Миссури университети жамоаси сафида дона суради ва бундан кейин халқаро мусобақаларда АҚШ шарафини ҳимоя қилади.

“Америка давлати қизимнинг олти ойлик ўқиши учун 150 минг доллар маблағ ажратган. Малакали мураббийлар билан таъминланган. Унинг мусобақаларга бориш харажатлари ҳам тўлиқ шу давлат томонидан қопланади” ,- деган шахматчи қизларнинг отаси Алишер Мўминов.

Маълум бўлишича, опа-сингилларни терма жамоадан Ўзбекистон шахмат федерацияси чиқариб ташлаган.

Фарғоналик Алишер Мўминовнинг уч қизи – Нафиса Мўминова, Ҳулкар Тоҳиржонова, Гулрухбегим Тоҳиржоновалар профессионал шахматчи сифатида катта ютуқларга эришиб келмоқда.

Давлат бошқаруви бўйича мутахассис ҳамда блогер Азиза Умарова гроссмейстер опа-сингилларнинг ғалабалари сояда қолиши кетишида федерациянинг қўли борлигини тахмин қилган.

“Бизда шундай талантлар қадрланмаётганидан жуда афсусланаман. Лекин шу ажойиб опа-сингилларнинг қачондир Қўқонда, оддий ўзбек оиласида дунёга келганидан жуда фахрланаман. Улар қаерда бўлмасин, ўзбек қизлари бўлиб қоладилар. Қолгани – спорт мутасаддиларининг айби”,- деб ёзади А.Умарова.

Бир ҳафта ичида қулоқчин тақиб кетаётган икки аёлни поезд уриб кетди

Тошкент вилояти ҳудудидаги темир йўлларда икки нафар фуқарони юк поезди уриб кетди (www.daryo.uz, 30 декабрь).

ИИВга кўра, ҳалокат фуқароларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида – қулоқчин тақиб ҳаракатлангани туфайли содир бўлган.

22 декабрь куни соат 13:00 атрофида Тошкент минтақасида юк поезди 1988 йилда туғилган фуқарони уриб юборган. Қулоғига наушник тақиб, темир йўл изида юриб кетаётган фуқаро жароҳат оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Шунингдек, 28 декабрь куни соат 16:25 да Тошкент–Сариоғоч йўналишидаги юк поезди 18-20 ёшлар атрофидаги аёлни уриб юборган. Ўрганиш ишлари давомида ушбу фуқаро ҳам қулоқчин таққан ҳолда темирйўл изларида ҳаракатлангани аниқланган. Аёл жиддий жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 6 сентябрь куни Самарқандда юк поезди қулоқчин таққан йигитни уриб кетмаслик учун фавқулодда тўхташни амалга оширган эди.

XS
SM
MD
LG