Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:05

"Ўзбекистон расмийлари яна қовун тушириб қўйиш арафасида турибди"


"Қутадғу билиг"нинг Абдуҳамид Пардаев шеърий таржима қилгани - Ғафур Ғулом нашриёти, 2018 й., Адади 3000 нусха. Хат муаллифига кўра, бу нашрда ҳам 236 байт етмайди-кам - 6409 байт, профессор Рашид Аратли нашр қилдирган асл нусхада эса - 6645 байт.
"Қутадғу билиг"нинг Абдуҳамид Пардаев шеърий таржима қилгани - Ғафур Ғулом нашриёти, 2018 й., Адади 3000 нусха. Хат муаллифига кўра, бу нашрда ҳам 236 байт етмайди-кам - 6409 байт, профессор Рашид Аратли нашр қилдирган асл нусхада эса - 6645 байт.

"Бу йил Юсуф Хос Ҳожибнинг 1000 йиллиги, "Қутадғу билиг"нинг 950 йиллиги Қозоғистон ва Туркиянинг ташаббуси билан ЮНЕСКО томонидан дунёда кенг нишонланмоқда. Бизда эса жим-житлик", деб бошлаган ўзбекистонлик адабиётшунос Озодликка йўллаган матнини.

Негадир исм-фамилияси очиқланишини истамаган муаллиф битикларининг давомини ўқинг:

Ёзувчилар уюшмаси шу сана муносабати билан тадбирлар ишлаб чиқиб, ҳукуматга тақдим этган. Лекин ҳозиргача бунга оид ҳукумат қарори чиқмади.

"Ўзбекистон Юсуф Хос Ҳожиб таваллудининг 1000 йиллигини нишонлайдими ёки буюк бобокалонимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиромни яна фаромуш қиладими?" деган маънода мақола эълон қилсангиз, яхши бўларди.

"Қутадғу билиг"нинг 900 йиллиги муносабати билан 1972 йилда Қаюм Каримов нашрга тайёрлаган, асл матн ва насрий табдил ЎзССР Фанлар академиясининг "Фан" нашриёти томонидан атиги 3 минг нусхада нашр этилган. Шундан кейин бу асарга деярли эътибор берилмаган.

5, 6 йил олдин Фанлар академияси асл матнни 6 жилдлик қилиб нашр қилган деган гапни эшитдим. Лекин бу нашрни ўзим кўрмадим.

Асл матнни нашр қилиш керак, бироқ халқ қадимий туркий тилни тушунмайди. Шунинг учун унинг шеърий табдилини тўла нашр қилиш керак.

Ҳолбуки, Қаюм Каримовнинг 1972 йилдаги нашри ҳам тўлиқ эмас. Ўша нашрда 236 байт етишмайди. Туркиялик татар олими профессор Рашид Аратлининг "ҚБ"нинг тарихий учта нусхасини қиёслаб тайёрлаган 6645 байтдан иборат асл матни ҳозирча дунёда асосий манба бўлиб турибди.

Озарбайжонда бу матн тўла озарбайжон тилига шеърий таржима қилиб нашр қилинган. Интернет нашрларда "ҚБ"нинг мен ва Эмин Усмон ўзбекчага шеърий табдил қилган шакли бор. Хусусан, Хуршид Давроннинг интернет кутубхонасида.

Лекин бу икки интернет нашр ҳам тўлиқ эмас. Мен ўзимнинг таржимамни туркиялик татар профессори Рашид Аратлининг асл матни асосида куни кеча тўла янгиладим.

Профессор Боқижон Тўхлиевнинг "ҚБ"дан парчалар тарзида тайёрлаган иккита китоби ҳам чиққан. "ҚБ" сиёсатшунос олим Фазлиддин Равшанов шеърий табдилида Тошкентда "Академнашр" томонидан 1000 нусхада босилган. Бироқ бу табдил мутлақо талабга жавоб бермайди.

Хуллас, шоҳлардан фақат Амир Темур ва Бобур Мирзони, шоирлардан эса фақат ҳазрат Алишер Навоийни хўжакўрсинга, юзаки тарғиб қилишдан нарига ўтмаётган Ўзбекистон расмийлари Юсуф Хос Ҳожибнинг 1000 йиллиги бутун дунёда нишонланаётган бир пайтда яна қовун тушириб қўйиш арафасида турибди.

Шу масалани кўтариб бонг урсангиз, зора бу тепса тебранмаслар сал ўзига келса.

XS
SM
MD
LG