Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:40

Қабилалар, фракциялар, кланлар: Толибон ичида ихтилоф борми?


Кобул кўчаларидаги толибон жангчилари, 31 август 2021 йил
Кобул кўчаларидаги толибон жангчилари, 31 август 2021 йил

Ҳозирда Толибон томонидан Афғонистоннинг янги бошқарув тузилмасига доир қабул қилинаётган қарорлар ҳаракат яхлит бўлиб қолиши ёки фракцияларга парчаланиши масаласини ҳал қилади.

Толибон буйруқ беришнинг ҳарбийча тизимини Афғонистон бошқарув тузилмасига трансформация қилгани сари сўнгги йилларда мазкур ташкилот ичида икки рақобатчи гуруҳни ҳосил қилган бирлашма ва қабилаларнинг қанчалик бирдамлиги синовдан ўтмоқда.

“Мамлакатни босиб олиш – ҳамиша ишнинг осон қисми бўлган. Уни бошқариш, айниқса, ўша мамлакат Афғонистон бўлса, жуда мураккаб вазифа. Кескинлик ва ёриқлар ўшанда яққол кўзга ташланади”, дейди паштун қабилалари бўйича эксперт, тарихчи Уильям Далримпл.

Афғонистон хавфсизлиги бўйича эксперт Тед Каллахан ҳозирда Толибон қабул қилаётган Афғонистоннинг янги бошқарув тузилмасига доир қарорлар ҳаракатнинг яхлит бўлиб қолиши ёки минтақавий фракцияларга парчаланишини ҳал қилишини айтади.

Каллаханга кўра, парчаланиш эҳтимолини айни пайтда кўплаб экспертлар ўрганмоқда.

Далримпл фикрича, бунақа ҳолат илгари ҳам кузатилган – 1989 йилда совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан сўнг мужоҳидлар тузган афғон ҳукумати кўп ўтмай парчаланиб кетган эди.

“1990-йиллар бошларида Кобулда минтақавий дала қўмондонлари ўзаро жанжаллашиб, бир-бири билан уруш қилган эди. Толибон ичидаги рақиб гуруҳлар ўртасида ҳам бугун худди шундай ҳолат рўй бериши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ ҳозир ҳеч ким бу саволга жавоб бера олмайди”, деди у Озодлик радиосига.

Экспертга кўра, Толибоннинг шу пайтгача қанчалар изчил ва интизомли бўлгани кўплаб кузатувчиларни ҳануз ҳайратга солади.

“Аксари омма Толибонни тарқоқ бир куч ўлароқ тасаввур этарди. Аммо сўнгги икки ойда улар, бир қадар қабилавий келишмочиликни истисно қилганда, аъло даражадаги интизом ва яхши ташкил қилинган кампанияни намойиш этди”, дейди Далримпл.

Фракцияларга бўлиниш

2013 йилда Толибон асосчиси мулла Муҳаммад Умар ўлимидан сўнг ҳаракатнинг раҳбарлик кенгаши бўлмиш “Кветта Шўро” билан жангарилар қўмондонлари ўртасида ихтилоф чиққан эди.

Бунинг натижасида Афғонистон ва Покистонда Толибон гуруҳлари янгидан тузилиб, аъзолар асосан – жанговар ҳаракатлар кўламини кенгайтиришга интилувчи, кескин чоралар тарафдорлари бўлган “Ҳаққоний тармоғи” ҳамда Толибоннинг Кобул ҳамда Исломобод билан келишишга мойил, бирмунча мўътадил қарашдаги етакчилари атрофида жипслашди.

Парчаланиш аломатлари 2014 йил майида яққол намоён бўлди. Ўшанда Озодлик “Ҳаққоний тармоғи” етакчиси Сирожиддин Ҳаққоний ўз издошларига “Кветта Шўро” буйруқларига итоат этмасликни буюргани ҳақида хабар берган эди.

Бу орада мулла Умарнинг тўнғич ўғли мулла Муҳаммад Ёқуб ҳаракатга раҳбар бўлиш режасини амалга ошириш учун “Кветта Шўро”даги иттифоқчилари орасидан мададкорлар излаётганди.

Ҳаққоний олий етакчи сифатида мулла Ёқубга қарши чиқди ва шундай вазият юзага келдики, гўё Толибон парчаланиш арафасида тургандек эди.

Бироқ Толибон ичида ўрнатилган янги бўйсунув тизими доирасида муросага эришиш орқали лоақал вақтинча бўлса-да ихтилоф олди олинди.

Учта ўринбосар лавозими жорий қилинди: ҳаракат иерархиясида улар олий раҳбардан қуйида, аммо “Кветта Шўро”дан юқорида туради.

Мулла Ёқуб олий етакчининг “ҳарбий ҳудуд” дея фарқланувчи 13 вилоятда олиб бориладиган ҳарбий амалиётлар учун масъул ўринбосари бўлди. Мазкур вилоятлар сирасига толибларнинг анъанавий пойтахти бўлмиш Қандаҳор ҳам киради.

Ҳаққоний “шарқий ҳудуд”га мансуб 21 вилоятдаги ҳарбий амалиётларни бошқарувчи ўринбосар этиб тайинланди. Айни пайтда Кобулни назорат қилиб турганлар унинг жангчиларидир.

Мулла Ёқуб ҳам, Ҳаққоний ҳам ўзларига бириктирилган ҳудуд доирасида маҳаллий ва туман даражасига қадар Толибоннинг “соядаги ҳукумати”ни тайинлашга бош-қош бўлганлар.

Учинчи муовин лавозими – Толибоннинг ҳаммуассиси, “Кветта Шўро” аъзоси, 2018 йилда Қўшма Штатлар сўровига кўра Покистон қамоғидан озод этилиб, кейинроқ толибларнинг Қатар пойтахти Доҳадаги сиёсий офисига раҳбарлик қилган Абдул Ғани Бародар учун жорий қилинганди.

Бироқ кўп таҳлилчилар Бародар Толибон ичидаги ҳокимиятнинг реал манбаи бўлмиш маҳаллий дала қўмондонлари ва жангариларга катта таъсир ўтказа олишига шубҳа қиладилар.

Толибоннинг қўмондонлик занжири қайта кўриб чиқилиши натижасида кескинлик юмшаганига қарамай, Бародар бошлиқ музокара гуруҳи 2020 йил февралда Дохада Қўшма Штатлар билан сулҳ битими имзолаганидан сўнг “Ҳаққоний тармоғи” ва “Кветта Шўро” ўртасида яна муносабатлар бузилиши белгилари кўрина бошлади.

Лондондаги Қироллик қўшма хизматлари институтининг толиблар бўйича эксперти Антонио Жустоцци 2020 йил охирида Кобулга ҳужумлар “Ҳаққоний тармоғи” тарафидан, “Кветта Шўро” розилигисиз уюштирилган бўлиб, бу фракциялар ўртасида адоват мавжудлигидан далолат беради, деб ҳисоблайди.

Қабилалар ўртасидаги кураш

Далримпл айтишича, келгуси ҳафта ва ойларда Толибон ичида бўлажак динамика ўзгаришини англашни истовчилар Афғонистоннинг қабилавий конфигурациясига ва паштун қабилалари орасидаги азалдан давом этиб келаётган рақобатчиликка эътибор қаратишлари лозим.

“Афғонистоннинг бутун тарихи мобайнида қабила иттифоқлари калейдоскоп парчалари мисоли ўзгариб турди. Ушбу бирлашмалар қабила алоқаларига қанчалик таянганини тушуниш жуда муҳимдир”, дейди эксперт.

Далриплга кўра, Афғонистоннинг қабилавий таркибини назарда тутмасдан мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни идрок этиб бўлмайди.

“У ерда қабилаларнинг узлуксиз бўлиниши йўқ. Иттифоқлару содиқлик қасамлари ойдан ойга, ҳафтадан ҳафтага ўзгариши мумкин. Аммо асосий бўлинишлар аниқлигича қолган”, таъкидлайди Далримпл.

Эксперт назарида толибларнинг бўлғуси раҳбариятига тўғридан-тўғри алоқадор энг муҳим “синиш чизиғи” – дурроний ва аҳмадзай уруғлари ўртасидаги эскидан давом этиб келаётган рақобатдир, бу рақобат Толибон пайдо бўлишидан бир неча аср аввал ҳам мавжуд эди.

Азалдан дурроний – “оқсуяклар ва заминдорлар”, аҳмадзай эса “кўчманчилар, мардикорлар ва йўқсиллар уруғи” саналган, деб тушунтиради Далримпл.

“Булар – Толибоннинг янги бошқарув тузилмаси “Polaroid”да олинган сурат мисоли секин-аста кўзга ташланаётган айни пайтда ўрганилиши лозим бўлган этник бирликлардир”, дейди у.

Бародар, “Кветта Шўро”даги кўплаб обрўли кишилар каби, дурроний уруғига мансуб. Бу уруғ асосан Афғонистоннинг жанубий ҳудудларида, Қандаҳор, Ҳилманд ва Ўрузган вилоятларида истиқомат қилади.

Мулла Ёқуб аҳмадзай уруғининг ҳотак тармоғидан тарқаган ҳотак қабиласи вакили ҳисобланади. Шу билан бирга, Афғонистон жанубида туғилиб ўсгани учун унинг дурроний уруғидан чиққан толиблар билан алоқалари жуда яхши ва зарур бўлганда улардан дастак олабилади.

Мулла Ёқуб тарафдорлари уни отасининг табиий вориси ва Толибон етакчиси бўлишга ҳаммадан кўра ҳақлироқ номзод, деб ҳисоблаганлар.

У ўз амридаги жангарилар билан Толибонга асос солинган минтақани, шунингдек, Қандаҳор ва Ҳирот шаҳарларини, Ҳилманд вилоятини, Покистон билан чегарадаги Спин-Болдак йўлагини, Афғонистоннинг Эрон билан бутун чегарасини ва Туркманистон билан чегарани назорат қилади.

Бу жангарилар жанубда Қандаҳор аэропортини ва Ҳирот вилоятидаги Шиндод аэродромини босиб олганида афғон ҳукумати кучларининг АҚШда ишлаб чиқарилган замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғларини қўлга киритган эди.

Сирожиддин Ҳаққоний аҳмадзай уруғининг задран қабиласидан чиққан. У жануби-шарқий афғон вилоятлари, хусусан, Хост ва Пактияда, шунингдек, задранлар истиқомат қиладиган Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасида ҳокимиятни ўзида жамлаган.

Ҳаққоний Афғонистондаги энг қудратли қўмондон саналади. Унинг ёмон ном қозонган “Ҳаққоний тармоғи” жангарилари назорат қилаётган ҳудуд Кобул ҳамда шимолдаги Мозори Шариф шаҳрини, шунингдек, Покистоннинг шимоли-ғарбига элтувчи йўлакни, Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларидаги ўтиш масканларини ўз ичига олади.

Ҳаққонийнинг жангарилари ҳам, Кобулдан шимол томонда жойлашган Баграм аэропортини ва Афғонистон шимолидаги бошқа ҳарбий объектларни ўз назоратига олганида афғон хавфсизлик кучларидан АҚШ қурол-аслаҳаларини тортиб олган.

Қўшма Штатлар томонидан халқаро наркотижоратчи ва террорчилар етакчиси деб топилган Сирожиддин Ҳаққоний Толибоннинг ҳам “ал‑Қоида” террорчилик тармоғи билан, ҳам Покистоннинг Идоралараро разведка агентлиги (ISI) билан энг мустаҳкам алоқаларга эга аъзосидир.

Хавфсизлик кучлари таҳлилчиси Каллахан “Толибон фракцияларидан айнан Ҳаққоний ва унинг жангарилари фаолияти Покистон манфаатларига кўпроқ уйғундир”, дея хулоса қилган.

Давлат тузилмасининг шаклланиши

Толиблар янги ҳукумат тузиш бўйича музокаралар доирасида айрим собиқ афғон расмийлари ва сиёсий арбоблари, жумладан, паштунларнинг дурроний уруғи попалзай қабиласидан бўлмиш собиқ президент Ҳамид Карзай билан учрашиши керак эди.

Карзай “Twitter”даги саҳифасида Толибонни инклюзив ҳукумат тузишга чақиргани ҳақида маълум қилди.

Мақсадини партизанлар урушидан мамлакат бошқарувига кўчирган Толибон ўзини қай тарзда қайта ташкил қилиши ҳақида энди эълон қилиши керак. Аммо ушбу режанинг айрим тафсилотлари аллақачон маълум бўлаётир.

Толибоннинг юқори мартабали арбоби, қарорлар қабул қилиниши жараёни билан яхши таниш Воҳидуллоҳ Ҳошимий янги бошқарув 1991 йилдан 2001 йилгача Афғонистонни бошқаришда қўлланган ҳокимият тузилмасига ўхшаш бўлишини айтди.

У пайтларда олий раҳбар мулла Умар ўзини панароқда тутар, кундалик бошқарув ишлари билан бошқарув кенгаши шуғулланарди.

“Reuters” агентлиги мухбири билан мулоқотда Ҳошимий ҳозирги олий раҳбар Малавий Ҳибатуллоҳ Охундзоданинг мавқеи, эҳтимол, ҳар қандай янги бошқарув кенгашидан, яъни диний, ҳарбий ва сиёсий масалалар бўйича олий ҳокимият органидан юқори эканини айтди.

Бироқ у Мулла Умар толиблари режимидан фарқли муҳим бир лавозим жорий этишни таклиф этган. Ҳошимийга кўра, моҳиятан президентга ўхшаш янги лавозим таъсис қилиниши мумкин.

Ҳошимий ушбу лавозим бошқарув кенгашидан юқори бўлиши ва Охундзода парда ортида фармонлар чиқараётган пайтда ҳукуматнинг кундалик ишларини идора қилиши керак, деб ҳисоблайди.

Толибон етакчисининг ҳозирги уч ўринбосарлари орасида Охундзода ҳузуридаги ижроия ҳукумати раҳбари лавозимини эгаллашга ҳаммадан ортиқ интилаётгани Сирожиддин Ҳаққоний бўлсак керак.

15 август куни Кобул ишғолига унинг жангарилари бошчилик қилгани боис, у муҳим афғон сиёсий арбоблари ва қабила бошлиқларидан содиқлик қасамёди олиш учун ўз амакиси Коҳилий ур-Раҳмоний Ҳаққонийни жўнатди.

Озодлик радиоси афғон хизмати Коҳилий ур-Раҳмоний Ҳаққонийнинг қувғиндаги президент Ашраф Ғанининг укаси Ҳешмат Ғани Аҳмадзай ҳамда собиқ чегаралар ва қабилалар вазири Ғани Гул Оға Шерзайдан толибларга содиқ бўлишга ваъда олгани ҳақидаги баёнотидан иқтибос келтирганди.

У, шунингдек, марҳум дала қўмондони, толибларга қарши урушган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуддан ҳам садоқат қасамёди олганини иддао қилган.

Кичик Масъуднинг ёрдамчилари эса Ҳаққоний билан “музокара” олиб борилаётганини тасдиқлаганлар, аммо улар Масъуд на Ҳаққонийга, на Толибонга содиқлик қасамёди келтирганини айтишмоқда.

Толибонга қарши курашаётган Масъуд ва бошқа арбоблар, жумладан, Афғонистоннинг собиқ вице-президенти Амруллоҳ Солиҳ қаршилик кўрсатиш ҳаракатини ташкил қилган. Бу ҳаракат Афғонистоннинг айни пайтда толиблар назорати остида бўлмаган камсонли ҳудудларидан бири бўлмиш Панжшир водийсини макон тутган.

Бу орада толибларнинг манбалари 24 август куни собиқ Гуантанамо маҳбуси мулла Абдул Қайюм Зокир толибларнинг мудофаа вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланганини хабар қилишди.

Зокир Ҳилманд вилоятининг Кажаки туманида туғилган бўлиб, дурроний уруғига мансуб ализай қабиласи аъзоси саналади.

“Pajhwok” ахборот агентлиги хабар беришича, Толибоннинг айрим аъзолари Кобул губернатори, разведка бошлиғи, ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи ва молия вазири вазифасини бажарувчи каби лавозимларга тайинланган.

Қандай бошқарув тузилмаси шакллантирилмасин ва толиблар ҳукуматида раҳбарлик лавозимларига кимлар ўтирмасин, Ҳошимийнинг бир нарсага ишончи комил: Афғонистон демократия бўлмайди.

“Демократик тизим бўлмайди, чунки бизнинг мамлакатимизда унинг пойдевори йўқ. Биз Афғонистонда сиёсий тизимнинг қайси турини жорий этишимиз кераклигини муҳокама ҳам қилмаймиз, чунки бу саволнинг жавоби маълум. Бу шариат қонуни бўлади, вассалом”, деган Ҳошимий.

XS
SM
MD
LG