Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 10:38

Қудратли генерал Парпиев истеъфоси ортидан унинг икки полковник жияни ишдан олинди


Генерал-лейтенант Ботир Парпиев 14 йил Солиқ қўмитасининг раиси бўлиб ишлаган.

Андижон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи, полковник Шуҳрат Парпиев 27 май куни кечқурун ишдан олинди. Шу куни, Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Анвар Парпиев ҳам лавозимидан озод қилинган.

Бу ҳақда Озодликка Андижон ва Бухоро вилояти ички ишлар тизимида ишлайдиган милиция ходимлари хабар қилди.

Шуҳрат Парпиевнинг ишдан бўшатилгани тўғрисидаги хабарнинг ҳозирча расмий тасдиғи йўқ. Шуҳрат ва Анвар Парпиевларнинг ишдан олинганини ички ишлар бошқармаси мулозимлари томонидан тасдиқланди.

Бу икки мулозим яқинда Солиқ қўмитаси раҳбарлигидан кетган Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг жиянларидир.

Ботир Парпиев эса Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига 1995 йилдан 23 давомида раислик қилган Рустам Иноятовнинг қудасидир.

Озодликнинг ички ишлар бошқармаларида ишлайдиган манбалари Парпиевларнинг хавфсизлик ва бошқа давлат бошқарув органларида турли лавозимларни эгаллаб келганлигини айтадилар.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, генерал Парпиевнинг ИИВ да юқори лавозимларни эгаллаб келган жиянлари фаолияти устидан текширув бошланган. Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги бу борадаги Озодлик сўровига жавоб бермади.

Андижон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Шуҳрат Парпиев 27 май куни кечқурун вилоят ички ишлар бошқармасига чақиртирилиб, шошилинч тарзда ўз вазифасидан озод қилинган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ички ишлар мулозимларидан бирининг айтишича, улар ҳам бошлиқнинг ишдан олиниши сабабини билмайди:

“Биз ҳам ҳайрон қолдик. Кеча, шунақа гап бўлди. Сабабини айтишмаяпти. Бугундан Шуҳрат Парпиев ишга чиқмади”, деди мулозим.

Бу мулозим шу пайтгача берган хабарларнинг ҳаммаси ўз тасдиғини топган.

Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган Анвар Парпиев ҳам 27 май куни кечқурун ишдан олинган.

Бу ҳақда Озодликка исми сир қолишини сўраган милиция ходимларидан бири хабар қилди.

Бухоро вилоят ички ишлар бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган икки мулозими Анвар Парпиевнинг ишдан олинганини бир-биридан мустақил равишда тасдиқлади.

“Бугун Анвар Парпиев ишда йўқ. Эшитишимча, срочно Тошкентга чақиртирилибди. Қайси сабаб билан ишдан бўшатилгани ҳақида хабаримиз йўқ”, деди Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси мулозимларидан бири. Иккинчиси ҳам айнан шу гапни айтди.

Шуҳрат Парпиев Андижон шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимига 2017 йил мартида тайинланган.

Анвар Парпиев Бухоро вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига; 2017 йилнинг июнида тайинланган эди.

Президент Каримов даврида қудратли генераллардан ҳисобланган Ботир Парпиев Ўзбекистон Солиқ қўмитасини 14 йил бошқарди ва жорий йилнинг 11 майида Президент Мирзиёев томонидан ўз вазифасидан бўшатилиб, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси этиб тайинланган.

Андижон вилоят ички ишлар бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими Озодликка берган маълумотларга қараганда, Шуҳрат ва Анвар Парпиевлар Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиев укаларининг ўғилларидир.

Андижон вилоят ички ишлар бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими, шунингдек, Шуҳрат Парпиев ва унга яқин бўлган одамларнинг мол-мулкини "хатлаш бошланганини" қўшимча қилди.

Ботир Парпиев 1946 йилда Андижон вилоятида, милиция генерал-майори Раҳмат Парпиевнинг оиласида туғилган.

1992-1996 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, 1996-1998 йилларда Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, 1998-2002 – Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, 2002 йилнинг июнь ойидан декабрь ойигача – Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири, 2002-2004 – Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси бўлиб ишлаган, 2003 йилда божхона хизмати генерал-лейтенанти унвонини олган.

2004 йилдан буён Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

Шарҳларни кўринг (20)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG